Ўзбекистон | 10:38 / 11.03.2021
2558
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ҳокимининг барча қарорлари ягона электрон тизим орқали қабул қилинади

Адлия вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, бу тизим қабул қилинган ҳоким қарорларини ноқонуний ўзгартириб қўйиш ёки қалбакилаштириш имкониятига барҳам беради ва қарор лойиҳасини ишлаб чиқишдан бошлаб қабул қилишгача бўлган барча жараёнлар адлия органлари томонидан мониторинг қилиб борилади.

Адлия вазирлиги томонидан ҳоким қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон «E-qaror» тизими ишлаб чиқилди. Вазирликнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ушбу тизим Тошкент вилояти ҳокимлигида ишга туширилган ва 9 март куни вилоят ҳокимининг биринчи электрон қарори «E-qaror» ягона электрон тизими орқали қабул қилинди.

Шунингдек, ушбу тизим 2021 йил 1 июлдан республикадаги барча ҳокимликлар фаолиятига жорий этилиши маълум қилинди.

Адлия вазирлиги тизим қуйидаги афзалликларга эгалигини билдирди:

Қонунийлик ва қонун устуворлиги таъминланади

  • қабул қилинган ҳоким қарорларини ноқонуний ўзгартириб қўйиш ёки қалбакилаштириш имкониятига барҳам берилади;
  • ҳоким қарори лойиҳасини ишлаб чиқишдан бошлаб қабул қилишгача бўлган барча жараёнлар адлия органлари томонидан мониторинг қилиб борилади;
  • тизимга барча вазирлик ва идоралардан турли экспертизалардан ўтказилган 100га яқин ҳоким қарорларининг намуналаридан фойдаланиш имконини беради.

Ҳокимлар фаолиятида шаффофлик кучайтирилади

  • «E-qaror» электрон тизими орқали қабул қилинган ҳар бир қарорга e-qaror.gov.uz сайтида такрорланмайдиган махсус рақам берилади ва автоматик тарзда эълон қилинади;
  • ҳокимликнинг норма ижодкорлиги жараёни устидан жамоатчилик назоратини ўрнатилади.

Соҳага ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади

  • ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган қарорларни келишиш, рўйхатга олиш ва уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш жараёнлари электрон тарзда амалга оширилиши меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади.

Фуқароларнинг жамоатчилик назоратидаги ўрни ва роли ошади

  • фуқароларнинг маҳаллий норма ижодкорлиги жараёнида фаол иштироки таъминланади;
  • ҳокимликлар томонидан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари поймол қилинишига чек қўйилади;
  • ҳокимлик томонидан коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган қоидалар ва нормалар ўрнатилишининг олди олинади.
Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид