Ўзбекистон | 18:53 / 20.03.2021
7805
2 дақиқада ўқилади

«Бизни ёпиб қўйишади». Маск Tesla автомобилларидан жосуслик учун фойдаланиш хатари ҳақида гапирди

Аввалроқ Reuters ва Bloomberg Хитойда ҳарбий объектлар ва гарнизонлар ҳудудига Tesla автомобилларида кириш тақиқлаб қўйилгани ҳақида ёзганди.

Фото: Getty Images

Tesla бош директори Илон Маск агар унинг автомобиллари жосуслик учун фойдаланилган бўлганида компания аллақачон ёпилиб кетган бўларди, деди. Reuters агентлигининг ёзишича, миллиардер бу ҳақда Хитойни ривожлантириш форумида айтган.

Маск Reuters ва Bloomberg тарқатган хабарларга ана шундай муносабат билдирди. Аввалроқ бу агентликлар Хитойда ҳарбий объектлар ва гарнизонлар ҳудудига Tesla автомобилларида кириш тақиқлаб қўйилгани ҳақида ёзганди. Маълум қилинишича, бу тақиқлов автомобилларга ўрнатилган камералар бирор махфий маълумотни йиғиши ва муайян объектларнинг жойлашувини ошкор қилишидан хавотир сабабли киритилган. 

«Агар тижорат компанияси жосуслик билан шуғулланса, компания учун бунинг салбий оқибатлари жуда кучли бўлади. Масалан, агар Tesla автомобилларидан Хитой ёки бошқа ерда, ҳар қандай мамлакатда жосуслик учун фойдаланган бўлганида, бизни ёпиб қўйишарди», — дея Маскнинг сўзларидан иқтибос келтиради Bloomberg.

Хитой дунёдаги энг йирик автомобил бозори ҳисобланади. Tesla ўзининг электромобиллар ишлаб чиқарувчи хориждаги биринчи заводини айнан ўша ерда, Шанҳайда очган. Tesla 2020 йилда Хитойда 147 445 дона – бутун дунёда сотилган автомобилларининг 30 фоизини сотган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид