Ўзбекистон | 09:09 / 16.03.2021
3477
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда ярим килограмм қорадорини 5 минг долларга сотаётган шахс қўлга олинди

Самарқанд вилояти Жомбой туманида 500 грамм опий гиёҳванд моддасини 5 минг АҚШ долларига сотаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Қайд этилишича, 12 март куни Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ҳамда Булунғур тумани ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими ходимлари ҳамкорлигида Жомбой тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда Самарқанд вилояти Жомбой тумани Эски Жомбой маҳалласида яшовчи, 1993 йилда туғилган С.А., А. исмли шахсга 500 грамм миқдоридаги опий гиёҳванд моддасини 5 000 АҚШ доллари эвазига сотган вақтда, жиноят устида қўлга олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Булунғур тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид