Жамият | 18:59 / 09.03.2021
7660
6 дақиқада ўқилади

Ёшлар иттифоқи ташкилоти ҳомиладор аёлларни ишдан ғайриқонуний бўшатган. Суднинг ишга тиклашга оид қарорлари ижро этилмаяпти

Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи Лазиза Аллаёрова Ёшлар иттифоқи туман кенгашидан қонунга зид равишда бўшатилган. Суд қарори бўлса-да, у ҳамон ишга тиклана олмаяпти.

«2017 йил сентябрдан буён Ёшлар иттифоқи Косон туман Кенгашида ташкилий кадрлар, ахборот-таҳлил масалалари бўйича етакчи мутахассис лавозимида ишлаб келар эдим.

6 ойлик ҳомиладор бўлишимга қарамасдан туман Кенгашининг 2020 йил 29 августдаги фармойишига асосан мен билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 97 ва 100-моддаларига асосан, штат жадвали қисқаргани важи билан бекор қилинди», дейди Лазиза Аллаёрова Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

У бу тизимда 12 йилдан буён ишлаб келаётгани, жамоада ва туман ёшлари ўртасида обрў-эътиборга эгалиги, ишдан Меҳнат кодексига зид равишда бўшатилгани ва ишсиз қолиши ўзи, қолаверса, ҳомиласига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳамда руҳан эзилиб, моддий ва маънавий зарар кўраётгани сабабли 2020 йил 21 сентябр куни Фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро судига ишини тиклаш ва маънавий зарарни ундириш мақсадида даъво аризаси билан мурожаат қилганини айтди.

Маълум бўлишича, даъво ариза ФИБ Чироқчи туманлараро судида кўриб чиқилиб, 2020 йил 22 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра Лазиза Аллаёровани ишга тиклаш, мажбурий прогул даври учун 5,8 млн сўм ҳақ ва 1 млн сўм маънавий зарарни ундириш белгиланган.

  • Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 237-моддасига кўра ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Аммо, Косон туман Мажбурий ижро бюроси 4 ойдан буён суд қарори ижросини таъминлай олмаяпти. Kun.uz мухбири ўзини «Шуҳрат» деб таништирган МИБ ходими билан боғланганида, у бу ишни вилоят МИБ ҳал этиши мумкинлиги, Косон туман МИБ бу бўйича судга жавоб хати юбораётганини таъкидлади.

«Шу кунга қадар Косон туман Мажбурий ижро бюроси ходимлари бир неча марта ўзгарди. Шу боис мени ишга тиклашга оид ижро ҳаракатлари таъминланмади. МИБ туман бўлими мендан ижро варақасини ўз хоҳишим билан қайтариб олишимни сўради», дейди Л.Аллаёрова.

Масала юзасидан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Дилшод Усмонов ҳам изоҳ берди.

«Ушбу ҳолатда суд ижросини таъминлай олмайман. Туманларда 1 нафар ходим учун штат ажратилган. Ёшлар иттифоқи ходимлари Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилгани сабабли қисқартирилган. Туман Кенгаши штатлар жадвали қисқаргани сабабли Меҳнат кодексининг 97-, 100-моддаларига асосан ишдан бўшатилган. Ташкилотимиз республика кенгаши томонидан молиялаштирилиши сабабли моддий зарарни тўлашга ҳам имкониятимиз йўқ. Ушбу ҳолат бўйича амалий ёрдам сўраб марказий кенгашга хат юборганмиз», дейди Дилшод Усмонов.

Қонунчилик бунга нима дейди?

«Судлар тўғрисида»ги (янги таҳрири) қонуннинг 5-моддасига кўра, суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.

Меҳнат кодексининг 111-моддасига кўра эса, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим.

Иттифоқ ва унинг ҳудудий тузилмалари тугатилмагани, фақатгина мавжуд штат бирликлари оптимизация қилингани инобатга олинса, Л.Аллаёровани ишга тиклашга оид суд қарорини ижро этмаслик ғайриқонунийдир.

МИБнинг «баҳона»лари қонунга хилоф – таъсир механизмлари ишга солиниши лозим

Фуқаролик процессуал кодексининг 266-моддаси ва «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 30-моддасига кўра, суднинг меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги қарори дарҳол ижро этилиши керак.

Қонунга кўра, ижро ҳаракатлари ва ижро ҳужжатининг талаблари ижро ҳужжатининг ихтиёрий ижро этилиши учун белгиланган муддат тугаган кундан эътиборан кўпи билан икки ой муддат ичида давлат ижрочиси томонидан амалга оширилиши ва ижро этилиши керак.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-1-моддаси иккинчи қисмига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан кўп миқдордаги суммани ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатининг ушбу ҳужжатнинг ихтиёрий равишда ижро этилиши учун белгиланган муддатда қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаслиги ёки қарздорнинг зиммасига муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжатининг давлат ижрочиси белгилаган муддатда қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаслиги — мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фақат қонунларнинг ушбу нормаларини қўллашга МИБ ходимида хоҳиш ва истак бўлиши керак.

Бу иттифоқ тизимида қонун бузилаётган ягона ҳолат эмас

Қарши туманидан Марҳабо Раупова ҳам таҳририятга худди шундай мазмунда мурожаат йўллаган.

Маълум бўлишича, даъво ариза ФИБ Қарши туманлараро судида кўриб чиқилиб, 2020 йил 12 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра Марҳабо Рауповани иттифоқнинг Қарши туман кенгашига ишга тиклаш, мажбурий прогул даври учун 4,7 млн сўм иш ҳақ ва 3,1 млн сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.

Мазкур масалани Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Ёшлар ишлари агентлиги назоратига олишига умид билдириб қоламиз.

Ўролжон Камолов, Kun.uz мухбири.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид