Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззах вилоят Маданият объектларини муҳофаза қилиш департаменти бошлиғи Тошкентда шубҳали тарзда қамаб қўйилди
Маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланиб, қамоққа олинган Сундор Қорабоевнинг ҳеч кимга кўрсатилмаётгани ва суд қарори берилмаётгани унинг яқинларида шубҳа уйғотмоқда.
Жиззах вилояти Маданият объектларини муҳофаза қилиш департаменти бошлиғи Сундор Қорабоев 14 март куни Тошкент шаҳрида ИИБ ходимлари томонидан майда безориликда айбланиб қўлга олинган.
Сундор Қорабоевнинг укаси Ҳусан Қорабоевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, унинг акаси 14 март куни иш юзасидан Маданият вазирлигига – Тошкент шаҳрига келган.
«Вазирликдан чиққач, акам Маданият объектларини муҳофаза қилиш департаментининг бошқа вилоятлардан келган ходимлари билан бирга кафега бориб овқатланган. Акамнинг ёнида бўлган департаментнинг Сирож исмли ходимининг айтишича, улар кафедан чиқаётган вақтда Сундор Қорабоевга бегона аёл туртилиб кетган.
Шундан сўнг аёл акамга мен сени милицияга айтиб қаматаман деган. Акам ва шериги аёлнинг гапига эътибор қилмасдан, автомобилга ўтириб, у ердан кетган. Бир неча дақиқа ичида, Юнусобод туманида уларни йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари тўхтатиб, ҳужжатларини текширишни бошлашган.
Шу орада ўша аёлнинг чақируви билан ички ишлар ходимлари келиб, акамга: «Сиз бир аёлни уриб, ҳақоратлаганингиз юзасидан шикоят келиб тушди» деб, Юнусобод туман ИИБга олиб кетишган.
Акам у ерда 1 кун давомида қолиб кетди. Эртаси куни ҳеч кимга хабар берилмасдан, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан суд ўтказилиб, акамга 10 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган», – деди Ҳусан Қорабоев.
Ҳусан Қорабоевга кўра, ҳеч кимга хабар берилмасдан суд қилингани етмаганидек, Сундор Қорабоевни ҳозиргача ҳеч кимга кўрсатишмаяпти. Аёли ва адвокати ҳам карантин баҳона қилиниб, кўришиш учун киритилмаган.
Сундор Қорабоевнинг яқинлари у «Уголок» кафесидан чиқиб кетаётган вақтда ҳеч ким билан тортишмаганини исботловчи кадрлар борлигини ва улар ижтимоий тармоқларга жойланганини айтмоқда.
Ижтимоий тармоқларнинг қатор фойдаланувчилари Сундор Қорабоевнинг қамоққа олинишини уюштирилган деб ҳисобламоқда.
Унинг 1 кун ичида шошилинч суд қилиниши ва маъмурий қамоқ қўллаш тўғрисидаги суднинг қарори берилмаётгани шубҳали бўлиб қолмоқда.
Ҳозирда Қорабоевнинг яқинлари апелляция шикояти киритган, иш бугун қайта кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Kun.uz ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди. Вазирлик масъуллари ҳуқуқбузарлик бўйича тушган шикоятларни расмийлаштириб, қонуний чора кўриш учун суд органларига тақдим этиш ички ишлар идораларининг кундалик вазифаси эканини маълум қилиб, бу ҳолат бўйича бошқа изоҳ йўқлигини билдирди.
Маданият вазирлиги ҳақиқатан ҳам Сундор Қорабоев Жиззах вилояти Маданий объектларни муҳофаза қилиш департаменти бошлиғи эканини тасдиқлади, лекин у билан бўлган вазият юзасидан вазирликда маълумот йўқлигини билдирди.
Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати Kun.uz сўровига жавобан воқеага изоҳ бермади.
Мавзуга оид
23:56 / 20.05.2025
ИИБ ходимини пичоқлаган шахсни қўлга олишда ёрдам берган фуқаро 10 млн сўм билан тақдирланди
20:24 / 19.05.2025
Тошкентда руҳий касал эркак ички ишлар ходимини пичоқлади
10:06 / 21.04.2025
Бухорода ИИБнинг қатор мулозимлари ишдан олинди
12:04 / 05.04.2025