Ўзбекистон | 16:54 / 15.03.2021
10512
12 дақиқада ўқилади

«Илм 70-йиллардаги ҳолатида қолиб кетган, инфратузилма оддий тажриба учун ҳам ярамайди» — 2020 йилнинг энг яхши ёш биолог олими билан суҳбат

Инновацион ривожланиш вазирлиги 2020 йил якунлари бўйича математика, биология, кимё ва геология фанларидан энг юқори рейтингга эришган ёш олимларни 100 млн сўмгача пул мукофоти билан тақдирлаган эди.

Kun.uz мухбири биология бўйича энг яхши деб топилган олимлардан бири Тоҳир Бозоров билан суҳбатлашди. Тоҳир Бозоров ҳозирда ЎзФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти илмий ходими сифати фаолият юритиб келмоқда.

У суҳбат давомида илм йўлидаги машаққатлари, бугунги кунда илм-фанга бўлаётган эътибор ва қарорлар, уларнинг амалдаги кўриниши, илм-фандаги ўзи кузатган камчиликлар, лабораторияларда зарур ускуналарнинг етишмаслиги ҳақида гапирди.

«Ўзим ҳақимда»

Ўзбекистон Миллий университети Биология-тупроқшунослик факультетида аввал бакалавр, сўнг магистр даражасини олиб, ФА Ўсимликлар экспериментал биологияси институтида аспирантурада, 2008-2012 йилларда Германиянинг Макс Планк номидаги жамиятнинг Кимё экологияси институтида докторантурада ўқидим.

Бу илмий муассаса илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича дунёда топ-3ликка киради. Бу жойда мен ўсимликларда ҳашаротларга бўладиган жавоб реакцияларни молекуляр даражада ўрганиш устида илмий иш қилдим.

Ҳимоядан кейин Ўзбекистонга келиб ўсимликларда метаболомика, молекуляр генетика ва биостатистика соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб бордим. 2016 йилда Хитой Фанлар академияси Шинжон Экология ва географияси институти таклифига билан у ерга бордим. Ўша йили Хитой Фанлари академияси президенти ташаббуси билан чет эл олимлари учун эълон қилинадиган бир нечта стипендияларни олишга муваффақ бўлдим. Аввал постдокторант, ассистент профессор ва ассошиэйт профессори каби лавозимларда ишлаб, илмий фаолият олиб бордим.

«Ўзбекистонда илм 70-йиллардаги ҳолатида қолиб кетган»

Ўзбекистонда илм-фан барча йўналишларда ХХ аср 70-йиллари ҳолатида турғун қотиб қолган. Барча соҳаларда: биология, кимё ёки физика бўладими, шу аҳвол.

Агар ўсиб бориш графигини тасаввур қилсак, ўтган асрнинг илм тараққиёти 70-80 йилларгача прогресс бўлиб ўсган, кейин эса тўхтаб қолгандай кўринади. Албатта, 80-йилдан ҳозирги даврга қадар олиб борилаётган илмий ишлар бор, лекин жуда паст даражада, дейиш мумкин.

Афсуски, олий таълимдаги дастурлар ҳам ўша давр тараққиётини қамраб олади. Олий таълимда ҳам шу илм асосида ўқитилади. Тўғри, яқин йиллардан бери таълим дастурларида қисман замонавий биология элементлари кўриняпти. Ҳозирги илм-фандаги ютуқлар, асосан ўтган 40 йилда дунё илм-фанида эришилган тараққиёт асосида эришиляпти. Бу эса дарсликлар ва илмий йўналишларни янгилашни тақозо этади.

«Менинг 6 «Ҳирш индекс»им илм-фан ривожланмаганини кўрсатади, аслида»

2020 йил натижаларига кўра, мен ва тиббиёт бўйича илмий иш қиладиган яна бир олим, иккимиз 40 ёшгача бўлган ёш олимлар орасида энг юқори рейтингга эга бўлдик. «Ҳирш индекс»имиз 6 чиқди ва мукофот соҳиби бўлдик. Аввало, бу эътирофдан хурсандман.

Лекин мазкур ёшдаги дунё олимларини қарасангиз, «Ҳирш индекс»и одатда 15дан юқори бўлади. Албатта, бунда ҳар бир соҳа бўйича турли хилдир. Бизнинг кўрсатган бу натижамиз аслида Ўзбекистонда илм-фан қанчалик ривожланганини ҳам кўрсатади.

Ўзбекистон бўйича биология соҳасида 40 ёшгача бўлган олимларда энг юқори кўрсаткич - 6, бу кўп ҳам қувонарли эмас. Бу биология ёш олимлар орасида ривожланмаганини, ривожланиш пастлигини кўрсатади. Тайван, Вьетнам, Таиланд, Беларус, Қозоғистон каби унча ривожланмаган давлатларда бу кўрсаткич анча юқори.

