Жамият | 15:55 / 11.03.2021
3602
3 дақиқада ўқилади

Инновацион ривожланиш вазири Хитой вакцинасига ҳаммуаллифликдан кўзланган мақсад ҳақида гапирди

Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасининг яратилиши ва вакцинага ҳаммуаллифлик қандай наф келтириши ҳақида гапирди.

Маълум қилинишича, вазирлик ва Хитой фанлар академиясининг Микробиология институти олимлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шу ҳамкорлик доирасида бевосита вакцина синовларининг 1-2 фазаларида кузатувчи сифатида ўзбекистонликлар ҳам иштирок этишган. Хавфсизлик нуқтайи назаридан бутун дунёда вакциналар яратиш жараёнини очиқламаслик кўзда тутилган эди. Ўзбекистон ҳам бу шартномаларга имзо чеккан.

«Келишув асосида биз ҳам бу тадқиқотга қўшилдик. Шундан сўнг 2020 йилнинг ноябр ойида бу вакциналар юртимизга олиб келиниб 3-фаза клиник тадқиқотлари амалга оширилди. Бундай тадқиқот Ўзбекистонда илк марта ўтказилди ва бу биз учун тажриба бўлди. Ушбу амалиётда Вирусология илмий тадқиқот институти ҳамда вазирлик қошидаги Илғор технологиялар марказидан 30дан ортиқ олимлар, 112 нафардан ортиқ шифокорлар кузатувчи бўлиб иштирок этишди.

Вакцина яратиш бўйича тадқиқотлар Хитой билан параллел равишда Ўзбекистон, Индонезия, Эквадор ва Покистонда ҳам ўтказилди. Таққослаганда бизда жуда яхши натижалар кўзга ташлангач Хитой давлати томонидан вакцина яратилишида муаллиф сифатида Ўзбекистон ҳам тан олинди», дейди Иброҳим Абдураҳмонов.

Вазирнинг таъкидлашича, аввалдан имзоланган шартномага кўра ҳаммуаллифликдан Ўзбекистонга қуйидаги имкониятлар кузатилиши мумкин:

  1. Ўзбекистонга имтиёзли равишда биринчи ўринда вакцинанинг етказиб берилиши (ҳар қандай шароитга қарамасдан);
  2. Ўзбекистонда вакцина ишлаб чиқаришни ва тижоратлаштиришни йўлга қўйиш мумкин.

«Бутун дунёда вакцина ишлаб чиқараётган давлатларнинг дунё аҳолисини таъминлай олиш имкони йўқ. Республикамизда катта миқдорда ушбу вакцинага эҳтиёж бор. Бу вакцинани яратишда муаллифлик ҳуқуқи биринчилардан бўлиб олиб келиш имкониятини яратади. 15 мартга қадар 1 млн дозадан ортиқ ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси келтирилиши режалаштирилган», деган вазир.

Аввалроқ, Ўзбекистонга март ойи давомида 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси олиб келиниши ҳам маълум қилинган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид