«ТАТУда фақат бир семестр ўқидим, кейин...» — Amazon’да дастурчи-муҳандис бўлиб ишлаётган йигит ҳикояси
“Мактабни битириб, ТАТУга ўқишга кирганман, бир семестрлик ўқишдан сўнг менга кўпроқ янгилик бера оладиган атмосферада ўзимни синаб кўришни хоҳлаганман ва Жанубий Кореяга кўчиб келганман. Бу менинг глобал оламга қўйган илк қадамим бўлган”, дейди Amazon компанияси ходими Бекназар Абдикамолов.
У ҳозир 28 ёшда, шу пайтга қадар бакалавр ва магистратурани тугатган, дастурлаш бўйича бир неча йиллик тажрибага эга кадр.
Канадада фаолият юритаётган, мигрантлар учун ҳуқуқий маслаҳатлар беришга ихтисослашган Immigration shop лойиҳаси муаллифи Раҳмат Собиров Amazon компаниясида дастурчи-муҳандис бўлиб ишлаётган ўзбекистонлик Бекназар Абдикамолов билан суҳбатлашди. Дастур бошловчисининг қайд этишича, дастурчи-муҳандислик Канадада талаб юқори бўлган мутахассисликлардан бири ҳисобланади.
Бекзод дастлаб Жанубий Кореяда компьютер илми ва математика мутахассислиги бўйича таълим олади. Кореяда унинг илк иш фаолияти бошланади, веб дастурлар ва мобил иловалар билан боғлиқ илк стартапларини амалга оширади. Кореядаги 9 йиллик ҳаётдан сўнг Amazon’да ишлаш учун Канаданинг Ванкувер шаҳрига келади. У ҳозир 28 ёшда, шу пайтга қадар бакалавр ва магистратурани тугатган, бир неча йиллик тажрибага ҳам эга бўлган.
Кичиклигимдан келажакда ким бўлишим аниқ эди...
Ўсмирлик йилларимдан компьютер илмини ўрганишга қизиққанман. Кодлашни ўрганиш учун жуда кўп шуғулланганимдан бу кўриш қобилиятимга ҳам таъсир қилган ўшанда. Юқори синфларни математика ва инглиз тилига ихтисослашган мактабда ўқиганман, инглиз тили ва математикадан турли олимпиадаларда қатнашганман. Менда келажакка нисбатан катта мақсадлар бор эди, келгусида яхши нарсаларни ўйлаб топишни, кўп нарсага эришишни хоҳлаганман.
Кўпчилик кичик ёшидан келажакда ким бўлиши, қаерда ўқиши ҳақида ўйлайди, турлича режалар қилади. Лекин мен болалигимданоқ ким бўлишимни яхши билардим: компьютер соҳасига оид касбни танлашим аниқ эди. Бошқа касб ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаганман.
Мен учун энг яхши тўлов
Илк ишлатган компьютерим дадамнинг иш компьютери эди. Монитори жуда катта, олдида процессори алоҳида қўйилган эски авлод компьютери... Ўша компьютердан илк бор фойдаланиб, техникага меҳрим тушган.
Уйда эса шахсий компьютерим йўқ эди. Онамнинг ишхонаси уйимизга яқин бўлган. У ерда компьютер борлиги сабаб кўп бориб турардим. Бундан ташқари, онамнинг офиси билан битта бинода индустриал йўналишдаги аудит фирмаси ҳам жойлашганди. Мен у ердаги ходимларга интернетдан қандай қилиб фойдаланиш, файлларни юклаб олиш, маълумотлардан фойдаланишни ўргатардим. Улар бунинг учун пул тўламаган, лекин эвазига интернетдан фойдаланишга рухсат берган. Бу менинг учун энг яхши тўлов эди.
ТАТУда бир семестр ўқиганман, кейин...
Мактабни тугатгандан сўнг Тошкент ахборот технологиялари университетига ҳужжат топширганман. Бу ерда фақатгина бир семестр ўқидим, холос. Мен кўпроқ янгилик бера оладиган атмосферада ўзимни синаб кўришни хоҳладим ва Жанубий Кореяга кўчиб келдим. Бу менинг глобал оламга қўйган илк қадамим бўлган. Жанубий Кореяда Улсан миллий фан ва технология институтида ўқишни давом эттирганман.
Тил билиш жуда муҳим
Инглиз тилини мақсадларимга эришиш йўлидаги кўприк сифатида қабул қилганман. Кўпчилик инглиз тилини давлат ОТМга кириш имтиҳонлари учун ўрганади ёки “IELTS имтиҳонида 7 олишим керак”, деган кучли босим билан дарс қилади. Менда инглиз тилини ўрганиш эса бироз бошқачароқ бўлган. Бу тилни жияним билан бирга ўрганганман, у билан турли қизиқ гаплар тузардик, кайфиятимизни кўтаришга ҳаракат қилардик.
Инсондаги қобилиятларни инглиз тилида гуруҳлайдиган бўлсак, улар 2 хил характерланади: soft skills ва hard skills. Soft skills шахснинг ҳамкорлари, ҳамкасблари, ходимлари билан мулоқот қила олишини ҳам англатади. Ҳозир бу турдаги қобилият жуда муҳим бўлиб бормоқда. Hard skills эса турли кўникмаларга эга бўлиш, масалан, қайсидир дастурда ишлай олиш, кодлаш кўникмасига эга бўлиш кабиларни англатади.
