Жамият | 21:44 / 19.03.2021
14790
3 дақиқада ўқилади

Журналистик суриштирув доирасида ташкилотга борган Kun.uz мухбири таҳдидга учради

Россияга кетиш истагидаги ўнлаб меҳнат мигрантларига авиачипталар сезиларли даражада қиммат нархда сотилган. Масалани ўрганаётган Kun.uz мухбирига Самарқанд шаҳрида таҳдид қилинди.

Kun.uz сайти журналистлари фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўрганиб, уларни жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиб келмоқда.

Айни вақтда Россиядаги «Пик Индустрия», «Технострой» каби қурилиш ташкилотлари орқали Россияга ишлашга борган ватандошлар дуч келган муаммолар таҳририят томонидан ўрганилмоқда.

Ўрганишлар чоғида, меҳнат мигрантларига авиачипталар 4,5 млн сўмдан сотилгани, чипталарни Самарқанд шаҳри, Гагарин кўчаси, 47-уйда жойлашган, «Пик Индустрия», «Технострой» каби ташкилотларнинг шартнома асосида Ўзбекистондаги ишончли вакили ҳисобланган «Панорама болалар уйи» МЧЖ сотгани ҳақида маълумотлар тўпланган.

Шу боис, Kun.uz'нинг ушбу шаҳардаги ҳудудий офиси ходими Анвар Мустафоқулов шу йил 19 март куни мавжуд маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида айрим саволлар билан фирма идорасига борган.

Аммо, мухбир у ерда фирманинг масъул ходимлари бўлиши мумкинлиги эҳтимол тутилаётган шахсларнинг таҳдидига учраган.

Мухбирнинг айтишича, дастлаб, ундан телефонни ўчириб туришни, вазият бўйича гаплашиб олишларини билдиришган, сўнгра турли ҳақоратли сўзлар билан ҳақоратлаб, ўлдириш билан таҳдид қилишган ва куч ишлатишга уринишлар бўлган. Вазият жиддийлиги ойдинлашгач, мухбир у ердан қочиб чиқишга муваффақ бўлган.

Kun.uz таҳририяти ўз хизмат вазифасини бажараётган журналистга таҳдид қилиб, унинг фаолият юритишига қаршилик қилиниши билан келишиб бўлинмаслигини таъкидлаган ҳолда Самарқанд вилояти ИИБдан ушбу ҳолатни ўрганиб, айбдор кимсаларга қонуний чора кўрилишини сўраб қолади.

Қўшимча сифатида, «Панорама болалар уйи» МЧЖ фаолиятига оид таҳририятни қизиқтираётган саволларни келтириб ўтамиз:

1. «Панорама болалар уйи» МЧЖ қандай асосга кўра Россия Федерациясидаги корхоналарнинг Ўзбекистондаги вакили ҳисобланади?

2. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали Россияга ишга юборилган меҳнат мигрантларига авиачипталар нима асосда айнан ушбу фирма орқали сотилган?

3. Авиачипталар бозордаги нархи бир томонга 2,5 млн сўм бўлгани ҳолда, меҳнат мигрантларига ҳар бири ўртача 4,5 млн сўмдан сотилишининг сабаби нимада?

4. Нима учун мигрантларга электрон авиачипталарнинг нусхаси ва тўлов квитанциялари берилмаган?

5. Авиачипта пуллари МЧЖ ҳисоб рақамига кирим қилинганми?

Таҳририят мазкур саволларга жавоб олишда меҳнат мигрантларини Россияга жўнатишда учинчи томон сифатида иштирок этган Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан амалий ёрдам сўраб қолади.

Суриштирувларимиз давом этади.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид