Ўзбекистон | 08:08 / 16.03.2021
2354
2 дақиқада ўқилади

Хатирчи қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида кўплаб туманлардан ортда қолмоқда – Қобул Турсунов

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов халқ депутатлари Хатирчи туман кенгашида ҳудуд аҳолисини ташвишга солаётган муаммолар хусусида тўхталиб ўтди, дея хабар бермоқда ҳокимлик ахборот хизмати.

Кеча, 15 март куни куни бўлиб ўтгани халқ депутатлари Хатирчи туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов маъруза қилиб, туманда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар ҳақида гапирди.

Ҳоким туманда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни бартараф этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ички йўллар носозлиги, табиий газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар, “маҳаллабай ишлаш” тизимидаги ўзибўларчиликлар хусусида танқидий фикрлар билдирган. 

Таъкидланишича, туман қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда хомашё захираси бўйича улкан имкониятларга эга бўлишига қарамасдан, вилоятнинг кўплаб туманларидан ортда қолмоқда. Шунингдек, янги иш ўринлари ташкил этиш, маҳсулот экспорти ва бошқа кўплаб соҳаларда замон билан ҳамқадамлик сезилмаяпти. Бу каби салбий кўрсаткичлар эса аҳолининг ҳақли эътирозларига ҳамда ариза ва мурожаатларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Кеча мазкур сессияда Хатирчи ҳокими лавозимида ишлаб келган Ғофур Алиев вазифасидан озод этилиб, Тошкент вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Сайфиддин Низомов депутатлар томонидан Хатирчи туман ҳокимлигига тасдиқлангани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид