Ислом суғуртаси бўйича Ўзбекистондаги биринчи пилот лойиҳа – «APEX TAKAFUL»нинг тақдимоти ўтказилди
2021 йил 3 март куни Hilton Tashkent City анжуманлар залида, республика суғурта бозорида жадал ривожланаётган «APEX INSURANCE» МЧЖ суғурта компанияси ташкилотчилигида «Ўзбекистонда Ислом молияси ва такафул» мавзусидаги кенг кўламли анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрда Олий мажлисга қилган мурожаатида Ўзбекистонда Ислом молияси хизматларини жорий қилиш вақти етиб келганлиги тўғрисида белгиланган вазифалар, ўз навбатида мавзуга оид долзарб ва муҳим аҳамиятга эга бўлган тадбир ўтказилишини тақозо этди.
Вазирликлар ва агентликлар, халқаро молия институтлар, дипломатик корпус ва бизнес ҳамжамият, шунингдек етакчи банклар, суғурта, лизинг ва инвестицион компанияларнинг вакиллари иштирокида ўтказилган анжуманда Ислом тараққиёт банки, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси, «AlHuda CIBE» Ислом банкинги ва иқтисодиёти Марказининг халқаро экспертлари амалий тажрибаси билан бўлишишди ва молия соҳасининг янги тармоғини ривожланиш салоҳияти ва умумий истиқболларини таҳлил қилишди.
Тадбир давомида «APEX TAKAFUL» номли ислом суғуртаси бўйича Ўзбекистондаги биринчи пилот лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа доирасида ишлаб чиқилган исломий суғурта маҳсулотлари бўйича «AlHuda CIBE» Ислом банкинги ва иқтисодиёти Марказидан мувофиқлик сертификати ҳамда Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво бўлимининг ижобий хулосалари олинган.
«APEX INSURANCE» Матбуот хизмати