Вакцинациянинг «ножўя таъсири»: «Спутник V» Словакия ҳукуматини пароканда қилиш арафасида
Словакия бош вазири ҳукуматдаги ҳамкорлари билан маслаҳатлашмасдан «Спутник V» вакцинасини харид қилиш бўйича қарори инқироз келтириб чиқарди. Айни дамда ҳукмрон коалицияни тарқатиб юбориш хавфи бор, бош вазир эса вакцинани Россияга қайтариб юбориш ҳақида ўйламаяпти.
Россиянинг «Спутник V» вакцинаси Словакияда ҳукумат инқирозига сабаб бўлиши мумкин: бош вазир Игор Матовичнинг ҳукмрон коалициядаги ҳамкорлар билан маслаҳатлашмасдан Россия билан ушбу вакцинани етказиб бериш бўйича келишиб қўйгани ҳукуматни пароканда қилиш арафасида.
Бош вазир ҳазил сифатида вакцина учун Россияга Украина ғарбидаги Закарпатье областини бадал сифатида бермоқчилигини айтиши эса дипломатик низо келтириб чиқарди ва аввал Словакия ташқи ишлар вазирлиги, кейин ҳукумат узр сўрашга мажбур бўлди. Матович эса вакцинани Россияга қайтармоқчи эмас.
«Спутник V»нинг бемаслаҳат олиниши
«Спутник V» вакцинасининг март ойи бошларида Словакияга етиб келиши жосуслар ҳақидаги фильмларни эслатиб юборади. Ғира-шира тонгда бортига вакцина юкланган ҳарбий юк самолёти Кошице шаҳри аэропортига келиб қўнди. Аэропортда самолётни мамлакат бош вазири Игор Матович ва маҳаллий ОАВ вакиллари кутиб олишди.
Ичидаги «Спутник V» деб ёзилган поддонлари бор самолёт фюзелажининг дум қисми ёнида турган ҳолда Словакия бош вазири мамлакатга ҳозиргина Россиядан 200 минг дозада «Спутник V» вакцинаси етиб келганини эълон қилди. Расмий Москвага «тезкор ва ўз вақтида етказилган» вакцина учун миннатдорчилик билдирар экан, Матович Россия қийин кунларда суянса бўладиган ишончли ҳамкор эканини исботлаганини алоҳида таъкидлади.
Ҳукумат раиси ва ҳукмрон «Оддий одамлар ва мустақил шахслар» партияси раҳбарининг бу чиқиши сиёсий резонанс келтириб чиқарди ва тўрт партиядан иборат ҳукмрон коалициянинг тарқаб кетиш хавфини юзага келтирди. Мамлакат президенти Зузана Чапутова ва Матовичнинг коалиция бўйича ҳамкорлари бош вазирни улар билан маслаҳатлашмасдан, Евроиттифоқ ва НАТОга аъзо мамлакат бўла туриб ва ҳали Евроиттифоқ ҳудудида рўйхатдан ўтмаган препарат учун Москвадан 2 миллион дозада вакцина сотиб олишга аҳдлашганини танқид қилишди.
Ушбу матбуот анжуманидан бир неча соат ўтиб, Словакия бош вазири ўринбосари – «Халқ учун» коалицион партияси етакчиси Вероника Ремишова Матовичнинг айтганларини абсурд деб атади ва коалициядан чиқиб кетишни истисно қилмади. Унинг партиядоши, Европа сиёсий қўмитаси раиси Томас Валашек эса коалициядан чиқишини маълум қилди.
«Ҳарбий самолётда сирли парвозлар. Синалмаган вакцина. Путинга яқин сирли ўртакаш. Бош вазир европалик ҳамкорларга тупурди», деб ёзади Валашек фейсбукдаги саҳифасида. Унинг сўзларига кўра, Словакия Венгриядан кейинги «шармисорлик залига кирган» иккинчи давлат бўлди. Венгрия «Спутник V»ни тасдиқдан ўтказган ва сотиб олган Евроиттифоқдаги илк давлат бўлган эди.
