Ўзбекистон | 09:13 / 20.03.2021
51802
10 дақиқада ўқилади

«Шоввозсой» атрофидаги шов-шув ва бошқа мавзулар: Комил Алламжонов билан суҳбат

Ўтган ойда ижтимоий тармоқларда «Шоввозсой» дам олиш маскани Ўзбекистон раҳбарияти учун қурилгани ҳақида тахминлар пайдо бўлган эди. Кўп ўтмай «Ўзбекистон темир йўллари» бу масала бўйича изоҳ бериб, хабар асоссиз ва нохолис эканини маълум қилди.

18 март куни шу ҳақдаги саволга жавоб берган президент Шавкат Мирзиёев бу маскан давлатга тегишли экани, мартабали ё Ўзбекистонга фойдаси тегадиган инсон келса, ўзи ҳам меҳмон билан боришини айтиб ўтди.

Шу ва бошқа мавзуларда биз билан суҳбатлашган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов президентга унинг шахсиятига доир ижтимоий тармоқларда тарқалган масалалар юзасидан савол берилиши ва унинг очиқ мулоқот қилиши Ўзбекистонда сўз эркинлиги яна бир поғонага кўтарилишига хизмат қилишини таъкидлади.

Суҳбат давомида Комил Алламжоновдан ушбу масала юзасидан Ўзбекистон фуқароси ва президентнинг собиқ матбуот котиби сифатидаги мулоҳазалари ҳақида сўрадик.

«Президентимизнинг жавобларидан кейин бу масалага ўрин қолмади, деб ҳисоблайман. Биз ҳар доим ҳар қандай кўтарилган масалага зудлик билан ва тўғри жавоб бериш тарафдори бўлиб келганмиз. Самимийлик ва очиқлик фойда берса берадики, лекин зарар келтирмайди.

Ҳар доим бир фикр тарқалдими, иккинчи тарафнинг ҳам фикри билан қизиқиш керак. Энди бу масалада у томоннинг ҳам, бу томоннинг ҳам маълумотларини эшитиб, халқнинг ўзи хулоса чиқариб олади, деб ўйлайман. Энг асосийси, президентимизнинг ўзлари билан боғлиқ шахсий масалага ҳам очиқ юз билан жавоб беришларини мен яхши сигнал деб ҳисоблайман», – деди Комил Алламжонов.

– Аввалроқ «Ўзбекистон темир йўллари» ҳам шу масалада изоҳ берган эди. Сизнингча, ташкилотнинг жавобида президент Шавкат Мирзиёев берган изоҳларга тўғри келмайдиган ноаниқликлар кузатилмадими?

– Бу ҳолатларни мен ҳам Ўзбекистон фуқароси сифатида кузатиб бордим. Албатта, буни «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизматининг пала-партиш ва ўйламай қилган иши деб ҳисоблайман. Уларнинг ёлғон маълумотлар бериши, ўша видеоларни тарқатиши қандай оқибатларга олиб келишини бугун матбуотда кўрдик.

Матбуотда бир олтин қоида бор: «Ҳар қандай берилаётган маълумот ёки изоҳ ёлғондан иборат бўлиши керак эмас». Мусулмончасига айтганда, ёлғон аралашган жойдан барака қочади. Шунинг учун ҳам биз доим матбуот хизматлари ходимларининг малакасини ошириш жуда ҳам муҳимлигини айтиб келамиз. Ўйламасдан тарқатилган бу маълумот ҳам қандай миш-мишлар ва ёлғон маълумотлар кўпайиб кетишига сабаб бўлди.

Комил Алламжонов

– Сўнгги вақтларда президент Шавкат Мирзиёев ўтказадиган мажлислар ва ташрифларни ёритишга хусусий ОАВ ҳам жалб қилиняпти. Баъзида журналистлар билан савол-жавоблар ҳам кузатиляпти. Бу борада фикрларингиз қандай?

– Мен президентимизнинг олдида ва жамоасида озми-кўпми елкама-елка ишлаган одам сифатида айтаманки, бу очиқлик сиёсати ва халқ олдида ҳисобдорлик – у кишининг самимий хоҳишлари.

Матбуот котиби бўлиб иш бошлаган пайтларимда тўғридан тўғри эфирлар ёки баҳсли масалаларга зудлик билан берилиши керак бўлган жавоблар аслида қайсидир жамоа ишининг натижаси эмасди, балки президентнинг ўз хоҳишлари бўлган. Уларда ҳар доим интернет хабарларини ўқиб туриш имконияти бор. Ҳар кунги ҳолат бўйича дайжестлар ва маълумотлар бериб турилади.

Матбуот ва очиқлик бу фақатгина ишни кўрсатиш эмас, балки фуқароларнинг қилинаётган ишларга реакциясини билиб туриш механизми ҳамдир. Одамларнинг дарди ва хоҳишларини билиб туриб, иш режаларини ташкил қилиш фақатгина тараққиётга олиб келади.

– Бир қанча вақт аввал президент матбуот хизмати «Махсус ракурс» лойиҳасини йўлга қўйди. Аввал қуруқ ахборот етказилган бўлса, энди президент ташрифларига бошқача ёндашув кузатилмоқда, кадр ортидаги қизиқ ҳолатлар ҳам намойиш қилинмоқда. Сизнингча, нима учун бу каби лойиҳалар олдинроқ бошланмаган?

