Ўзбекистон | 10:40 / 11.03.2021
5270
4 дақиқада ўқилади

ФҲДЁ органларида иш юритиш тартибига ўзгартириш киритилади

Адлия вазирининг “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, Ўзбекистон консуллик муассасалари ҳамда дипломатик ваколатхоналари консуллик бўлимлари гербли гувоҳномалар билан, эҳтиёжига қараб, Тошкент шаҳри учун тайёрланган сериядаги гербли гувоҳномалар ҳисобидан Ташқи ишлар вазирлиги орқали таъминланади.

Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармасида гербли гувоҳномаларни ФҲДЁ органларига (агентликнинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасида Ташқи ишлар вазирлигига ҳам), ФҲДЁ органларида эса ҚФЙларга тарқатиш дафтарлари юритилади. Қоғоз шаклидаги дафтарлар рақамланган, ип ўтказиб тикилган ва агентлик ҳудудий бошқармаси раҳбари ёки ўринбосари томонидан унинг фамилияси, исми, отасининг исми ва сана кўрсатилган ҳолда имзоланиб, муҳрланган бўлиши лозим.

Гербли гувоҳномалар Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармасидан тўғридан тўғри ФҲДЁ органлари раҳбарларига, улар вақтинча бўлмаганида (хизмат сафари, меҳнат таътили, касаллик ва ҳ.к.) тегишли буйруқ билан улар вазифасини бажариш вақтинча юклатилган ходимга Гербли гувоҳномаларни тарқатиш дафтарига юк хати талабномаси асосида лавозими, фамилияси ёзилиб, имзо қўйдирган ҳолда топширилади ва бу ҳақда электрон ахборот тизимига маълумот киритилади. Юк хати талабнома билан берилган гербли гувоҳнома бланкалари сарф қилинганидан кейин ҳисобдан чиқарилади.

ФҲДЁ органлари томонидан Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармасидан гербли гувоҳномаларни қабул қилиб олишда комиссия аъзолари иштирокида ҳар бир гувоҳнома ўрами алоҳида очилган ҳолда текшириб кўрилади. Гувоҳномалар етишмаслиги ёки нуқсонлар борлиги (ҳимоя катаклари ва босма матн йўқлиги ёки бузилгани, тартиб рақамлари такрорийлиги ёхуд бошқа сериялар ёки тартиб рақамлари бўлган, нотўғри шрифтли, нотўғри кесилган ва нотўғри шаклли, серия ва тартиб рақамлари йўқ бўлган ёки ўрам ёрлиғига бошқача тарзда номувофиқ бўлган гувоҳномалар) аниқланган тақдирда, комиссия томонидан икки нусхада далолатнома тузилади ва шу куннинг ўзида агентликка махсус хабар юборилади. Далолатнома биринчи нусхаси ўрам ёрлиғининг ксеронусхаси билан агентлик ҳудудий бошқармасида қолдирилади. Далолатнома иккинчи нусхаси нуқсонли гувоҳномалар чиққан ўрам ёрлиғи, нуқсони бор гувоҳномалар илова қилинган хат билан уч кун ичида агентликка жўнатилади. Бунда далолатнома иккинчи нусхаси ўрам ёрлиғи ва нуқсони бор гувоҳномалар билан “Давлат белгиси” ДИЧБга юборилади.

Агентлик ҳудудий бошқармасидан қабул қилинган гербли гувоҳномалар ФҲДЁ органлари томонидан ва ФҲДЁ органларидан қабул қилинган гербли гувоҳномалар ҚФЙлар томонидан шу куннинг ўзида улар ҳисобга олиниши, сарфланиши ва сақланиши учун масъул шахс томонидан кирим қилинади.

ФҲДЁ органида гербли гувоҳномалар ҳисобга олиниши, сарфланиши ва сақланиши учун масъул шахс ўзгарган ҳолларда гербли гувоҳномаларни ва уларнинг ҳисобот ҳужжатларини қабул қилиш-топшириш ишлари агентлик ҳудудий бошқармаси раҳбарининг ўринбосари иштирокида амалга оширилади ва бу ҳақда икки нусхада далолатнома тузилган пайтдан бошлаб гербли гувоҳномаларни ҳисобга олиш, сақлаш ва сарфлаш масъулияти янги масъул ходим зиммасига юклатилади. Далолатнома бир нусхаси ФҲДЁ органида, иккинчи нусхаси агентлик ҳудудий бошқармасида сақланади.

Шунингдек, 16 ёшдан ошган, тиббий муассасадан ташқарида ва тиббий ёрдамсиз туғилган болага нисбатан тиббиёт муассасаси томонидан туғилганлик ҳақидаги маълумотнома расмийлаштирилмаган шахсларнинг туғилганини қайд этиш суд ҳал қилув қарори асосида амалга оширилади.

Агар бола 16 ва ундан катта ёшда бўлса ва унга нисбатан тиббиёт муассасаси томонидан расмийлаштирилган туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома мавжуд бўлса, унинг туғилиши ота-она ёки улардан бири ва вояга етган боланинг аризасига кўра қайд этилади.

Мавзуга оид