Ўзбекистон | 08:58 / 17.03.2021
5973
1 дақиқада ўқилади

Навоийда маъмурий жарима ва давлат божи учун амалга оширилган тўловлар талон-торож қилинди

Кармана туманида маъмурий жарима ва давлат божлари учун амалга оширилган тўловлар талон-торож қилинганлиги фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Кармана туман бўлими томонидан Марказий банк Навоий вилояти бош бошқармасининг текшириш далолатномасига асосан терговга қадар текширув ўтказилган.

Текширув давомида, АТ “Халқ банки” Кармана филиали моддий жавобгар шахслари 2020 йил давомида 414та ҳолатда маъмурий жарима ва давлат божлари учун амалга оширилган тўлов квитанцияларини сохталаштириб, тўловларни банк дастуридан ўтказмасдан бюджетга 57,5 млн сўм зарар етказганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш), 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид