Ўзбекистон | 19:06 / 09.03.2021
6602
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Туркия делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон-Туркия кўп қиррали муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари олий даражадаги мунтазам мулоқотлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва уни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилаётганини мамнуният билан қайд этди.

Мавлуд Човушўғли самимий қабул учун Ўзбекистон президентига миннатдорлик билдирди  ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг саломи ва самимий тилакларини етказди.

Суҳбат чоғида ўтган йил февраль ойида Анқара шаҳрида ўтган Стратегик ҳамкорлик кенгашининг давлат раҳбарлари даражасидаги биринчи йиғилишида эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда навбатдаги саммитни мамлакатимизда ўтказишга тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий соҳада ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида мамлакатимизда янги инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Фаол ҳудудлараро мулоқотни ривожлантириш, қўшма таълим ва маданий-гуманитар дастурларни илгари суришдан иккала мамлакат ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Халқаро сиёсат ва минтақавий шериклик, жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Мавзуга оид