Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда ўқувчилар, талабалар ва ташкилотлар ходимларида вирус аниқланмоқда. Жойлардаги назорат тадбирлари қайта жорий этилди
Айни вақтда Тошкент шаҳрида кунига 2-3 минг киши тест қилинмоқда. Касаллик асосан, мактаб ўқувчилари, талабалар, ташкилот ва муассасалар ходимлари орасида кўпайган.
Тошкент шаҳрида карантин чора-тадбирлари назорати янада кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Малика Қудратхўжаева маълум қилди.
«Ҳозирги кунда бутун дунёда эпидемиологик вазият мураккаблигича қолмоқда. Ўзбекистонда ҳам сўнгги кунларда янги касалланиш ҳолатлари ошди. Карантин чораларига риоя этилмаслиги аҳоли орасида коронавирус инфекцияси тарқалиши кўпайишига олиб келади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази томонидан қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Шулардан бири лаборатор таҳлил намуналари олишдир. Ҳозирги кунда 47та мобил бригадалар мавжуд бўлиб, кун давомида 2 мингдан 3 минггача лаборатор намуналар олиб борилмоқда.
Текширувлар натижаси шуни кўрсатдики, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайган. Айниқса, мактаб ўқувчилари орасида, талабалар орасида, ташкилот-муассасалар ходимлари орасида кўпайгани кузатилди. Бу эса аҳоли томонидан, ташкилот ва муассасалар томонидан карантин чораларига амал қилинмаётганини кўрсатади. Яъни ўлчов воситаларидан фойдаланмаслик, касал бўлишига қарамасдан иш ва ўқишга бориб, бошқаларни хавфга қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Аҳоли ўртасида касаллик тарқалиши олдини олиш мақсадида қатор ташкилотлар билан биргаликда тадбирлар тадбирлар ўтказила бошланди.
Шу кунларда Миллий гвардия, Ички ишлар бошқармаси, Санитария-эпидемиология хизмати ходимларидан иборат гуруҳлар тузилиб, бозорларда, умумий овқатланиш муассасаларида, ташкилот ва муассасаларда карантин талабларига риоя қилиниши юзасидан назорат олиб бориши яна йўлга қўйилди», деган бошқарма бошлиғи.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида 210та эмлаш бригадалари ташкил қилинган, уларга 1059 нафар тиббий ходимлар жалб қилинган. Ходимларни ўқитиш жараёни давом этмоқда. Тошкентга вакциналарни ташиш учун музлатгичлар ва 13 та микроавтобус топширилган. Бундан ташқари,вакцина сақланадиган омборларга қўшимча генераторлар ўрнатилди.
Бошқарма вакили аҳолидан оила аъзоларида коронавирус инфекцияси билан зарарланиш ҳолатлари юз берганда 14 кунлик карантин чора-тадбирларига риоя қилиш, касаллик аломатларини сезганда ҳудудий поликлиникаларга мурожаат қилишни тавсия қилган.
- Бундан аввалроқ, 14 март куни Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 111та янги ҳолат аниқланган, бу 2020 йил 24 декабридан (112та ҳолат) буён кузатилган антирекорд ҳисобланиши, сўнгги ҳолатларнинг 93таси Тошкент шаҳрида қайд этилгани, пойтахтда сўнгги бир ҳафта ичида касалланиш ҳолатлари сони кескин ошгани муносабати билан шаҳарда карантин талабларига риоя қилиниши устидан назорат кучайтирилиши маълум қилинганди.