Ўзбекистон | 11:46 / 19.03.2021
45664
2 дақиқада ўқилади

Президент Рустам Холматов нега ишдан олинганини маълум қилди

Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда. Сессияда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда. 

Рустам Холматов

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, сессияда сўзга чиққан давлат раҳбари вилоят салоҳияти ҳақида тўхталиб ўтди.

“Бу ерда йирик корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Бошқа вилоятларга нисбатан сизларнинг олдингизда қарзимиз бор, Тошкент вилоятига яхши ҳоким топа олмаяпмиз. Бошқа вилоятларда ҳокимлар ўн йиллаб ишлаяпти, аммо аҳолиси деярли 3 миллион киши бўлган улкан вилоятга яхши йўлбошчи топиш муаммоси сизлар каби мени ҳам ўйлантиради. 

Рустам Холматовнинг ўзи ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзди, мен уни ўша пайт ишдан бўшатиш ниятим йўқ эди. Унинг ўзи бугунги кун талабини тушуниб шу қарорга келди, мен ҳам унга яраша иш бердим. Лекин 22 туман ва 7 шаҳар ҳокимларининг бирортаси ўзи ариза ёзгани йўқ, Холматов сингари мард бўлиб хатосини тан олмади, агар кимдир шундай қилганида уни ишдан бўшатмай ҳар тарафлама қўллаб-қувватлардим”, деди президент. 

Президент кейинги вақтларда вилоятда шунга яраша дадил ҳаракатлар сезилмаётгани, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича улкан салоҳият тўлиқ ишга солинмаётганини кўрсатиб ўтди. Ўтган йили инвестициялар ҳажми 2019 йилга нисбатан 17 фоизга кам бўлгани айтилди.

Маълумот учун, Рустам Холматов 2019 йил 4 июндан Тошкент вилояти ҳокими вазифасида ишлаб келаётганди. У 2021 йилнинг январ ойи охирида лавозимидан озод этилди.

Рустам Холматовнинг ўрнига Тошкент шаҳар ҳокимининг собиқ биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Мавзуга оид