Украина билан дипломатик низо
Мамлакатдаги сиёсий инқироздан бир неча кун ўтиб, Украина билан дипломатик низо содир бўлди – асосий фигурант яна Словакия бош вазири. 3 март куни Radio Express’га берган интервьюсида бошловчининг саволларига жавоб берар экан, ҳазил аралаш Россияга вакцина учун «Украина Карпати»ни ваъда қилди. У дарҳол ҳеч нарса ваъда қилмагани ва Россия ҳам ҳеч нарса сўрамаганини қўшимча қилди. Бироқ бош вазирнинг ўхшамаган ҳазили расмий Киевнинг ғазабини қўзғади.
Украина ТИВ нота жўнатиб, Матовичнинг сўзларини қоралади ва «мотив, жанр ва контекстдан қатъи назар Словакия ҳукуматининг раҳбарининг гаплари Украинанинг ҳудудий яхлитлигига тўғридан тўғри дахл қилиши ҳамда мутлақо номақбул экани ва украин-словак муносабатларининг дўстона ва яхши қўшничилик атмосферасига путур етказиши»ни маълум қилди.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба эса Словакияга Россия вакцинаси учун ўз регионларидан бирини беришни таклиф қилди. «Ўзининг нодуруст гаплари билан Украина ва Словакия ўртасидаги фавқулодда дўстона ва самимий муносабатларга рахна солиши жудаям қайғули», деб ёзган Кулеба Твиттерда.
Нехай обміняє на кілька регіонів Словаччини. Прикро, що своїми некоректними висловлюваннями словацький прем’єр псує надзвичайно дружні та щирі відносини між Україною та Словаччиною. https://t.co/xB48xPzX90
— Dmytro Kuleba (@DmytroKuleba) March 3, 2021
Бош вазирнинг ноўрин сўзлари учун Словакия ташқи ишлар вазири Иван Корчок узр сўради. Кейинроқ Матовичнинг ўзи ҳам беўхшов ҳазили учун кечирим сўраб чиқди. «Украинанинг яхлитлиги борасида Словакиянинг позицияси доим аниқ бўлган. Халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга мажбурмиз. Барча украиналиклардан уларнинг адолатли уринишларини ерга уриши мумкин бўлган ўринсиз реакциям учун узр сўрайман», деган у.
Словакия Россия вакцинасидан воз кечмайди
Словакия Вазирлар Маҳкамаси Россия вакцинасини сотиб олишни муҳокама қилди. Ташқи ишлар вазири Иван Корчок «Спутник V» вакцинасини гибрид уруш қуроли деб атади. «У бизни уйимизда хонавайрон қилади, Европа Иттифоқида ҳам хонавайрон қилади», дейди Словакия ТИВ раҳбари.
Словакия иқтисодиёт вазири, «Эркинлик ва бирдамлик» партияси етакчиси Ривард Сулик Вазирлар Маҳкамаси таркибини алмаштиришни таклиф қилди, акс ҳолда ҳукумат ўз ишини давом эттира олмайди.
Denník N газетасига берган интервьюсида Сулик янада кескинроқ гапирган: у бош вазир Матовични «қизил чизиқ»ни босиш ва гарданига юклатилган вазифани уддалай олмаганликда айблади.
«Биз бундай руҳда давом эта олмаймиз. Биз пандемия билан кураша олмаслигимиз аён. Бош вазир деярли барчани ўзига қарши қайраб қўйди: ОАВни ҳам, президентни ҳам, коалициядаги ҳамкорларни ҳам ва албатта жамиятни ҳам», дея Суликдан иқтибос келтиради Bloomberg агентлиги.
Ўзига нисбатан бўлаётган танқидлар бўронига қарамай Игор Матович ишлаб чиқарувчи таклиф қилганига биноан вакцинани Россияга қайтариб юборишни ўйлаётгани йўқ. «Спутник Россияга учмайди ва Словакиядаги одамлар ҳаётини қутқаради. Ростини айтганда, мен ҳеч қачон қайтариб юборишга йўл қўймасдим. Ҳеч қачон!» дея ёзган бош вазир фейсбукдаги саҳифасида.
