Ўзбекистон | 10:49 / 03.03.2021
18177
3 дақиқада ўқилади

Когон шаҳрида янги «тўртлик» иш бошлади. Аввалги раҳбарлар президент танқидига учраганди

Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида янги ҳоким, янги прокурор, янги ИИБ бошлиғи ва янги бош солиқчи иш бошлади.

Бугун, 3 март куни халқ депутатлари Когон шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги хабар бермоқда.

Сессияда сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов Когон шаҳри иқтисодий салоҳияти билан вилоятда алоҳида ўринга эгалиги, хусусан, савдо, хизмат кўрсатиш ва саноатга ихтисослашган ҳамда транспорт логистикаси учун қулай транзит ҳудудлардан бири эканлигини алоҳида таъкидлади. Бироқ, сўнгги йилларда секторлар раҳбарлари томонидан шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш, инфратузилма ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳолатини яхшилашга етарлича эътибор қаратилмагани қайд этилди.   

Сессия кун тартибида ташкилий масала кўрилди. Ботир Зарипов 2018 йилдан бери Когон шаҳрига раҳбарлик қилиб келган Ҳаким Ҳошимовни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорни ўқиб эшиттирди. Депутатлар томонидан Когон шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб Ҳаёт Давлатов номзоди тасдиқланди.

Ҳаёт Давлатов 1979 йилда Пешку туманида туғилган. Маълумоти олий, 1999 йилда Санкт-Петербург давлат университетини, 2006 йилда Бухоро давлат университетини ҳамда 2011 йилда президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Мутахассислиги-менежмент, иқтисодчи. 

У иш фаолиятини Бухоро вилояти монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармасида оддий назоратчи сифатида бошлаб, Бухоро вилояти ҳокимлиги иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Бухоро вилояти қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш консалтинг маркази директори, Бухоро вилояти Инвестиция бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. Шу вақтга қадар Бухоро вилояти қурилиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Когон шаҳрининг қолган учта сектор раҳбарлари - шаҳар прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ҳам лавозимидан озод этилган эди. Сессияда ушбу лавозимларга ҳам янги раҳбарлар тайинланганлиги маълум қилинди. Жумладан, Когон шаҳар прокурори лавозимига Содиқжон Жўраев тайинланди.

С.Жўраев 1982 йилда Ғиждувон туманида туғилган. Маълумоти олий, 2004 йилда Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган.  Мутахассислиги - ҳуқуқшунос. Мазкур лавозимга Когон туман прокурорининг ўринбосарлигидан ўтказилган. 

Когон шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимига Азизбек Ражабов тайинланди. 

А.Ражабов 1977 йилда Ромитан туманида туғилган. Маълумоти олий, 1999 йилда ИИВ Академиясини, 2007 йилда ИИВ Академияси Олий академик курсини тамомлаган. Мутахассислиги - ҳуқуқшунос. Подполковник. Мазкур лавозимга Бухоро вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари - мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи лавозимидан ўтказилган.

Когон шаҳар ДСИ бошлиғи лавозимига Алишер Латипов тайинланди. 

А.Латипов 1987 йилда Ғиждувон туманида туғилган. Маълумоти олий, 2008 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Мутахассислиги - суғурта иши. Мазкур лавозимга Шофиркон туман ДСИ бошлиғининг ўринбосарлигидан ўтказилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид