Жаҳон | 15:40 / 13.03.2021
8602
2 дақиқада ўқилади

Пентагон Афғонистондан қўшинларнинг олиб чиқиб кетилишини хавфли деб ҳисобламоқда

Мудофаа вазирлигининг огоҳлантиришича, Афғонистонни 1 майгача хавфсизликни таъминлаган ҳолда тарк этиш учун вақт етарли эмас.

Фото: Global Look Press/U.S. Air Force

АҚШ мудофаа вазирлигининг айрим вакиллари 1 майгача Афғонистондан Америка қўшинларининг олиб чиқиб кетилишини жуда хавфли ва муаммолар келтириб чиқаради деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб The Washington Post газетаси хабар берди.

 Раҳбариятнинг фикрича, қўшинларнинг олиб чиқиб кетилиши мамлакатда фуқаролар уруши келиб чиқиши, АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши терактлар уюштирилиши ва мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашишига олиб келиши мумкин.

Мудофаа вазирлигининг огоҳлантиришича, Афғонистонни 1 майгача хавфсизликни таъминлаган ҳолда тарк этиш учун вақт етарли эмас.

 Нашрнинг аниқлик киритишича, ҳарбийлар самолётларда олиб чиқиб кетилиши мумкин, аммо қўшинларнинг олиб чиқиб кетилиши миллионлаб долларлик махфий қурилмалар йўқ қилинишини талаб қилади. 

 Бундан ташқари, Вашингтон маъмуриятидаги амалдорнинг сўзларига кўра, "Толибон" қатор мажбуриятларини бажармади ва ҳали ҳам "Ал-Қоида" террорчилик ташкилоти билан ҳамкорлик қилмоқда.

Аввалроқ Афғонистон бўйича тадқиқот гуруҳининг вакили ҳисоботида президент Жо Байден маъмуриятига 2021 йил май ойигача Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқиб кетилишини кечиктириш тавсия қилинганди.

2020 йил 29 февралда Доҳада АҚШ маъмурияти ва "Толибон" ўртасида тинчлик келишуви имзоланганди. Унга кўра, АҚШ, унинг иттифоқчилари ва коалиция 14 ой ичида Афғонистондан барча қўшинларини олиб чиқиб кетиш мажбуриятини олганди. Толиблар ўз навбатида мамлакат ҳудудидан АҚШ ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланмасликка кафолат берганди.

Мавзуга оид