Фан-техника | 13:33 / 11.03.2021
10864
2 дақиқада ўқилади

Google хорижлик YouTube блогерлардан солиқ ушлаб қолишни бошлаши мумкин

YouTube эгаси бўлмиш Google АҚШ ҳудудида рекламадан даромад қиладиган хорижлик блогерлардан 30 фоизгача солиқ ундиришни режалаштираётганини маълум қилди.

Фото: Reuters

Компания 2021 йилнинг июн ойидан бошлаб бошқа давлатларда яшайдиган YouTube блогерлардан АҚШ фойдасига солиқ ундиришни бошлаши ҳақидаги хабар 10 март куни Google сайтида чиқди.

Хабарда солиқ АҚШ ҳудудида томоша қилинган видео ичига жойланган рекламадан тушган даромаддан олиниши кўрсатилган. Компания бу қарорни АҚШ солиқ қонунчилиги ўзгаргани билан изоҳлади. Янги солиқчиликка кўра эса, АҚШда томоша қилинган видеолар орқали олинган даромаддан солиқ тўланиши керак.

Май охиригача блогерлар тегишли солиқ маълумотларини (шу жумладан, YouTube Premium реклама томошасидан, суперчат ва ҳомийликдан тушган даромад ҳақида) AdSense компаниясига (Google’да реклама сотишга масъул) тақдим қилишлари лозим. Солиқ ставкаси 0 фоиздан 30 фоизгача бўлиши мумкин. Агар давлатлар ўртасида икки томонлама солиққа тортишдан воз кечилган бўлса, унда солиқ ставкаси 0 фоиз бўлади.

«Бир қатор давлатларнинг мамлакат ҳудудида интернет платформалардан олинаётган даромадларга солиқ солиши фонида Google’нинг янги сиёсати ғоятда табиийдир», дейди Jason & Partners Consulting компаниясининг ТВ ва контент директори Дмитрий Колесов.

Мавзуга оид