Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ўзбек футболидан раддия». Футболдаги пуллар бошқа соҳаларда ўринли ишлатилишига ишониш мумкинми?
Сўнгги пайтларда, айниқса, Жиззахда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг, футбол ва футболни молиялаштириш мавзуси яна кенгайди, ташқарига чиқди. Ижтимоий тармоқлар, машҳур блогерлар футболнинг коррупцияга ботгани, Суперлига клубларига бюджетнинг бир чақаси ҳам сарфланмаслиги кераклиги ҳақида ёза бошлашди.
«Ҳар йили БИР НЕЧА ЮЗ МИЛЛИАРД СЎМ бюджет пуллари шу расво футболимизга кетяпти, бундан бирор фойда бўляптими? Ундан кўра бу пулларни таълимга, мактабларга сарфласа миллат учун минг марта фойда бўларди. Мен тўлаган солиқлардан 1 сўм ҳам футболга берилишига асло розимасман!!! Қўлидан келса жамоалар ўзи пул ишлаб топсин ва ана шунда билганини қилсин», деб ёзди Хушнуд Худойбердиев.
«Футболга кетаётган миллиардлаб пулнинг ярми таълимга, илмга, мактаблар олимпиадаларига йўналтирилса, юрт кўпроқ фойда топади деб ўйлайман. Булар на бир чемпион бўляпти, на бир тўғри ўйнаяпти. 2 кундан бери матбуотда футболдаги коррупция мавзуси», дейди Комил Алламжонов ўзининг телеграм саҳифасида.
Албатта, бу фикрларга мен ҳам қўшиламан. Зеро ўзим ҳам бу мавзуда жуда кўп бор ёзганман. Агар пул бериладиган бўлса, ҳамма клубга тенг тақсимланиши кераклиги тизимини ҳам таклиф қилиб кўрганман. Умуман, бюджет футболга пул ажратмаслиги лозимлиги ҳақида ҳам ёзганларим бор.
Буларнинг бари футболни ёмон кўришим, ўзбек футболига қарши эканимдан эмас, аксинча, футбол фақат шу йўл билан ривожланиши мумкин, деб ҳисоблаганим туфайли. Қачондир айнан мана шу йўлдан борилади, текинга балиқ эмас, ҳеч бўлмаса, қармоқ тарқатилади ва клубларимизда ҳам, умумий Лигамизда ҳам хўжалик фаолияти юзага келади, буни чин дилдан истайман.
Аммо бундай таклифлар бошқа бир контекстда тилга олинганда, кулгим қистайди. «Агар футболга сарфланаётган пуллар таълимга сарфланса...», «агар футболга сарфланаётган пуллар соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилса...», «агар шу пул...», «агар шу пуллар...»
Хўш, айтинг, таълим тизимимизни ривожлантириш учун қанча керак? Неча юз миллиард берилса, соғлиқни сақлаш тизими ҳавас қилгулик ҳолатга келади? Неча триллион сўмни илм-фанга ажратсак, олимларимиз кўпаяди? Жаҳонни лол қолдирадиган, аждодларимиз ҳақида хит сериал яратиш учун неча миллиард керак? Аниқ рақамлар борми?
Халқ таълими вазири чиқиб, яна мана шунча пул бўлса, Япония даражасига чиқамиз, деб бир ҳар қандай катта рақамни айта оладими? Айтса ҳам, ўзи ишонадими?
Аниқ рақам менга ҳам қизиқ эмас, лекин тушуниб турибсиз-ку, ҳеч қайси саналган соҳада гап пулга тақалиб қолмаганини? Гап тизимда, муносабатларда, кадрларда эканини айтиб, мен ҳам сўз ўйини қилишим мумкин-ку, тўғрими?
Футбол фозиллар жамиятимизни кемираётган бир иллат эмас, балки бутун жамиятимизнинг худди халқ таълими, соғлиқни сақлаш, парламент, молия, қишлоқ хўжалиги, умуман ҳамма соҳалардаги каби инъикоси холос-ку?
Йўқ.
Яхшироқ.
Ҳар ҳолда, футболда ноҳақ ҳукм чиқарган судья устидан бутун халқ «беғараз» деб қичқира олади ва уларга ҳеч нарса бўлмайди.
Футболда «Насаф» «Пахтакор» билан майдонда беллашади, унга рақобат қила олмаса-да, бунга уриниб кўра олади, бунинг учун антимонополия ҳам, божхона имтиёзлари ҳам шарт эмас.
Футболда, юртимнинг бир бурчагида икки бой келишиб, футбол клуби тузиши ва чемпионлик учун курашиши мумкин. Қийин. Лекин мумкин.
Ҳар ҳолда, мана шу ботқоқдаги футболимиз бошқа ривожланган мамлакат мураббийлари ёки футболчилари билан беллаша оладиган мураббийлар ва футболчилар етиштиради.
Фақат футболда, «гастербайтер» бўлиб Италияга ёки Кореяга кетган юртдошларимиз байроғимизни баралла кўтара олади. У ерга бориб, ўзимизнинг футболни ёмон кўриб қолмайди, миннатдор бўлади ҳатто...
Ҳар ҳолда, футболда ҳар тўрт йилда ғалвир кўтарилади, ёлғон-у рост бўлса-да, сарҳисоб қилинади, журналистлар тўнини тескари кияди...
...бош мураббий алмашади.
Қачонки...
Қачонки, орқасида миллиардлаб харажатлар тикилиб қўйилган бир тадбиркор «ҳ... лар пулимни бировнинг солиғи учун ечиб олибди, қачонгача, ким охиригача боради?...» деб худди Ислом Исмоиловдек гапира олса-ю, унга ҳеч нарса бўлмаса, футболдаги пуллар бошқа соҳаларда ўринли ишлатилишига ишонишим мумкин.
Унгача...
Унгача, давлатдан пул олмайдиган телеканалда кўрсатилаётган эри бор фоҳишалар ҳақидаги сериални кўрмоқчи бўлаётган қизларимни бошқа уйга ҳайдайман-да, давлат пул берадиган «Спорт» каналида «Бунёдкор» – «Турон» ўйинини томоша қилиб, тўлаган бир сўм солиғимга рози бўлиб қўяман.
Қаҳрамон Асланов
Мавзуга оид
14:08 / 14.04.2025
«Пахтакор» яна ютқазди, пешқадам яна ўзгарди
14:40 / 07.04.2025
«Пахтакор» «Сўғдиёна»га ҳам ютқазди, «Бунёдкор» биринчи ўринда
17:43 / 30.11.2024
Суперлига. «Металлург» «Насаф»ни мағлуб этиб «Локомотив»ни Пролигага равона қилди, ОКМК ўз тарихида илк бор кумуш медалларни қўлга киритди
19:03 / 18.11.2024