Ўзбекистон | 13:01 / 15.03.2021
6913
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда Имом Бухорий меросига бағишланган халқаро анжуман бошланди

Самарқандда «Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти» мавзусида халқаро конференция бошланди. Унда, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Афғонистон Ислом Республикаси Иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий, Тожикистон Республикаси Ислом маркази раиси Саидмукаррам Абдулқодирзода ва бошқа бир қатор етук уламолар қатнашмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизматининг хабар беришича, конференцияни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов очиб берган ва меҳмонларни Самарқанд заминида кўриб турганидан мамнун эканини билдирган.

Қайд этилишича, кеча 14 март куни ҳар икки мамлакатдан келган делегация вакиллари Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳамроҳлигида Самарқанд вилоятидаги кўплаб тарихий қадамжолар билан бирга Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилган. Бундан ташқари, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ва Ҳадис илми мактабида бўлиб, бу ерда талаба ёшлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирган. Шунингдек, Мисрнинг Ал-Азҳар университети профессори Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон иштирокидаги машғулотлар ва дарс жараёнини кузатишган.

Ташриф доирасида меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази музейидаги экспонатлар, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази томонидан ҳадя этилган хаттотлик асарлари намуналарини кўздан кечирган.

Маълум қилинишича, халқаро анжуман қуйидаги мавзуларга бағишланади:

1️. Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари, афзалликлари;

2️. Имом Бухорий меросининг бугунги кундаги аҳамияти ва миллатлараро тотувликни таъминлашдаги ўрни;

3️. Марказий Осиё давлатларида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик, диний-миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ижобий янгиланишлар ва ўзгаришларни тарғиб қилиш.

Таъкидланишича, конференция давомида меҳмонларга дин ишлари қўмитаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси номидан эсдалик совғалари топширилган. 

Мавзуга оид