Бу борада инглиз тили ва бошқа тилларни билиш жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Жанубий Кореяда ўқиган ва ишлаган пайтларим корейс тилини билишим жуда яхши эмасди. Шунинг учун ҳамкасблар билан мулоқот қилишга қийналганман ва ўзимни ажралиб қолгандек ҳис қилганман. Тўғри, ўзимга тегишли ишларни қила олардим, кодлаш, маълумотлар яратиш ҳеч нарса эмасди, бироқ бошқалар билан эркин гаплаша олмас, фикрлаша олмасдим.
Шунинг учун менинг қатъий хулосам: тил билиш инсоннинг ўзи бўлиб турган атмосфера билан бирга бўлиши ва шахсий ривожланиши учун жуда муҳим.
Amazon’га қандай келганим ҳақида
Бу бироз узоқ давом этган жараён. Жанубий Кореяда стартап лойиҳалари билан ишлаб юрган пайтимда Amazon компаниясининг LinkedIn’да кўрсатилган профиллари орқали боғланганман. Бошқаларга ҳам LinkedIn’да профил очишни маслаҳат берган бўлардим. Сабаби, бу тармоқ орқали потенциал иш берувчилар билан боғланиш мумкин. Amazon компанияси мен билан ўтган йили январ ойида боғланди. Улар менга “Сизни махсус жамоага олмоқчимиз ва бу жамоа ҳақида маълумот берамиз, сиз Amazon’да ишлашни хоҳлайсизми?” деган мазмундаги e-mail хабари юборганди. Менинг жавобим эса, албатта, “ҳа” эди.
Сўнг улар мендан онлайн имтиҳон олишган. Бунга 3 соат вақт ажратилган ва бу муддатда мендан веб-сайтни баҳолаш, кодлаш кўникмасидан фойдаланган ҳолда ўз ечимларимни бериш сўралган, бундан ташқари, бир қанча тест ҳам ишлаганман. Бу менинг билимимни баҳолаш учун муҳим бўлган.
Кейинги босқичда эса қўнғироқ орқали шахсий саволлар беришган. “Ўзингизнинг энг катта муваффақиятингиз нима?” ва шунга ўхшаш саволлар. Бу билан компания шахсияти яхши, дунёқараши кенг ва лидерлик қобилиятига эга ходим олаётганига ишонч ҳосил қилиши керак бўлган.
Бундан кейинги босқичда эса муҳандис билан бир соатлик касбимга оид савол-жавоб бўлган, биргаликда кодлаш ишларини бажарганмиз. Имтиҳондан ўта олдим. Шундан сўнг мен Канадага кўчиб борганман.
Amazon ҳар доим яхши кадрлар олиш учун қизиқиш билдиради. Бундан ташқари, бутун дунёда дастурчи-муҳандисларга иш ҳар доим топилади. Лекин, энг асосийси, доим ўз устида ишлаш ва малака ошириб бориш.
Канадада иш топиш осонми?
Агар узоқ давлатдан бўлсангиз, Канадада иш топиш осон эмас. Масалан, мен ҳам Кореяда пайтим жуда кўп ишларга ариза топшириб кўрганман. Қарийб 90 фоизидан рад этилганим ҳақида хабарлар олганман. Бунга тайёр бўлиш лозим. Реалист бўлиш керак. Муҳими, буларга эътибор қаратиш эмас, балки олдинга қараб ҳаракат қилиш керак. Шунча одам ишини қандай қилиб топган, демак, йўли бор.
Фақат ҳаракат қилиш керак. Қайси давлатдан бўлишнинг аҳамияти йўқ. Ўзи ишлаб турган жойида кўпроқ ишлаш, турли лойиҳаларни амалга ошириш, шахсий ривожланиш устида ишлаш керак. “Мана бу компания учун мана шу проектни қилганман, мана шу ташкилот учун бунисини амалга оширганман”, деган ютуқлар эса резюмега қўшиб борилади. Бу инсоннинг фақатгина фойдасига ишлайди.
Қаерда таълим олиш эмас, қандай малакага эга бўлиш муҳим
Агар дастурлашга қизиқсангиз, имкон қадар тез ўрганишни бошланг. Онлайн маълумотлар ва видеолар орқали ҳам кўп нарса ўрганиш мумкин. Ўрганишни бошлаган қисмни босқичма-босқич ўрганаётганингиз ва ўртада ҳеч нарса қолиб кетмаётганига ишонч ҳосил қилиб боринг. Охирида эса ўрганганларингиз асосида бирор синов лойиҳани тайёрлаб кўринг.
Талабалик пайтимда ўрганган нарсаларимни имкон қадар амалиётда синаб кўришга ҳаракат қилардим. Дастурчи-муҳандис учун бу муҳим. Билимларни доимий равишда амалиёт билан мустаҳкамлаб бориш керак.
Четда жуда кўп компаниялар қаерда, қанча таълим олинганига қараб ўтирмайди. Улар қандай малакага эга экани ва қандай лойиҳаларни амалга оширганига қараб ходим танлайди, унга баҳо беради. Демак, асосийси таълим олганлик эмас, тажрибага эга бўлишдир.
Мавзуга оид
18:20 / 12.11.2024
“Муаммо – эринчоқлигимизда”: одамдаги стресс даражасини аниқлаш устида ишлаётган ўзбекнинг дастурчи қизи
10:07 / 28.06.2024
“Янги нарсани ўрганишга ўч бўлиш керак” – олдин Uber, ҳозир TikTok компаниясида ишлаётган ўзбек дастурчиси
15:31 / 18.05.2024
Нол бюджет билан ясалган ўзбекча ўйин — ёш дастурчилар “Шумтака”ни қандай ишлаб чиқди?
17:15 / 11.05.2024