Ўзбекистон | 08:16 / 04.03.2021
2987
2 дақиқада ўқилади

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг сайтида қандай ахборотлар жойлаштирилиши лозимлиги аниқлаштирилди

Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарининг расмий веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: lequid

Norma’нинг ёзишича, ушбу Низом устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилиши мажбурий бўлган ахборотга қўйиладиган талабларни белгилайди.
 
Қуйидаги ахборотлар жойлаштирилиши лозим:

  • корхонанинг асосий йўналишлари ва мақсадлари;
  • устав фонди (устав капитали) ва уни тақсимлаш;
  • корхона устави;
  • корхонанинг ташкилий тузилмаси, таркибий бўлинмалари, филиаллари, ваколатхоналари, давлат номидан мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функцияларини бажарувчи вазирликлар ва идоралар, шунингдек, улуши бўлган корхоналар номи, улар жойлашган манзили ва боғланиш учун телефон рақами, электрон почта манзили ҳамда уларнинг иш тартиби тўғрисидаги маълумотлар;
  • корхона раҳбарлари (директор ёки бошқарув раиси ва ўринбосарлари) тўғрисидаги маълумотнома ахборот;
  • корхонанинг аффилланган шахслари ва якуний манфаатдор шахслари (бенефициарлари) рўйхати ва бошқалар.

Шунингдек ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот даврининг кейинги ойи давомида қуйидаги ахборотлар жойлаштирилади:

  • бизнес-режа ижроси ҳолати тўғрисида ва ривожланиш стратегияларида назарда тутилган дастурларнинг натижалари тўғрисидаги ахборотлар;
  • бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботлар;
  • харидлар тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан импорт эвазига харидларнинг тўлиқ рўйхати ва уни амалга ошириш зарурати ҳамда уни қисқартириш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисидаги асосланган ахборотлар;
  • корхона бошқарув органлари томонидан ўтказилган умумий йиғилишда қабул қилинган қарорлар.

Расмий веб-сайтда қуйидаги асосий функциялар жорий этилиши мажбурий ҳисобланади:

  • излаш;
  • мобил қурилмалар учун соддалаштирилган дизайнли корхона расмий веб-сайти версияси;
  • имкониятлари чекланган шахслар учун қўшимча қулайликлар яратиш (контрастни қўшимча қилиш, шрифтни катталаштириш, овоз ва бошқа функциялар);
  • жамоатчилик фикрини ўрганиш ва корхона фаолиятига тегишли масалаларни муҳокама қилиш воситалари (онлайн сўровлар, блоглар, форумлар);
  • ташрифларни ва статистикани назорат қилиш воситалари.

Мавзуга оид