Ўзбекистон | 09:39 / 13.03.2021
19936
7 дақиқада ўқилади

«Дипломим йўқ бўлганда ҳам мақсадимга эриша олар эдим» – Facebook’да ишлаётган андижонлик йигит билан суҳбат

Нуриддин Иминохунов 22 ёшда. У 1998 йил Андижон вилояти, Асака шаҳрида туғилган. АҚШда Global UGRAD тўлиқ гранти ғолиби. Ҳозирда «Pro Unlimited» Facebook компаниясида «Product growth specialist» (Маҳсулот ривожланишига масъул мутахассис) лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Нуриддин «Осмондаги болалар» лойиҳасига берган интервьюсида қандай қилиб Facebook компаниясига ишга киргани, «StartUp»ларни ривожлантириш ва IT соҳаси қийинчиликлари ҳақида гапириб берди.

Фан - бу фақат китобда ўқиган нарсамиз эмас...

Global UGRAD дастурида 4 ой давомида АҚШдаги Миссисипи университетида ўқиганман. Шу вақт давомида 4-5та фанни ўқиган бўлсам, менга энг ёққан томони - бизнинг дарсларимиз энг охирги технологиялар асосида ўтилар эди, масалан, ўша вақтда дунёда iOS’нинг энг охирги версияси 10-версия бўлса, бизнинг дарсларимиз ҳам ана шу 10-версия асосида ўтилган. Ўша нарса менга жуда катта мотивация берган, яъни фан фақат китобдаги ўқиган нарсамиз эмас, ҳаётда кўрган нарсамиз ҳамдир, қаердадир ишлатган нарсамизга ҳам тааллуқли бўлган. Китоб бошқа, ҳаёт бошқа бўлмаган. Шу Америкадаги ўқув тизимининг менга энг ёққан томони бўлган.

Facebook’га ишга таклиф қилишганида аввалига ишонмагандим

Бир кун LinkedIn тармоғидан бир ҳинд одам «Эй йигит, Facebook'да ишлайсанми?» деб ёзиб қолди. Бошида шубҳали туюлган, охирида пул сўрайди, деб ўйлаганман. Кейин резюме топширдим, ишга кириш учун талаблар катта, камида 7 йил иш тажрибаси сўралар эди. Бошида ишонқирамай гаплашдим, чунки иш тажрибам бир ярим йил эди. Кейин ўша ҳинд билан телефонда гаплашдик, резюмеда ёзилган маълумотларни яна бир бор ўзимдан сўраб, текшириб олди. Кейинги босқичда компания масъул ходими билан «phone interview» бўлган, яъни компания қидираётган одам билан шу одам бир-бирига тўғри келадими ёки йўқми, деб текширди. Ҳозирда бирга ишлайдиган менежерим, британиялик одам суҳбат қилган, кейинги босқичда ҳам яна шу менежер билан энди соҳага оид суҳбат бўлган. Охирги босқичда «onside interview» бўлиши керак эди, пандемия бўлмаганда номзод Facebook'нинг қайсидир офисига чақириларди ва юзма-юз суҳбат бўларди, яъни «product manager interview». Бунда 4та нарса текширилади: биринчиси - Facebook'ни ривожлантиришга қанчалик қобилияти бор, иккинчиси - аналитика билан ишлаш қобилияти, учинчиси - лидерлик қобилияти, тўртинчиси - лойиҳани қандай қилиб охиригача олиб бориши. Интервью қийин бўлди, лекин натижасини кутиш ундан ҳам қийинроқ бўлди. Якунда мен ва яна бир номзоднинг натижалари тенг бўлиб қолди. Энди яна бир қўшимча суҳбат бўлишини айтишди, бу сафар Бразилиянинг Сан-Пауло шаҳрида яшайдиган ҳозирги ҳамкасбим билан суҳбат бўлди. Интервью зўр ўтди, ўзимга ёқди, унинг жавобини ҳам яна тахминан бир ойча кутдик ва якунда Facebook'га қабул қилинганимни айтишди ва 1 августда ишга олиндим. Ҳозирдаги вазифам Ўрта Осиёда Facebook, Instagram ва WhatsApp’нинг ўсишини таъминлаш, аҳоли менталитети ва табиатидан келиб чиққан ҳолда, мос функцияларни ишлаб чиқиш ва муаммоларни бартараф этишдан иборатдир.

