Жамият | 16:36 / 19.03.2021
18139
5 дақиқада ўқилади

«Нега ўқув марказини академик эмас, артист реклама қилади?» — ёш букблогерлар билан суҳбат

Букблогинг (китобга бағишланган блог юритиш) – Ўзбекистонда янги пайдо бўлаётган тенденция. Бир қатор китобсевар ёшлар ўзлари мутолаа қилиш билан чекланиб қолмай, китобхонликни оммалаштиришга ҳам ҳаракат қилишяпти. Мирзоҳид Музаффар, Моҳина Нурсаидова ва Ўктам Ўринтоев – ана шундай букблогерлардан.

Ўктам Facebook'да 35 мингдан зиёд китобхонни бирлаштирган «Китобхонлар давраси» гуруҳи модератори. У китобхонлар учрашувларини ташкил қилиш, янги нашр этилган асарларни тарғиб қилишда фаол иштирок этади.

Моҳина эса букблог юритиш билан бирга, хорижий адабиётларнинг оригинал нашрлари савдосини ҳам йўлга қўйган.

Мирзоҳид – ёш таржимонлардан. У хорижий тиллардаги сара асарларни ўзбекчага ўгириш билан шуғулланади, бу ҳаракатни кенгайтириш учун кўнгиллилардан жамоа ҳам тузган.

Kun.uz мухбири ёш букблогерлар билан суҳбатлашиб, улардан китоб мутолаасининг фойдалари, электрон китоблар даври, Ўзбекистонда китобхонлик муҳити, нашриётлар фаолияти, китоб ўқишга қандай рағбатлантириш мумкинлиги ҳақида сўради.

Мирзоҳид Музаффар, "Бобил кутубхонаси" блоги муаллифи:

— Ҳар бир халқда зиёлилар тоифаси бор, ўша зиёлилар ўша халқнинг рамзи бўлади. Авом эса доим қайсидир маънода енгилликка интилади. Масалан, биз ўзимизни Европа билан кўп солиштирамиз. Аслида евроликларнинг ҳам ҳаммаси эмас, зиёлилари кучлироқ. Бизнинг зиёлилардан кўра уларники ҳушёрроқ.

Европанинг энг китобхон давлати Нидерландияда одамлар балки қўшиқчиларга эмас, ёзувчиларга эргашар. Бизда эса бунинг акси. Нима учун ўқув марказини қизиқчи реклама қилади? Ваҳоланки, бизда академиклар бор. Аммо улар телевизорга чиқмайди.

Мирзоҳид Музаффар

Бу ўринда зиёлиларнинг дангасалиги ҳам бор. Совет даврида уларга ҳамма шароит муҳайё қилинган, улар эса фақат кабинетида китоб ўқишган, билимларини аудиториялардагина исботлашган. Халқ олдига эса фақатгина артистлар чиққан. Бундай бўлмаслиги керак, менимча.

100 йиллардан кейин, тўлиқ рақамли даврга ўтганимизда ҳам барибир қоғоз китоб ўқиш элита, аристократия рамзи бўлиб қолаверади.

Одамларни бутунлай китобга ўргата олмайсиз. Китоб ҳеч кимни саводли ва тарбияли қилиб қўймайди. Китобдан катта нарса кутиб юборамиз, муҳими одамнинг ўзида ҳам бўлиши керак. Шунинг учун ҳаммага кучни тенг тақсимлагандан кўра, озчиликни олиб, уларни китобхонликка тарғиб қилиш ва улар орқали халқни маърифатга чорлаш мумкин.

Моҳина Нурсаидова, "Mahin's world" блоги муаллифи:

Моҳина Нурсаидова

— Одамларимизнинг букблогингга эътибори сустлиги мени хафа қилади. Мисол учун, мен ясан-тусан қилиб тушган суратимни қўйсам, кўплаб лайк йиғишим мумкин. Лекин ҳафталаб ўқиб, кунлаб ревью ёзиб жойласам, лайклар сони 100тадан ошмайди, изоҳлар эса умуман ноль. Шунчаки одамларга қизиқ эмас.

Букблогинг бизда ҳозир кўпайяпти, лекин нашриётлар буни рағбатлантиришга суст қарашяпти. Масалан, Россияда нашриётлар букблогерларга дайжест юборишади. 5 та китоб чиқаришган бўлса, рўйхатни букблогерга беришади, у эса танлаб асарга ревью ёзади. Бизда эса асарга ҳатто танқидий тақриз сўрашмайди.

Фарзандингиз бўтқа ейишни бошлаши учун бўтқани қайта-қайта унинг олдига қўяверасиз-ку, китобга қизиқтириш учун ҳам шу даражада тарғиб қилиш керак. Шунда китоб ўқиш кераклиги онг остига сингиб кетади, ҳаётининг бир бўлагига айланади.

Таклиф беравериш керак, шундагина талаб пайдо бўлади. Агар одамларнинг талабини кутиб ўтираверсангиз, телевизордаги турк сериалидан нарига ўтишмайди. Турк сериалларига қизиқиш ҳам шундай пайдо бўлган. Қайта-қайта қўйилаверган, кейин талаб ҳосил бўлган.

Ўктам Ўринтоев, "Китобхон кундалиги" блоги муаллифи:

Ўктам Ўринтоев

— Мортимер Адлернинг «Китобларни қандай ўқиш керак?» деган китобида шундай дейилади: китоб ўқиш ҳам оғир меҳнат. Китоб ўқиганда сиз нафақат ақлан, балки жисмонан ҳам меҳнат қиласиз. Яхши китобни ўқисангиз, мутолаадан кейин мия уни таҳлил қилади, чарчайди. Шу нуқтайи назардан, одамлар китоб ўқишдан кўра енгил машғулотларга, масалан TikTok'ка кўпроқ ўч бўлишади.

Биздаги кутубхоналар фаолиятидан кўнглим тўлмайди. Биринчидан, уларнинг сони кам. Мисол учун, АҚШда кутубхоналар «Макдоналдс» кафеларидан ҳам кўпроқ.

Иккинчидан, мавжуд кутубхоналарни ҳам билмаймиз. Кўпчилик биладигани – Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона. Лекин у ерга кириб-чиқишда оворагарчилиги кўп. Кутубхона ҳаммага очиқ, ёшларни ўзига тортадиган жой бўлиши керак.

Бизда китобларнинг нархи арзон. Ўртача 20-30 минг атрофида. Шунинг учун бир ойда битта китоб ўқийман деган одам 20-30 минг сарфлаб китоб ола олади. Аммо сифат масаласи бор. Китоб қоғозлари, шрифти сифатли бўлиши керак, акс ҳолда кўзни чарчатади.

Шунингдек, муаллифлик ҳуқуқи муаммоли масала. Бизда ноқонуний фаолият юритувчи «нашриётлар» китобларни ҳеч бир муаллифлик ҳуқуқисиз нашр қилишади ва арзонга сотишади. Сифатли иш қиладиган нашриёт эса бунда зарар кўриб қолади.

Суҳбатнинг тўлиқ вариантини видеода томоша қилинг.

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид