Ўзбекистон | 10:04 / 19.03.2021
2262
2 дақиқада ўқилади

Навоийда республика ишчи гуруҳининг суд-ҳуқуқ соҳасига оид сайёр қабуллари бошланди 

Олий суд, Бош прокуратура ҳамда бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳнинг Навоий вилоятидаги сайёр қабуллари бошланди. Дастлабки қабул кеча, 18 март куни Зарафшон шаҳрида ўтказилди. Унда Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманлари фуқароларининг мурожаатлари тингланди.

Сайёр қабулда 79 нафар фуқаро суд-ҳуқуқ соҳасида мурожаат қилган. Қабул қилинган мурожаатларнинг 21 таси жиноят, 26 таси фуқаролик,  8 таси маъмурий ҳамда 4 таси эса  иқтисодий ишлар бўйича судларга оид бўлган. 


 
Мурожаатларнинг 27 таси жойида ҳал этилиб, 52 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. 3 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинган. Таъкидланишича, ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилиб, тегишли судлов хайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.

Сайёр қабулда жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди томонидан 8 нафар шахс жазони ўташда муддатидан олдин шартли озод қилинган, 5 нафар маҳкумнинг жазоси енгилроғига алмаштирилган. Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди томонидан эса 3 нафар маҳкум муддатидан илгари шартли озод қилинган.

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди томонидан сайёр қабул арафасида 5 та иқтисодий иш мазмунан кўрилган эди. Шундан 3 та иш бўйича тадбиркорлар фойдасига жами 24 миллион 412 минг сўм ундирилган бўлса, тадбиркорга нисбатан асоссиз киритилган 51,4 миллион сўмлик 2 та иш қаноатлантиришдан рад қилиниб, тадбиркорнинг ҳуқуқлари суд томонидан ҳимоя қилинди.

Мавзуга оид