У шунингдек, «гибрид уруш инструменти», «Россиянинг геосиёсий қуроли» ва бошқа «шармисорлик зали» каби «қичқириқлар» Москва вакцинани ҳеч қандай санкцияларсиз қайтариб олишга тайёр эканини билдирганидан сўнг тиниб қолганини қистириб ўтди. Матович Словакия «Европа Иттифоқининг ажралмас қисми» бўлиб қолишини таъкидлаб, «Россияда ишлаб чиқарилгани учунгина одамлар ҳимояси учун сифатли вакцинадан воз кечилмаслигини таъкидлаган. «Мен қотил эмасман», дея гапига якун ясаган у.
Ҳозирда Словакия ҳудудида коронавируснинг британча штамми жуда кенг тарқалиб боряпти. Феврал ойи ўрталарида мусбат чиққан тестларнинг 71 фоизини айнан шу штамм ташкил қилган. Ўшанда Польша, Венгрия, Чехия ва Словакия Евроиттифоққа мурожаат қилиб, иложи борича кўпроқ вакцина етказиб берилиши ва Европада бошқа препаратларни рўйхатдан ўтказишни тезлаштиришни сўраганди. Саналган препаратлар орасида «Спутник V» ҳам бор эди.
Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳам бу борада чиқиш қилган. «Вакцина Ғарбники ё Шарқники бўлмайди, фақат самардори ё самарсизи бўлади», деб баёнот берганди у.
Игор Матович уни қўллаб-қувватлаб «саломатлик ва инсонларни ҳимоя қилиш геосиёсат билан боғлиқ бўлмаслиги кераклиги ҳамда вирус Ғарб ё Шарққа қараб танлаб ўтирмаслиги»ни айтганди.
Матович умумевропа муаммосига айландими?
Словакияда ҳукуматдаги коалиция тарқаб кетиш хавфи ҳануз сақланиб қолмоқда. Агар коалициядан бир партия чиқиб кетса парламентдаги устунлик сақлаб қолинади. Икки партия чиқиб кетган тақдирда, устунлик бой берилади. Қолган икки партия мамлакат президенти, ўзининг мулоҳазакорлиги ва вазминлиги билан танилган, Словакиядаги энг муҳтарам сиёсатчи Зузана Чапутовага ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Катта эҳтимол билан у коалициядаги ҳамкорларни келиштиришга уриниб кўради.
Бироқ коалициянинг бутунлай тарқаб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас: Матович кутилмаган баёноти ва ишлари билан парламент аъзоларининг аксарини ўзига қарши қилиб қўйди. Яқиндагина Матович фейсбукка иқтисодиёт вазири Ричард Суликни журналист-тадқиқотчи Ян Куциякнинг қотиллигида айблаб пост қўйганди. Пост шунчалик мантиқсиз эдики, уни ҳатто Куциякнинг отаси ҳам рад этиб чиқди.
Бош вазирнинг баёнотлари ҳатто партиядошларини ҳам ғазаблантирмоқда. Собиқ теннисчи, ҳозирда Матович билан партиядош бўлган Ян Крошлак фейсбукда «Матовичнинг ҳурматсизларча, фитна қўзғовчи ва болаларча берган баёнотлари»ни ва «унинг ўзгаларга қаратилган ҳақоратомуз ҳужумлари, хатти-ҳаракатлари ва агрессив бошқарув усули»ни танқид қилган. «Кўзгуга қараб қўйиш мавриди келди, жаноб бош вазир. Мен тушунтириш беравериш ва эркин бир одамни ҳимоя қилаверишдан чарчадим», дея сўзларига якун ясаган Крошлак.
Кўплаб кузатувчилар Матовични Словакиядаги фалокат, мамлакат учун ҳам, Европа бирлиги учун ҳам хавф деб ҳисобламоқдалар. «Бир неча кун аввалгина Матович ўзини словак муаммоси сифатида намоён қилган бўлса, «Спутник V» вакцинасини сотиб олиб, у умумевропа муаммосига айланди», дейди публицист ва ёзувчи Михаил Хворецкий.
Мавзуга оид
14:22
Париж: Украина Россия ҳудудига SCALP ракеталари билан зарба йўллаши мумкин
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024