Ўзбекистон | 19:42 / 09.03.2021
8980
3 дақиқада ўқилади

Британча штамм, карантин ва COVID марказлари тақдири – ССВ мавжуд эпидемиологик вазият бўйича изоҳ берди

Сўнгги пайтларда коронавирус инфекцияси тарқалиши кўпаяётгани, карантин чоралари кескин кучайтирилиши мумкинлиги, «британча» штаммни жиловлаш оғир бўлаётгани ҳақида гап-сўзлар кўпайиб қолди.

ССВ матбуот котиби Фурқат Санаев

Вазиятга изоҳ олиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев билан боғландик.

– Республикадаги эпидемиологик вазият барқарор ва кун сайин яхшиланиб бормоқда. Бундай ваҳимали хабарларда бирор асос йўқ. Масалан, 2021 йил 8 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 80 247 кишини ташкил қилса, айнан шу куни аниқланган беморлар 28 нафар бўлган. Яъни, бу эпидемиологик вазият мураккаб даврларга нисбатан ўнлаб маротабагача кам.

Бу 80 247 нафар бемордан 78 939 нафари, яъни 99 фоизи тузалган. Бугунги кунда ҳисобот бўйича 686 нафар коронавирус аниқланган бемор мавжуд бўлиб, шундан 292 нафари стационар шароитда, 394 нафари уй шароитида даволанмоқда.

– COVID марказлари фаолиятига ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Республикада коронавирус инфекцияси бўйича вазият энг чўққига чиққанида беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 159та даволаш профилактика муассасаси фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарор ҳолатга келгани натижасида республика бўйича жами 7та (Андижонда 1та, Наманганда 1та, Сурхондарёда 1та, Фарғонада 1та, Хоразмда 1та, Тошкент шаҳрида 2та) шифохонада даволаш ишлари олиб борилмоқда. 7та муассасада жами 1 015 нафар бемор даволанмоқда. Шундан 723 нафар бемор пневмония ва бошқа белгилар билан даволанмоқда.

– Ёпилган марказларнинг келгуси фаолияти нима бўлади?

– Маълумки, бундай марказларнинг аксарияти мослаштирилган муассасаларда эди ва улар яна ўз фаолиятига қайтарилди. Шунингдек, айрим шифохоналарнинг бошқа касалликларни даволаш бўлимлари эгалланганди, улар ҳам олдинги ихтисослиги бўйича ишлай бошлади. Айнан коронавирусга қарши қурилган марказлар консервация қилиб турилибди. Сабаби, биз келгусида эпидемиологик вазият қандай бўлишини билмаймиз ва ҳар қандай ҳолатга шай бўлишимиз керак.

– Британча штаммнинг тарқалиши қандай кечяпти?

– Британча штамм коронавируснинг бир тури, холос. Биз нафақат бу штаммни, балки бошқаларини ҳам ўрганяпмиз, лозим бўлганда даволаяпмиз. Энг муҳими, бу штаммларнинг тарқалиши ва даволаш усулида айтарли фарқлар йўқ, шу боис ортиқча мураккаблик туғдирмаяпти.

 Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид