Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Москвада ишлашни хоҳловчилар патентни Тошкентда расмийлаштириши мумкин бўлди
Тошкентда Москва шаҳри ва вилояти учун мигрантларга патент расмийлаштирувчи идора - «Кўп тармоқли миграция маркази» филиали очилди. Эндиликда, Россиянинг энг йирик шаҳрида меҳнат фаолиятини олиб бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга шу ернинг ўзида қатор хизматлар кўрсатилади. Россиянинг бошқа минтақаларидаги миграция марказларининг филиаллари Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида очилиши ҳам режалаштирилган.
16 мартда Тошкентдаги «Ишга марҳамат» мономарказида Москва шаҳридаги «Кўп тармоқли миграция маркази»нинг Ўзбекистондаги филиали расман очилди. У Москва шаҳри ва вилоятида ишлаш истагидаги чет эллик фуқаролар учун патент расмийлаштириш хизматини кўрсатади.


Энди меҳнат мигрантлари Россия ҳудудида ишлашда талаб этиладиган патентни расмийлаштириш жараёнини бевосита Тошкент шаҳридаги филиалда бошлашлари мумкин. «Кўп тармоқли миграция маркази»нинг Ўзбекистондаги филиали орқали патент учун талаб этиладиган ҳужжатларнинг аксарият қисми Ўзбекистонда амалга оширилади.
«Россияда ишлаш истагида бўлган фуқароларни танлаш, касбий малакасини баҳолаш, иш берувчилар билан суҳбатлар ўтказилишини ташкил этиш, ушбу давлатга кириш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ тақиқларни текшириш, меҳнат мигрантларига ишга жойлашиш, ишлаш учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш, пандемия билан боғлиқ чекловларни инобатга олган ҳолда мамлакатда бўлиш тартиблари бўйича маслаҳатлар бериш, уларнинг Россияга кириб боришига кўмаклашиш ва мавжуд вакансиялар ҳақида маълумотлар бериш каби хизматлар амалга оширилади. Қолаверса, бу ерда Россияга киришга тақиқ бор-йўқлигини ҳам текшириш мумкин бўлади», - деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов.

Унинг айтишича, Россия минтақаларидаги миграция марказларининг филиаллари республика вилоятларидаги мономарказларда ҳам босқичма-босқич очилади. Жумладан, Самара вилояти Фарғона водийси вилоятларида ўз филиалларини очиш истагини билдирган бўлса, Татаристон, Бошқирдистон республикалари Миграция марказлари Самарқанд вилоятига қизиқиш билдирмоқда.
Филиалга тўланадиган ҳақ Москвадагидан қанчалик фарқ қилади?
Бу саволга жавоб берган Эркин Муҳиддиновга кўра, нархлар Москвадаги марказга тўланадиганидан фарқ қилмайди. Аммо, истаган фуқароларга субсидиялар, 2 млн сўмгача микроқарзлар тақдим этилиши, тез орада йўлга қўйилади. Шундай қилиб, марказ сайтидан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда Москва шаҳрида патент расмийлаштириш учун тўланадиган пул жами 15 минг рублга яқинни ташкил этади. Демак, Тошкентдаги филиалга келган меҳнат мигранти ҳам бу ерда 2 млн 200 минг сўмга яқин маблағ тўлаши талаб этилади.
Таъкидлаш керак, филиалда тиббий кўрикдан ўтказиш хизмати кўрсатилмайди. Москва шаҳар «Кўп тармоқли миграция маркази» раҳбари Сергей Балдиннинг изоҳ беришича, филиалда тиббий кўрикдан ўтказиш масаласи ҳал этилмоқда.
«Бу масалани икки қисмга бўлайлик. Бизда ҳозир мураккаб эпидемиологик вазият. Ковид билан боғлиқ воқеалар ривожи натижасида чегараларимиз ёпиқ. Шу боисдан ҳам ПЦР тестлари ва эмлаш даражаларини унификациялаш, яъни бир хиллаштириш масаласи ҳукуматлар даражасида муҳокама қиланаётган жиҳатлардир. Бу биринчидан.
Иккинчидан, Россия ҳудудига киришга рухсат берувчи тиббий маълумотномалар олиш масаласи. Шу пайтга қадар, мамлакатларимиз ўртасида тиббий кўрикдан ўтказиш меъёрлари унификация қилинмаган. Бу борада ҳам ҳукуматлар даражасида иш олиб бориляпти. Агарда, ушбу меъёрлар бир хиллаштирилса, шундагина бу масалага қайтишимиз мумкин.
Ҳозирча, Россия қонунчилигига мувофиқ, фақатгина Россия тиббиёт муассасалари тиббий кўрикдан ўтказиш ҳуқуқига эга. Умуман олганда, бу тарзда иш ташкил қилингач, фуқаронинг Сахароводаги марказга бориб, тиббий кўрикдан ўтиши кўп вақт олмайди, тахминан бир соатда барча кўрикдан ўтиб бўлади. Таҳлиллар лабораторияси ҳам марказнинг ўзида жойлашган ва таҳлиллар жавоби бир кунда чиқади. Бу унчалик қийин иш эмас», - деди Сергей Балдин.
Унинг таъкидлашича, Россияда ишламоқчи бўлган ўзбекистонликлар, Россияга бормасдан аввалроқ, ишлашга рухсат бермайдиган айрим хасталиклар учун Ўзбекистоннинг ўзида олдиндан таҳлил топширишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шундай қилиб, Россияда ишлаш истагида бўлган ўзбекистонлик фуқаро ушбу филиалда бирламчи ҳужжатларни тўлдириб, Москва шаҳридаги «Кўп тармоқли миграция маркази»га топширади ва тезлаштирилган тартибда патент олиш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, меҳнат мигрантларига тақдим этилаётган яна бир қулайлик бу махсус ишлаб чиқилган мобил илова – ММСдир. Мазкур мобил илова орқали ҳам Ўзбекистоннинг ўзидан патент олиш учун навбатга туриш, турли тўловларни амалга ошириш мумкин. Унда меҳнат мигрантлари учун бошқа қулайликлар ҳам назарда тутилган.
Мавзуга оид
08:40 / 13.05.2025
Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти MH17 ҳалокати учун Россияни жавобгар деб топди
17:02 / 12.05.2025
Россияда хорижликларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби ўзгаради
14:54 / 12.05.2025
Россия ТИВ: Аввал Истанбулдаги музокаралар, кейин - сулҳ мавзуси
13:00 / 12.05.2025