Ўзбекистон | 08:08 / 18.03.2021
1749
2 дақиқада ўқилади

Табиий ва суюлтирилган газ етказиб беришдаги муаммолар Андижонда қандай ечим топмоқда?

“Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали томонидан ташкил этилган “Табиий ва суюлтирилган газ етказиб беришдаги ислоҳотлар” мавзусидаги пресс-тур ва матбуот конференцияси ташкил этилди.

Пресс-тур давомида дастлаб ОАВ ходимлари “Қўрғонтепа газ тўлдириш шохобчаси” фаолияти билан қисқача таништирилди.

Жамият томонидан вилоят бўйича 423 мингдан ортиқ истеъмолчиларга 584 минг донадан зиёд маиший газ баллонлари орқали суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Истеъмолчиларнинг газ баллонлар билан таъминланганлик даражаси 137 фоизга етказилган. Барча истеъмолчиларга 3та газ тўлдириш станция ва шохобчалари орқали суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилганлиги таъкидланди.

Вилоятда 221 013та хонадонга замонавий электрон газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, шундан, 37 365 донаси  кўп қаватли уйларга, 177 404 донаси эса ҳовли уйларга ўрнатилиши кўзда тутилган. “Ақлли” газ ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш дастлаб Андижон шаҳридаги “Мустақилликнинг 20 йиллиги” МФЙ ўрамида жойлашган Учқўрғон кўчасида бошланган бўлиб, шу кунга қадар вилоят бўйича 104 122та хонадонга ҳисобдонлар ўрнатиб бўлинди. 

Пресс-тур якунида матбуот конференцияси ўтказилди. Унда иштирок этган Kun.uz мухбири электрон ҳисоблагичлар ўрнатилгандан сўнг табиий газ босимининг тушиб кетаётгани ва бу ҳолатга нима сабаб бўлаётгани юзасидан мутасаддиларга савол билан мурожаат қилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, газ босими пасайишига сабаб электрон ҳисоблагичларнинг айримларида кузатилаётган носозликлар ва табиий газдан юзага келган қарздорлик бартараф этилмаганлигида. Юқоридаги ҳолатлар кузатиладиган бўлса, фуқаро ўз ҳудудидаги газ таъминоти филиалларига мурожаат қилиши мумкинлиги айтиб ўтилди

Мавзуга оид