Ўтган йил ноябрдаги ҳолатга кўра, Scimago journals рейтинглар ҳисоблайдиган маълумотлар базасида Ўзбекистон 96 давлат ичида энг охирги ўринда турган эди. 2020 йилда бор-йўғи 441та мақола чиқарганмиз, бу жуда паст. Ўзбекистоннинг «Ҳирш индекс»и 94 бўлиб, бундан дунё давлатлари орасида 129-, Марказий Осиё давлатларида эса 2-, собиқ иттифоқ давлатлари орасида эса 12-ўринда эканимиз кўринади. Бу натижа Фанлар академияси, вазирликларга қарашли институтлар ҳамда университетлар — ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганда берилган илмий кўрсаткич.

Бизда илмий мақолалар чиқарилади, йўқ эмас. Лекин Ўзбекистондаги илмий журналлар кучли тақриз билан ёзилмайди, субъектив ёндашувга асосан фикр берилади, айрим ҳолларда мақола ёзган олим тақризини ҳам ўзи ёзиб келади. Биз «Ҳирш индекс»имизни оширишга ҳаракат қилсак, бу илм-фан илдамлайди, деган гап. Хорижда деярли барча илмий ходимлар «Ҳирш индекс»ига эга эканини кўриш мумкин. Бизнинг институт мисолида олсак, саноқли 8-9 нафар олимдагина «Ҳирш индекс»и бор, холос.

«Биология чегараланган соҳа эмас»

Биология бу ўсимлик ва ҳужайраларнигина ўрганиш билан чегараланган соҳа эмас. Жами тирик организмлар борки, биология объекти бўла олади. Ўз навбатида, кимёгарлар ҳам шундай фикрни айтади. Чунки жамики тирик организм кимёвий моддалардан иборат.

Ўсимлик, бактерия, замбуруғ, вируслар, инсонлар, ҳайвонлар — ҳаммаси биология оламига киради. Биология систематикасида улар гуруҳларга бўлиб ўрганилади: замбуруғлар олами, вируслар олами, ўсимликлар олами. Буларнинг ҳар бирини ўзига хос соҳа олимлари ўрганади. Лекин умумий қамровда ҳаммаси биология. Биология кимё ва физика фанлари билан чамбарчас боғлиқликда ўрганилади. Айниқса, фундаментал тадқиқотларда.

«Биологик тадқиқотлар қўл учида бажариб кетиладиган ишлар эмас»

Германияда мен ўсимликларда ҳашаротларга бўладиган жавоб реакцияларни молекуляр даражада ўрганишда кичик РНКларнинг ўрни устида илмий иш қилдим. Кичик РНКлар ўша пайтда илдам ва интенсив ўрганилаётган соҳалардан бири эди, ҳозирда бунинг ўрнини янги механизмлар эгаллади... Геном таҳрирлаш каби механизмларни ўрганиш илдам бўлиб боряпти.

Аввал бу кичик РНКларни ўрганиш нега керак бўлганди? Бунинг фундаментал аҳамияти жуда ҳам кучли, бу биология янги қирраларини очиб берди. У орқали инсон, ҳайвон ва ўсимлик организмидаги кераксиз бўлган генларни ўчириб қўйиш мумкин бўлди. Масалан, ген нокаут технологияси орқали инсонда саратонни келтириб чиқариш эҳтимоли бўлган ҳужайрани ўчириб, уларнинг камайишига таъсир этиш мумкин. Онкология соҳасида ҳам бу каби ишлар олиб борилган. Ўсимликларда бу технология билан янги навлар олиш ёки маълум исталмаган генни ўчириш орқали амалга ошириш мумкин. Бу қўл учида бажариб кетиладиган ишлар эмас, илмий таҳлиллар асосида бажарилади.

«Биология бўйича инфратузилма оддий тажриба ўтказиш учун ҳам талабга жавоб бермайди»

Ўтган йили президент томонидан математика, кимё, геология ва биология соҳаларини ривожлантириш бўйича илм-фан йўналишлари белгиланган эди. Лекин қуйи органларда бу борада бирор жиддий иш қилинганини кўрганим йўқ. Балки, ҳозиргача ҳам реализация жараёнидадир. Айтмоқчиманки, қарор чиқариляпти, лекин амалда кўринмаяпти, буни тан олиб гапириш керак.

Бизнинг институт кўпроқ биологияга йўналтирилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини биологик-генетик томондан таҳлил қиладиган институт ҳисобланади. Аввал қанча илмий лойиҳа олинган бўлса, ҳозир ҳам шу, сони ўзгаргани йўқ, қарор таъсири сезилмаганини шу жиҳатдан ҳам кўриш мумкин. Умуман олганда, илмга эътиборнинг энг яққол кўриниши ойлик маошлар оширилганида бўлди.

Агар давлатда фундаментал тадқиқотга эътибор берилдими, унинг амалий тадқиқоти ўз-ўзидан келиб чиқаверади. Дунёда фундаментал илмга икки хил ёндашув билан қаралади. Масалан, Хитойда фундаментал тадқиқотдан фойдали томонни ишлаб чиқишга йўналтирилади. Илмнинг мағзи бўлган соф фундаментал кашфиётлар қилиш кўпроқ Европа, АҚШ ва бошқа ғарб давлатларида ривожланган.