Университет ягона тўғри йўл эмас, йўллардан бири

Ҳозирги ёшлар фақат диплом олиш учун эмас, ота-онаси айтгани ёки ҳамма шу ишни қилгани учун ҳам университетда ўқиётган бўлиши мумкин. Лекин бунинг сабабига қизиқсак, менинг ўзимда ҳам қийналган жиҳатим қизиқишимни топиш бўлган, ўзим ҳам IT’нинг кўп соҳаларида ишлаганман. Ёшларни, тенгдошларимни кўп кузатаман, уларда қизиқиш йўқ. Улар фақат Instagram, TikTok'да ўтирса-ю, осон пул келса ёки осон иш қилиб зўр бўлиб кетса, китоб ўқимасдан, ўрганмасдан зўр бўлиб кетсам, дейдиганлари бор. Тез натижага эришишга турли йўллар қидиришади. Тез бой бўлиб кетиш, тез зўр бўлиб кетиш, ишга таниш-билиш билан кириб кетишни хоҳлашади, яъни охирги мақсадга эришишнинг осон йўлларини қидиради. Шунга ўқишни ўқийдими ёки йўқми, қизиқ бўлмай қолади. Ёшларда аниқ бир мақсад йўқ, диплом бўлса иш топишим осонлашади, деб ўйлайди. Ўзи асосий мақсад иш топиш эмас-ку, тўғрими? Ишлашдан мақсад фойдали ва манфаатли иш қилиш, инсониятга фойдаси тегиш, муаммоларни ечиш бўлиши мумкин.

Дипломим бўлмаганда ҳам бу муваффақиятга эриша олардим

IT’да дипломнинг ўрни бор, қачондир керак бўлиши мумкин. Мен ўзим ҳам ўқиганман, диплом олганман. Лекин дипломим бўлмаганда шу натижага эриша олармидим дейилса: ҳа, балки эриша олардим. Университетда диплом учун эмас, бошқа фойдалари учун ўқиганмиз, билим бу энг катта қисми, бундан ташқари, танишлар, платформа, ресурслар жиҳатидан университет бизга кўп нарсани берган. Умуман, комплекс муаммоларнинг ечими сифатида университетга қараса бўлади. Агар ёшлар контракт тўлашга қурби етса ёки грантга киришга имконияти етса, университетда ўқиши керак. Университет катта йўналиш берадиган, яхши одамларни топадиган, каттароқ натижаларга эришиш мумкин бўлган жой. Дипломнинг ўрни бор, лекин дипломсиз ҳам бу натижаларга эришса бўлади, фақат бироз қийинроқ бўлиши мумкин ва йўлдан айланиб ўтишга тўғри келади.

Ҳозир нимададир зўр бўлган одамлар қачондир шу соҳада «loser» бўлган

Мен ҳам қачондир кўп нарсаларда хато қилганман. Агар инсон комфорт зонадан чиқиб, нолдан бошлаб ҳаракат қилсагина ўсади, комфорт жойда қолиб кетса, янгиликлар қилиб кўрмаса ўша қобиғида қолиб кетиши мумкин. Агар мен ҳам дастурлашдан бошқа «product manager»ликка ўтсам, ойлигим 1000 доллардан 300 долларга тушиб қолади деб қўрққанимда, шу жойимда қолиб кетганимда, балки ҳозир Facebook'да ишламаётган бўлар эдим. Комфорт зонада секин ўсасиз, бу кимларнидир қониқтиради. Лекин агар бир марта қўрқмасдан бошқа йўналишга сакрасангиз, даражали тез ўсиб кетиши мумкин. Бизда кўпчиликни қолипга тушириб қўйишади, одамлар атрофдагиларнинг гап-сўзидан қўрқиб ўсишдан тўхтаб қолади. Сал ўйлашимиз керак, бирор одам нимагадир қизиқдими, атрофдагилар гап-сўзидан қўрқмасдан қилиши керак. Шундагина муваффақиятга эриша олади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид