Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ўзбекистонда ҳалигача совет педагогикаси унсурлари сақланиб қолган» — Германияда дарс бераётган иштихонлик ўқитувчи билан суҳбат
Kun.uz'нинг «Хориждаги ўзбеклар» рукни ва Uzbek.Life лойиҳаси хорижда ўқиб ва яшаб, маълум муваффақиятларга эришган ватандошлар билан суҳбатлар уюштирмоқда. Лойиҳанинг бу галги меҳмони – Германияда яшаб келаётган ҳамюртимиз Камолиддин Бедиев. У Германиядаги мактаблардан бирида бошланғич синф ўқитувчиси сифатида ишлаб келмоқда.
Аввало, Германияга келишингиз ва бунга сабаблар ҳақида айтиб ўтсангиз?
Ўтган аср аввали ва янги аср бошларида Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети немис филологияси йўналишида таҳсил олганман. Хорижий тил йўналишида ўқиган инсон борки, ўша тил эгалари яшайдиган давлатни кўришни, у ерда таълим олишни хоҳлайди. Менда ҳам талабалик давридан шундай истак, яъни Германияга бориш, ўқиш, юрт кўриш мақсади бўлган. 2003 йилда Германияга келиб, Берлин техника университетининг коммуникация ва тил ихтисослиги бўйича магистратурага кирдим. Ўқишни тугатганимдан кейин икки давлатдан ҳам иш излагандим, Германияда иш тезроқ топилгани сабаб кейинчалик шу ерда қолиб кетдим.
Нега айнан педагогика соҳасини танлагансиз?
Мен асли Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилиб, шу ерда ўрта мактабни тамомладим. Айнан ўзим ўқиган - тумандаги 51-ўрта таълим мактаби кейинчалик ўқитувчилик касбига қизиқишимга сабаб бўлган, деб ҳисоблайман. Бизнинг мактабда немис тилини яхши ўқитишган, шу учунми, немис тилига меҳрим бўлакча эди. Бундан ташқари, туман ва вилоят фан олимпиадаларида мактабимиз ўқувчилари доимо юқори ўринларни оларди, ана шу муҳит ҳам таъсир этган, менимча. Онам ва тоғаларим ҳам педагог бўлгани, ўқитувчи бўлиб ишлагани учун оиладаги тарбия муҳити мени ўқишга ундаган, деб ўйлайман.
Ўзбек педагогикаси ривожланган давлатлар таълимидан қанчалик ортда?

Ривожланган давлатлар педагогикасини Ўзбекистондаги ҳолат билан тўғридан тўғри таққослаб бўлмайди. Чунки бу ерда жуда ҳам катта фарқлар бор. Биз 70 йилдан ортиқ вақт мобайнида собиқ иттифоқ давлати таркибида бўлганимиз учун ҳалигача совет педагогикаси унсурлари сақланиб қолган. Тўғри, мустақил бўлганимизга 30 йил бўлди, ўшандан бери давлат таълим стандартлари тузилди, таълим тўғрисида қонун қабул қилинди ва анча-мунча ўзгаришлар бўлди, такомиллашди. Лекин бу ўсишни ривожланган давлатлар, хусусан, Германия билан таққослай олмаймиз, анчагина фарқ мавжуд.
Таълим тизимини янгилаш бўйича катта ишлар қилиняпти. Масалан, президент мактаблари, махсус фанларга ихтисослашган мактаблар ташкил қилиняпти, бу каби ишларни оддий бир педагог сифатида олқишлайман. Лекин ҳалигача ўз муаммоларини кутиб ётган, қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина. Менинг кузатишимга кўра, кўпинча янги мактаблар қуриляпти-ю, аммо ташқи томондан чиройли бўлган мактабларнинг таълим сифати анча пастлигича қолмоқда.
Болаларга таълим берадиган ўқитувчилар малакасини ошириш баробарида, педагогикага йўналтирилган университетлар тизимини жиддий қайта кўриб чиқиш зарур, деб ўйлайман. Яъни, бўлажак педагог университетда яхши ўқитилган, замонавий билим берилган, замонга мос таълим технологияларга ўргатилган бўлса, мактабга борганда ўша ўрганганларини ўз ўқувчиларига етказиб бера олади. Шу жиҳатдан, дарс ўтиш методикаси, услубиятини қайта кўриб чиқиш фойдадан холи эмас.
Ҳозиргача Ўзбекистон мактабларида асосан ўқитувчи бош ролда бўляпти, ҳамма нарсани кўпроқ ўқитувчи ҳал қилади, ўқитувчи белгилаб беради. Мана шу ўринда ўқитувчининг ролини ўзгартириш керак. Ўқитувчи барча нарсани ўзи ҳал этадиган авторитар эмас, балки кўпроқ модератор сифати кўриниши таълимни анча замонавийлаштиради. Дарс жараёнини ташкил қилишда ўқувчилар фаоллиги оширилиши, биринчидан, билим олишга таъсир этади, қолаверса, боланинг нафақат ўзига бўлган ишончи, балки ижтимоий, гуруҳ ёки ўзаро масалаларда қарор қилишдаги ишончи ҳам ўсади.
Германиядаги таълимга бироз тўхталсам. 1-6-синфлар бу ерда бошланғич синфлар дейилади ва уларнинг ўзлаштириши кейинги босқични аниқлаб беради. Шунга қараб ўқувчилар бошқа мактаб турларига ўтишади. Баҳолари яхши бўлса гимназияга ёки ўртароқ бўлса бошқа мактабларга йўналтирилади. Гимназияга ўтган ўқувчи у ерда 12-синфгача ўқийди ва охирги битирув имтиҳони бўлган «Абитур»да олган баҳоси келажагини ҳал қилади. Яъни, университетга кирмоқчи бўлса, «Абитур»даги рейтингига қараб талаб катта бўлганлари медицина, ҳуқуқшунослик, иқтисоднинг BBL йўналишларига ёки бошқа университетларга қабул қилинади. Бу ерда шундай тизим йўлга қўйилганки, университетларга кириш имтиҳонлари йўқ. Боланинг тақдирини мактабда олган баҳолари ҳал қилади.
Маълумки, Ўзбекистонда олий таълим тизимидаги коррупция, кириш имтиҳонлари ҳақида жуда кўп гапирилади. Балки, шу тизимни тажриба учун синаб кўриш керакдир, деб ўйлайман. Негаки, кўпроқ мактаб таълимига урғу бериб, битирув имтиҳонларига, қайси йўналишга қизиқишига қараб университетларга йўналтирилса, биз айни хоҳлаган таълимдаги ўсишга эришиш мумкин. Бунинг учун эса, юқорида таъкидлаганимдек, педагогикага йўналтирилган олийгоҳларда таълим сифати тубдан қайта кўриб чиқилиши ҳам муҳим ҳисобланади.
Умуман олганда, Германия таълим тизимидаги илғор тажрибаларни таклиф сифатида тайёрлаяпмиз. Ўйлайманки, бу Ўзбекистон учун фақат фойда беради. Ўзбекистон учун айнан бир давлат тажрибасига таяниб, улардан намуна олиш эмас, балки турли давлатлар таълим тизимларини, илғор тажрибаларини ўзимизга мослаб, азалдан шаклланган тарбиямизга хос ҳолда татбиқ этиш мақсадга мувофиқ кўринади.
Германияда ўзбекларнинг ўзига хос диаспораси шаклланган, деса бўладими? Бу АҚШ, Россия ёки Туркиядагидан нимаси билан фарқ қилади?

Германияда ҳам қайсидир маънода ўзбек диаспораси шаклланиб бўлди. Шу даврга қадар бу ерга хорижликлар фақат ўқиш ёки илм қилиш учунгина кела олар эди. Германия ҳукумати университетни муваффақиятли тугатган талабаларга 18 ой давомида иш қидириб топиши учун рухсат берарди. Шундан кейин меҳнат шартномаси ва мамлакатда қолиб ишлашга рухсат берилган. Шунинг учун бу давлатнинг Қозоғистон, Туркия, Россия ёки АҚШдан фарқи меҳнат мигрантларининг камлигида эди. Бу ерда ўзига хос академик диаспора шаклланиб бораётганди. Лекин, 2021 йилдан бошлаб, Германия меҳнат бозорида талаб кўпайгани учун миграция қонунларига тузатишлар киритилди, унга кўра олий таълимни ўқимасдан ҳам шифохоналар, қариялар уйлари ёки умуман, иш кучи зарур жойларда ишлаш учун Германияга келиш мумкин. Уларга ягона талаб — немис тилини биладиган бўлса, қонунда белгиланган талаблар асосида ишлаш ҳуқуқи берилади. Уларнинг бундай қарорга келишига ўзига хос асослари бор. Германияда туғилиш кам бўлгани учун ишчи бозорида талаб кучли. Айниқса, медицина соҳасида чет элликлар Германияга келиб, ўз фаолиятларини давом эттиришларига имкони катта.
Энди ўзбек диаспораси ҳақида тўхталсам, бу ерда ўзбеклар асосан катта шаҳарлар: Берлин, Франкфурт, Мюнхен ва Кёлнда яшашади. Улар маҳаллий аҳоли билан биргаликда ўзбек-немис жамиятларини тузишган ва бу қувонарли ҳолат. Қайси маънодаки, бу ерга кўчиб келган ўзбеклар туғилаётган фарзандларига ўзбек маданиятини сингдириш, урф-одатларини сақлаб қолиш учун шунга қўл уришган. Юқорида ҳам айтдимки, бу ерга кўчиб келиб яшаётганлар асосан академик диаспора ҳисобланади.
Германия сизга нима берди?
Биринчи навбатда, бу ер менга илм берди, дунёқарашим кенгайди, кенг дунёни ўзим учун кашф этяпман. Бироқ, бу жойларда аёлим билан бирга яшаб, ишласак-да, фарзандларимиз шу давлат мактабларида таълим олишса-да, асли кимлигимизни доим ёдда тутамиз, фарзандларимизга ҳам уқтириб борамиз, ҳар йили бир марта Ўзбекистонга бориб, қариндош-уруғлар даврасида вақт ўтказиб келамиз. Уйда ҳам ўзбек тилида гаплашамиз. Шу билан бирга, немис халқидан ўрганиш керак бўлган жиҳатлар ҳам талайгина. Масалан, ҳар бир ишга жавобгарлик ҳисси билан ёндашиши, совуққон эмаслиги, белгиланган вақтда ишларни бажариши, бирор нуқсонингиз бўлса, буни бевосита ўзингизга айтиб, маслаҳат бериши каби хислатлари ўрганса арзирли, деб ўйлайман.
Президентнинг Германиядаги ташрифидан юртдошлар нима кутган эди, қайсилари амалга ошди?
Президентимизнинг 2019 йил январ ойида Германиядаги ташрифи биз учун муҳим воқеалардан бири сифатида ёдимизда қолган. Чунки биз биринчи марта давлатимиз раҳбари билан очиқ мулоқот қилишга муяссар бўлгандик. Суҳбат белгиланган 15 дақиқадан ҳам ўтиб кетган, яқиндан танишув ва эсда қоладиган очиқ суҳбат бўлганди. Учрашув чоғида президентимиз юртдошларни масофадан бўлса ҳам Ўзбекистон учун ҳисса қўшишга даъват этганди. «Мана сизлар дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирида ўқиб, шу ерда оилаларинг билан яшаб келяпсиз. Сизда шундай имконият борки, сиз Ўзбекистонга бормай туриб ҳам билим-тажрибаларингиз билан Ўзбекистон ривожланиши учун ҳисса қўшишларингиз мумкин», деди Шавкат Мирзиёев. Бу ўша ерда тўпланган ватандошларни руҳлантирди.
Маълумки, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг хориждаги ватандошларга муносабат ўзгарди, жуда ҳам кўп енгилликлар яратилди. Ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар кўпайди, кўплари амалга ошди ҳам. Айрим ватандошлар қатори мен ҳам 2020 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирландим.
Ўзбекистон билан соҳа бўйича қандай амалий ишлар олиб борасиз? Юрт ривожи учун қандай таклифлар билдирган бўлардингиз?
Ўзбекистон президенти ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ташкил этилганди. Бу ташкилот турли давлатлардаги ёш тадқиқотчилар, профессорлар ва талабаларни ўз сафига бирлаштириб келмоқда. Мен ҳозирда ушбу ассоциациянинг Германиядаги вакили бўлиб ҳам ишлаб келяпман.
Бундан ташқари, Германиядаги ватандошларни излаб топиб, уларни Ўзбекистон билан яқин алоқалар боғлашга даъват этиш, юрт ривожи учун нима биландир бўлса-да ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан. Юқорида ҳам айтдим, Германиядаги ўзбек диаспораси бу академик диаспора, улар орасида дунёда кўзга кўринган профессорлар, олимлар, ўз соҳасининг экспертлари бор. Уларнинг тажрибалари Ўзбекистонда ривожланмаган соҳалар учун жуда қўл келади, деб ҳисоблайман.
Айни пандемия вақтида бу ишларни амалга ошириш янада долзарб ва шароит тақозоси ҳам бўлди. Онлайн тарзда вебинарлар ташкил этиб, талабалар ва ёш олимлар учун қизиқарли машғулотлар ўтказиб келяпмиз. Ассоциация ва элчихона орқали турли университетларни шундай ҳамкорликка чақириб қолардим, чунки бундай вебинарлар кўпроқ ва давомий бўлиши лозим, ҳозирги асосий муаммолар ҳам шунда. Менимча, бу вебинарлардан фақат университет ва талабалар ютади.
Бундан ташқари, шундай бир ишни мақсад қиляпманки, соҳаси бўйича энг яхши кадрларимиз ва университетлар ўртасида мустаҳкам алоқа боғланиши керак. Балки, уларни университетлар томонидан «фахрий профессор» сифатида рўйхатдан ўтказиш имкони бўлар. Улар Германияда жуда катта маош олади, Ўзбекистонда доимий ишлаганда бунча тўлаш имкони йўқ. Шундан келиб чиқиб, икки ўртада мос йўл танлаш керак. Чунки бу ердаги ватандошлар ҳам ватанга қай тарзда ёрдам бериш йўлини излашади.
Ватанга хизмат қилиш фақат унинг ичидан бўлиши шарт эмас. Дунёнинг исталган нуқтасидан туриб ҳам ривожланишга ҳисса қўшиш мумкин. Масалан, юқоридаги лойиҳалар орқали тараққиётга озгина бўлса-да ҳисса қўша олсак бахтиёр бўламиз. Муаммони кўпчилик айтади, лекин таҳлилга асосланган ечимни жуда кам одамгина бера олади. Келажак учун шундай инсонлар хизматидан фойдаланиш керак.
Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
13:59 / 28.05.2025
Германия расмийлари Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилди
11:22 / 28.05.2025
Германиядаги қочқинлар сони 3,5 миллион кишига етди
12:20 / 27.05.2025
Германия канцлери Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилди
23:34 / 26.05.2025