Ўзбекистон | 16:42 / 17.03.2021
3417
1 дақиқада ўқилади

Тахтакўпирда элликқалъалик овчилар табиатга салкам 40 млн сўмлик зарар етказди

Қорақалпоғистон Республикаси Орол табиатини муҳофаза қилиш прокуратураси ўтказган рейд тадбирида Тахтакўпир туманидаги «Қонираткўл» ОФЙ ҳудудида Элликқалъа туманида яшовчи 3 нафар фуқаро ноқонуний равишда ов қилиб, табиатга зарар етказгани аниқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси матбуот хизмати хабар беришича, овчилар моторли қайиқда, тақиқланган бир дона ёриткич ва санчиқ билан 48 дона оқ қайроқ, 2 дона зоғорабалиқ, 1 дона лешч, 1 дона оқ сула балиқ ҳамда 4 дона ёввойи ўрдак овлагани аниқланган. Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 4-қисмига асосан ҳайвонот дунёсига келтирилган зарар ҳисобланганда, у 39,4 млн сўмни ташкил этган.

Мазкур ҳолат юзасидан тайёрланган ҳужжатлар суд органларига ўрнатилган тартибда тақдим этилмоқда. Ашёвий далил сифатида олинган балиқлар эса Нукус шаҳридаги Ногиронлар уюшмасига хайрия эҳсон сифатида топширилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Нукус атрофидаги кўлга учиб келган оққушларнинг бирини қутқариб қолиб, сўнг яна шу кўлга қўйиб юборган маҳаллий блогер Бахтиёр Қодирбергенов тақдирланганди.

Мавзуга оид