Илм-фанни ривожлантириш стратегиясини, асосан фундаментал тадқиқотларни кўпайтириш ҳисобига ишлаб чиқиш керак, бироқ бошида амалий ва инновацион лойиҳаларга эътибор қаратдик. Иқтисодиёт тараққиёти учун бу каби лойиҳаларга эътибор бериш керакдир, лекин буни кучли фундаментал база бўлсагина қилиш мумкин. Ўтган 30 йил мобайнида фундаментал тараққиёт ривожланмади, деб ўйлайман. Бу амалий ва инновацион лойиҳаларга замонавий ғоялар етказиб берилмаганини кўрсатди. Ҳар қандай ишлаб чиқаришга йўналтирилган илм-фан фундаментал тадқиқотлардан олинади.

Қарор таъсирини сезмаганимга яна бир мисол - институт моддий-техник базаси қандай бўлса, шу ҳолатда қолди. Инфратузилма абгор ҳолатда. Тан олиш керак, институтимиз эътиборталаб. Институт экспериментал йўналишда бўлгани учун кўпроқ инвестиция олиб кириш ва замонавий лабораториялар очиш керак.

Лабораториялар замонавий ҳолатда эмас. Икки хорижий давлат лабораториялари мисолида таққослаб бераман. Германиядаги Макс Планк институтида фундаментал тадқиқотлар учун 2010 йилда 2 млрд евро ажратилган. Бу жамият ўз ичига 80та институтни қамраб олади. Бунақа жамиятлар эса бир нечта. Шароит Германиядаги бошқа илмий тадқиқот институтларидан анча яхши. Четдан борган одам ҳайратда қолиши тайин. Кишида ғоя бўлса, исталганча тадқиқот қилиш мумкин.

Хитойда мен ишлаган институт лабораторияси Германиядагидек эмас, қиёсан ўртача лаборатория деб баҳоласа бўлади. Умуман олганда, бу жойда яхшигина илмий тадқиқотлар олиб бориш мумкин. Шуни генетика институтидаги ҳар қандай лаборатория билан солиштирсак, Хитой биз учун энг ривожланган бўлиб кўринади.

Биздаги инфратузилмани оддий тажриба ўтказиш учун ҳам талабга жавоб бермаслигидан билса бўлади. Институтимизда замонавий молекуляр биологик тадқиқотлар олиб борилиши, ген функцияси ўрганиш, молекуляр биологик ва молекуляр генетик анализлар, биотехнологик услублар ишлаб чиқишни биз ҳам хоҳлаймиз. Бу минтақамиз учун долзарб бўлган ўсимликларнинг шўрхокликка ва қурғоқчиликка чидамли-чидамсиз бўлган экотипларини ажратиб олиш, молекуляр генетикага асосланган уруғчилик, вируссиз кўчатларни етказиб бериш ҳамда бошқа ишлар учун имкон берар эди. Ҳозирги шароит билан бу ишларни қилиб бўлмайди.

«Қаерда шароити бор лаборатория бўлса, ўша жойда ишлайман»

Ғарбда бир хил ихтисослик бўйича ишлайдиган ва ҳар хил ихтисослик бўйича ишлайдиган олимлар бўлади. Масалан, биологиянинг турли йўналишларида тадқиқот олиб борадиган.

Мен ҳам молекуляр экология, экология, физиология, молекуляр генетика, генетика, микробиология каби йўналишларда ишлайман. Қаерда шароити бор лаборатория бўлса, ўша жойнинг илмини қила оламан.

Илмга ишлаб чиқариш нуқтайи назаридан қарар эканмиз, биринчи навбатда биотехнологик лабораториялар яратиш лозим. Бу бўйича ҳам мақолалар эълон қилганмиз. Биотехнологик лабораториялар қиладиган энг содда ишлардан бири - кўчатларнинг интенсив навларини яратиш. Масалан, хориждан писта, олма, ёнғоқларнинг интенсив навлари олиб кирилади. Валютани тежаб қолмоқчи бўлса, биотехнологик лабораторияни ривожлантириш, кадрлар тарбиялаш керак, чунки шу нарсани ўзимизда ҳам қилиш мумкин. Бундай лабораториялар ташкил қилиш бошқа молекуляр лабораторияларга нисбатан арзонга ҳам тушади.

Келажакдаги мақсадлар кўп. Молекуляр биологияга йўналтирилган бир лаборатория ташкил этиш асосий мақсадим, десам ҳам бўлади. Мен тақдим этган грант лойиҳа ўтмади, лойиҳа бўлмагандан кейин лаборатория ҳам йўқ дегани. Лекин тўхташ ният йўқ. Олий таълим муассасалари учун молекуляр биология дарслиги ёзишни ҳам режа қилганман.

 Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.

Мавзуга оид