Жамият | 14:13 / 16.03.2021
6733
2 дақиқада ўқилади

Қиймати 880 миллион сўмга тенг бўлган олтин қуймаларни чегарадан олиб ўтишга уринган шахслар қўлга олинди

Божхоначилар «Дўстлик» чегара постида «Қуйма тилла» буюмларини божхона постидан ноқонуний олиб ўтишга уринган шахсларни тўхтатишди.

Aндижон вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Туркия-Бишкек авиарейси билан учиб келиб Қирғизистон орқали Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» чегара божхона постига кириб келган Г.A. ҳамда Э.М. республика ҳудудига ноқонуний тарзда «қуйма тилла» буюмларини олиб киришга уринган.

Маълум қилинишича, ушбу шахслар тегишли юклар орасида декларацияда кўрсатилмаган, божхоначиларнинг оғзаки сўровида маълум қилинмаган, божхона кўриги ва шахсий кўрик натижасида 1 кг. 100 грамм қиймати 880 млн сўм бўлган «қуйма тилла» буюмларини божхона назоратидан яшириб олиб кираётгани аниқланди.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3512 сонли қарорига мувофиқ жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига 65 граммгача бўлган қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари божхона тўловларисиз олиб кирилиши мумкин.

Ҳозирда юкоридаги ҳолат юзасидан Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда», дейилган расмий хабарда.

Aввалроқ божхона постларида қўлга олинган энг кўп контрабанда маҳсулотлари маълум қилинган эди. Унга кўра, 2020 йилда божхона органлари томонидан энг кўп ҳуқуқбузарик ҳолатлари дори-дармон маҳсулотларида аниқланган бўлиб жами 37,302 миллиард сўмлик» дори-дармон мусодара қилинган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид