Ўзбекистон | 17:36 / 11.03.2021
10846
2 дақиқада ўқилади

Судьялар олий кенгаши Жиззах судларидаги мантиқсизликлар ҳақида ёзилган мақолага муносабат билдирди

2021 йилнинг ўзида Судьялар олий кенгаши қарори билан 9 нафар судьяга нисбатан интизомий жазо чораси қўллашга рухсат берилган, бир нафар судьянинг ваколати муддатидан аввал тугатилган.

Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши Kun.uz’да эълон қилинган “Танқиддан сўнг. Олий суд Жиззах қуйи судларидаги мантиқсизликка чек қўйди. Аммо... ” номли мақола юзасидан муносабат билдирди.

Кенгаш матбуот хизмати қайд этишича, қуйи суд ҳужжатларининг қонуний, асосли ва адолатлилигига фақат юқори инстанция cуди томонидан баҳо берилади. Шунингдек, Р.Аҳатовнинг даъво аризаси юзасидан чиқарилган суд қарорлари ҳозирда кучда экани, унга фақат Олий суд ҳуқуқий баҳо бериш ваколатига эгалиги, мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, низо Олий судда кўриб чиқилганидан кейингина унинг натижасига қараб Судьялар олий кенгаши ишни кўриб чиққан судья(лар)нинг хатти-ҳаракатлари масаласида ўз нуқтайи назарини билдириши мумкин.

Кенгаш муносабатида мақола муаллифининг: “...қарор қабул қилишда қўпол хатоларга йўл қўйган судьялар билан Судьялар олий кенгаши қандайдир тушунтиришлар олиб борадими? Бу ҳақда жамоатчиликка ҳисоб берадими?” мазмунидаги саволларига ҳам тўхтаб ўтилган.

Маълум қилинишича, Судьялар олий кенгаши қарор қабул қилишда қўпол хатоларга йўл қўйган, шунингдек одоб-ахлоқ кодексини бузган судьялар билан тегишли тартибда иш олиб бормоқда ва бу ҳақда  жамоатчиликка мунтазам ахборот бериб келмоқда.

Муносабатда 2021 йилда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган хабарлар ҳақида маълумотлар келтирилади.

Бундан ташқари, Судьялар олий кенгашининг таҳририятга йўллаган муносабатида 2020 йилда судьялик қасамёди ва одоб-ахлоқ қоидаларини ҳамда одил судловни амалга оширишда қонун талабларини қўпол равишда бузган 12 нафар судья тизимдан четлатилгани (улардан бири жиноий жавобгарликка тортилган), 2021 йилнинг ўтган даврида Судьялар олий кенгаши қарори билан 9 нафар судьяга нисбатан интизомий жазо чораси қўллашга рухсат берилгани, бир нафар судья ваколати муддатидан аввал тугатилгани айтилган.

Мавзуга оид