Жамият | 16:38 / 17.03.2021
358
3 дақиқада ўқилади

Нукусда коронавирус касалхонасида ишлаган 2 нафар ҳамширанинг салкам 14 млн сўм рағбатлантириш пуллари ундириб берилади

Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасида коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморларни диагностик саралаш ва даволаш учун мўлжалланган марказда ишлаган, лекин рағбатлантириш пуллари тўлиқ тўлаб берилмаган икки фуқаронинг муаммоси ижобий ҳал этилди. Бу ҳақда Нукус шаҳар адлия бўлими Kun.uz мухбирига хабар берди.

Қайд этилишича, 2 нафар ҳамшира рағбатлантириш пуллари тўлиқ тўлаб берилмаганидан норози бўлиб, Нукус шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилган.

Ўрганишлар давомида фуқаролар Н.Х. ва А.Д. COVID-19 инфекциясига чалинган беморларни даволашга ихтисослашган махсус касалхонага айлантирилган Республика ўйин турлари, енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабига Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси буйруқларига асосан ҳамшира қилиб бириктирилгани маълум бўлди. Улар марказда ҳақиқатан ҳам кунига 12 соатдан ишлагани аниқланган (Н.Х. - 360 соат, А.Д. - 324 соат).

Таъкидланишича, бирлашма томонидан тасдиқланган табелда фуқаролар Н.Х. ва А.Д. кунлик 8 соатдан ишлаган, деб нотўғри кўрсатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 сентябрдаги 583-сонли қарори билан «Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш объектларида ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган ходимларга махсус рағбатлантириш тўловларини тўлаш тартиби тўғрисида»ги низоми тасдиқланган. Тиббиёт бирлашмаси низомда келтирилган махсус тўловларни икки нафар ҳамширага тўлаб бермаган.

Шу боис, адлия бўлими томонидан бирлашмага «қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва унга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф қилиш» тўғрисидаги тақдимнома киритилган, бироқ тиббиёт бирлашмаси томонидан бўлим қонуний талаблари бажарилмасдан, тақдимнома қаноатлантирилмаган.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судига даъво ариза киритилган. Даъво аризасига асосан, фуқаро Н. Х.га 7 миллион сўм ва фуқаро А.Д.га 6,75 миллион сўм ундириб бериш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган.

Олдинроқ, Нукусдаги 2 мингдан зиёд МТТ ишчиларига 462,3 млн сўмлик иш ҳақи ундириб берилганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид