Жаҳон | 19:33 / 17.03.2021
4197
2 дақиқада ўқилади

Баҳодир Юсупалиев: Дунёда бирор вакцина қўллашдан тўхтатиб турилгани, у бутунлай зарарли деган хулосага олиб келмайди

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Юсупалиев AstraZeneca вакцинаси бўйича пайдо бўлган ишончсизлик асоссиз эканлиги ва зарарли таъсир қилган деб баҳоланган ҳолатлар жуда камлигини айтиб ўтди.

Бугун, 17 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «СOVID-19 билан боғлиқ бугунги вазият, вакцинация жараёнларига тайёргарлик» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Юсупалиев AstraZenecа вакцинаси бўйича кўпаяётган саволларга тўхталиб ўтди.

«AstraZenecа вакцинаси билан Европа иттифоқи ва Буюк Британияда аллақачон 17 миллион киши эмланган. Улар орасида зарарли таъсир қилган деб баҳоланган ҳолатлар миллиондан биттани ташкил қилади.

Бунда асосан тромбоз ҳолатлари (томир ичида пайдо бўладиган қон лахтаси томир деворига ёпишиб, қон оқимига халақит беради) кузатилди. Вакцина билан дастлаб ёши катта одамлар эмланиши бошланганини ҳисобга олсак бу табиий ҳолат. Масалан, худди шу ҳолат Pfizer вакцинасида ҳам кузатилган. Бундай ножўя таъсирлар айнан вакцина туфайли келиб чиқди деб ҳеч ким айтолмайди, ҳатто ЖССТ ҳам.

Дунёда бирор вакцина қўллашдан тўхтатиб турилгани, у бутунлай зарарли деган хулосага олиб келмайди. Шунчаки ҳозирда унинг таъсирлари борасида чуқур ўрганишлар олиб борилмоқда», дея Баҳодир Юсупалиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ AstraZeneca вакцинасининг ҳиндча муқобили ҳисобланган CoviShield вакцинасидан 660 минг доза қабул қилиб олингани хабар қилинганди. Феврал ойи бошида Ўзбекистон Британиядаги Оксфорд университети ва AstraZeneca компанияси томонидан тайёрланган вакцинадан 2,6 миллион доза олиши ҳақида маълумот берилган.

Сўнгги кунларда ушбу вакцина тромбозга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлардан кейин Дания, Норвегия, Исландия, Италия, Австрия, Эстония, Латвия, Литва, Люксембург, Германия, Франция, Испания, Болгария, Нидерландия, Португалия, Кипр, Словения ва ҳатто Швецияда ҳам вакцинация жараёни вақтинчалик тўхтатилгани, Таиландда эса кейинга қолдирилгани маълум қилинганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид