Ўзбекистон | 14:16 / 04.03.2021
4787
3 дақиқада ўқилади

«Биз қўйган саволларга ҳукуматнинг аниқ жавобларини кўрмадик» — Сенат қўмитаси

 Бугун, 4 март куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси ўтказилди. Унда Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар муҳокама қилинди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Қўмита йиғилишида ёшларнинг тиббий маданияти сустлиги, никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар бериш сўралди.

Мажлисда Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳаммедова никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови ва қўмитанинг ҳукумат жавобидан қониқмагани, шунингдек, у қайта кўриб чиқиш учун яна юборилгани хусусида гапириб ўтди.

Дилором Тошмуҳаммедова

Маълумки, Оила кодексига мувофиқ никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиш ҳажми ва тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Шу мақсадда, 2003 йил 23 августда ҳукуматнинг «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 365-сонли қарори қабул қилинган.

Бироқ, никоҳдан олдинги тиббий кўрикдан ўтишда тизимли муаммолар мавжудлиги, ёшларнинг муносабати жиддий эмаслиги, тиббий кўриклар формал ўтказилиши, шифохоналарда тегишли мутахассислар ҳамда моддий-техника базаси етарли эмаслиги келгусида оилалар мустаҳкамлигига ҳамда туғилаётган фарзандлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

«Ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича низомни қайтадан кўриб чиқиш ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида ҳукумат ўз фикрини билдирди. Бир қатор вазирликларга ушбу жараённи такомиллаштириш, жараёнга электрон тизимни жорий этиш бўйича топшириқлар берилган.

Шу билан бирга, биз қўйган саволларга ҳукуматнинг аниқ жавобларини кўрмадик. Шу сабабли, қўмитамиз жавобдан қониқмаганини билдирди ва бошқа бир қатор топшириқлар берилди. Хусусан, низомни тайёрлашда ёшларни қийнаётган ташкилий масалаларга эътибор бериш, жойларда техника, мутахассис етишмаслиги каби муаммоларни бартараф этиш, марказий поликлиникаларда махсус тиббий кўрик ўтказиладиган кунларни белгилаш каби жиҳатларга эътибор қаратишни сўрадик.

Бундан ташқари, четдан қандай таклифлар бўлса, биз қабул қилишга тайёрмиз, қарор ҳозирда лойиҳа тарзида турибди. Уни 12 март куни очиладиган ялпи мажлисга муҳокамага киритамиз», дея таъкидлади Сенат қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳаммедова.

2020 йил ноябрида никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига сўров юбориш ҳақида Сенат қарори қабул қилинганди

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид