Жаҳон | 21:04 / 11.03.2021
6077
2 дақиқада ўқилади

Европанинг яна икки давлатида AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш тўхтатилди

Аввалроқ Австрия ва Данияда AstraZeneca компаниясининг коронавирусга қарши вакцинаси билан эмлаш вақтинча тўхтатилганди.

Фото: REUTERS / Sergio Perez

Дания ортидан Норвегия ҳам фуқароларни AstraZeneca компаниясининг коронавирусга қарши вакцинаси билан эмлашни тўхтатди. Бу ҳақда Норвегия соғлиқни сақлаш миллий институти матбуот хизмати хабар берди.

«Данияда AstraZeneca вакцинаси билан эмланганидан сўнг ўлим ҳолати юз бергани тўғрисидаги хабар муносабати билан Норвегия эмлашни тўхтатиб туришга қарор қилди», — дейилади хабарда.

Институтнинг санитар назорат бўйича директори Гейр Буҳолмнинг сўзларига кўра, ҳукумат даниялик фуқаронинг ўлими ва вакцина орасида боғлиқлик бор-йўқлиги тўғрисидаги маълумотни кутади.

 Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, эмлашнинг тўхтатилиши келгусида AstraZeneca вакцинасидан фойдаланилмаслигини билдирмайди.

 Шунингдек, Италия дори воситалари агентлиги (AIFA) ҳам эҳтиёт чораси сифатида мамлакатда AstraZeneca вакцинаси билан эмлашни вақтинча тўхтатиб туришга қарор қилди.

11 март куни Дания соғлиқни сақлаш ва дорилар бўйича бошқармаси қарорига мувофиқ мамлакатда AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш вақтинча тўхтатилди. Ушбу вакцина билан эмланганларда қон қуюқлашиши юз бергани тўғрисидаги хабарлардан сўнг мазкур қарор қабул қилинган. Ана шундай хабарлардан бирида эмланган фуқаро вафот этгани айтилган.

Ўтган ҳафтада Австрияда бир киши вафот этиб, иккинчиси оғир аҳволга тушганидан сўнг AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш тўхтатилганди.

Мавзуга оид