Ўзбекистон | 17:49 / 16.03.2021
23063
4 дақиқада ўқилади

Навоийдаги ноқонуний қурилишлардан бирини амалга оширган компания таъсисчиси сенаторлиги маълум бўлди

Қурилиш вазирлиги томонидан Навоий вилоятида олиб борилган ўрганишлар натижасида аниқланган ноқонуний қурилишлардан бирини олиб бораётган компания – «ZARAFSHON GOLDEN GROUP» МЧЖ таъсисчиларидан бири Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси Улуғбек Файзиев экани маълум қилинди.

Davletovuz’нинг аниқлашича, Улуғбек Файзиев ушбу компаниянинг 91,5 фоизлик улушига эгалик қилади.

Қурилиш вазирлиги эълон қилган маълумотга кўра, «ZARAFSHON GOLDEN GROUP» МЧЖ томонидан Зарафшон шаҳри 13-кичик туманида шаҳарсозликка рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирилмаган ҳамда ҳудудий инспекцияни хабардор этмаган ҳолда кўп қаватли турар жой объектида қурилиш-монтаж ишлари бошлангани аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган текширув натижасига кўра, жамият мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жавобгарлик қўллаш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга тақдим этилган.

Маълумот учун, «ZARAFSHON GOLDEN GROUP» МЧЖ таъсисчилигидаги «ZARAFSHON BUILDING» МЧЖ томонидан ҳам Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани, Бобур кўчасида ноқонуний қурилиш олиб борилгани аниқланган эди.

Шунингдек, 2020 йил 6 август куни «ZARAFSHON GOLDEN GROUP» МЧЖ Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида 650 ўринли карантин зонасини қуриш бўйича Навоий вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК билан жами 8 млрд 226 млн сўмлик давлат хариди бўйича шартнома тузган.

UPD: «Zarafshan Golden Group» компанияси Қурилиш вазирлиги сайтида эълон қилинган юқоридаги ҳолат бўйича ўз муносабатини билдирди.

Маълум қилинишича, Зарафшон шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 июлдаги Қ-214-сонли қарори билан «Zarafshan Golden Group» МЧЖга Зарафшон шаҳар 13-кичик туман ҳудудидан, шаҳарнинг бош режасига асосан “Кўп қаватли турар-жой биноси қуриш учун” 0,525 га ер майдони ажратиб берилган.

Қурилиш ишларини амалга ошириш учун архитектура-режалаштириш топшириғи Навоий вилоят Қурилиш бош бошқармаси бошлиғи томонидан 2020 йил 25 августда тасдиқланган ҳамда табиий газ, электр тармоқлари, ичимлик суви ва канализация тармоқларига уланиш юзасидан техник шартлар берилган. Давлат экологик экспертизаси хулосаси олинган.

Мазкур қурилиш объектида фақат котлован қисми ишлари якунланиб, лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлатиш ва белгиланган тартибда Давлат экспертизасидан ўтказиб, ҳужжатлар Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтказилгунга қадар жорий йил 9 февралда вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан берилган ёзма кўрсатмага асосан қурилиш ишлари тўхтатилган ва бу ҳақда инспекцияга хабар қилинган.

Шунингдек, жамият таъсисчилигидаги “ZARAFSHON BUILDINGS” МЧЖ томонидан Тошкент шаҳар, Яккасарой туманида Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4937-сонли қарорига асосан турар-жой бинолари, савдо ва маиший бинолар қурилиши юзасидан ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари тасдиқланиб, техник шартлар, давлат экологик хулосаси ва бошқа зарурий ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилмоқда.

Тегишли ҳужжатлар ўз вақтида расмийлаштиримаганлиги ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган. 

Мавзуга оид