Жаҳон | 16:11 / 12.03.2021
6068
2 дақиқада ўқилади

Словакия соғлиқни сақлаш вазири "Спутник V" билан боғлиқ можаро ортидан истеъфога чиқди

Аввалроқ коалиция таркибидаги икки партия ҳукуматда қолиш шарти сифатида соғлиқни сақлаш вазирининг истеъфосини талаб қилганди.

Марек Крайчи / Фото: DPA/ТАСС

Словакия соғлиқни сақлаш вазири Марек Крайчи бош вазир Игор Матович ҳукмрон коалиция розилигисиз Россия билан "Спутник V" вакцинаси етказиб берилиши бўйича келишувга эришганлиги сабабли юзага келган ҳукумат инқирози фонида истеъфога чиқди.

"Мен истеъфога чиққан кун ҳукумат истеъфосига сабаб бўлишини хоҳламайман. Кўринмас душманга қарши оғир курашда қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат", - деб ёзди у Facebook саҳифасида.

Аввалроқ коалиция таркибидаги икки партия ҳукуматда қолиш шарти сифатида соғлиқни сақлаш вазирининг истеъфосини талаб қилганди. 

 Бош вазир Матович Крайчига қилган меҳнатлари учун миннатдорлик билдирди ва унинг истеъфосини "тарихдаги энг бемаъни истеъфо" деб атади.

Мамлакат президенти Зузана Чапутова ва Матовичнинг коалиция бўйича ҳамкорлари бош вазирни улар билан маслаҳатлашмасдан Евроиттифоқ ва НАТОга аъзо мамлакат бўла туриб ва ҳали Евроиттифоқ ҳудудида рўйхатдан ўтмаган препарат учун Москвадан 2 миллион дозада вакцина сотиб олишга аҳдлашганини танқид қилишганди.

Бош вазир ҳазил сифатида вакцина учун Россияга Украина ғарбидаги Закарпатье областини бадал сифатида бермоқчилигини айтиши эса дипломатик низо келтириб чиқарди ва аввал Словакия ташқи ишлар вазирлиги, кейин ҳукумат узр сўрашга мажбур бўлди. Матович эса вакцинани Россияга қайтармоқчи эмас.

Мавзуга оид