– Буларнинг ҳаммаси кадрларга боғлиқ масала. Президент ҳам кўп бора таъкидлаганидек, кадрлар етишмовчилиги – асосий муаммолардан. Йиллар давомида таълим соҳаси қандай бўлиб келганини ҳаммамиз яхши биламиз. Журналистика соҳасини битирганлар ҳам ўша пайтда цензуранинг кучлилиги ва ёпиқлик ҳисобига бошқа соҳаларга кетиб қолишган. Шунинг учун буларнинг изига тушиши учун маълум муддат керак бўлади.

– Агар очиқлик сиёсати шундай давом этадиган бўлса, яқин келажакда президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий ёки хорижий ОАВга интервью бериши мумкинми?

– Менимча, шундай бўлади. Аввал шунақа жараён эдики, олдин иш қиламиз, кейин кўрсатамиз, шунда гапирадиган гапимиз бўлади, дейиларди. Лекин бу ҳолат ҳам [президентнинг интервью бериши] келади. Ҳамма гапиришга қўрқиб турган ҳолат юзасидан президентга савол берилиши ҳам бу очиқликнинг нишонаси.

Айримлар айтиши мумкин, бунга ҳам шундай катта воқеадай қараб интервьюлар беришини қара, дейиши мумкин. Дунё учун майда ҳисобланган нарса бизда йўқ бўлгани ва пайдо бўлиши ҳар доим арзирли ва шов-шувли ҳолат деб қабул қилинади.

«Шоввозсой» масаласига келадиган бўлсак, битта нарсани билишимиз керак, президент бу жойни давлатга тегишли эканини айтди. Аслида, давлат раҳбарлари учун бундай резиденциялар бўлиши бу нормал ҳолат. Чунки президентларнинг олий мартабали меҳмонлар келганда уларни қабул қиладиган ва меҳмон қиладиган жойлари бўлиши керак. Бу меҳмондорчилик ва яқин муносабатлар пировардида халқ фаровонлигига олиб келади. Бизнинг манфаатларимиз учун, қандайдир масалаларни ҳал қилиш учун раҳбарлар расмий ва норасмий форматларда учрашувлар ўтказади.

Одатда президентларнинг ўз саройлари бўлади. Бизда эса давлат раҳбари Сенат биносида ўтирадилар. Агар бу шунчалик муҳим бўлганда, шунча ташвиш турганда шунақа бино юракка сиғганда, биринчи бўлиб ўзларига катта бир расмий сарой қуриб олсалар ҳам бўларди.

Ижтимоий тармоқларда аввал бундай саройлар бўлмаган-ку, деган гаплар ҳам бўлди. Мен буларга қўшилмайман. Масалан, Ислом Каримов даврида Қайнарсой дам олиш маскани ёки ҳар бир вилоятда [президент учун] алоҳида резиденция бўларди.

– Юқоридаги саволимнинг давоми сифатида, агар президент интервью бериши маълум бўлса, сиз суҳбатда Ўзбекистондаги қайси нашр журналистини кўряпсиз?

– Агарда мен ҳозир матбуот котиби бўлганимда президент билан интервью самарали бўлиши учун энг қамрови катта, савияли ва сифатли ОАВни танлаган бўлардим. Биздаги маълумотлар ва ўрганишларга қараганда, бу ўринга Kun.uz'дан бошқа сайтни кўрмайман. Лекин бошқа ОАВлар ҳам президентдан интервью олишга лойиқ деб ҳисоблайман. Шунинг учун, менимча, ҳозирча энг яхши формат бу – барча энг фаол нашрларнинг мухбирлари билан давра суҳбати қилинса, жуда ҳам мақсадга мувофиқ бўларди.

– Халққа президентнинг нафақат расмий чиқишлари, балки оддий инсон сифатида қандай дам олиши ва қизиқишлари ҳам қизиқ. Президентнинг собиқ матбуот котиби сифатида бу ҳақда ҳам айтиб бера оласизми?

– Президент билан ишлаган вақтларимда ва ҳозир ҳам шундай ўйлайманки, у кишида дам олиш деган тушунчанинг ўзи йўқ. Бу самимий гап, буни кимнидир яхши кўрсатиш учун айтмаяпман. Вилоятларга борганимиздаги темп ва ҳаракатдан мен ёш бўлиб туриб ҳам чарчаб қолардим. Овқат ейишга ҳам, сув ичишга ҳам вақтимиз бўлмас эди.

«Президентнинг бир куни» деган видео қилган эдик, ҳақиқатдан шундай тиғиз бўлади кун тартиби. Охири соғлигим ҳам кўтара олмай қолди. Матбуот хизматидан кетишимга ҳам сабаблардан бири шу бўлди. Тинимсизлик, ҳаловатнинг ўзи йўқ. Биз: «Балки озгина дам оларсиз, бу режаларни кейинга қолдирармиз», десак, «йўқ» дейиларди. Хорижга ташрифлардан келибоқ эртаси куни вилоятларга чиқиб кетардик.

Президент келишларига тайёргарлик кўриш юзасидан ҳам жуда кўп гаплар гапирилади. Биринчи ишга келганимда, президент билан кортежда нотекис ва жуда чанг йўлларда юрдик. Жаҳлим чиқиб, давлат раҳбари келишига сал тайёргарлик кўриб, йўлларни тўғрилаб қўйишмайдими дедим. Кейинчалик менга президент кўзбўямачиликка йўл қўймаслик керак, мен ўзим биламан бу йўлларни деганини айтишди.

Лекин ўзбекчилик деган нарса бор, меҳмон яхши кутиб олгиси келиб, барибир ҳокимларимиз нималардир қилишади, ошириб ҳам юборишади. Лекин аслида давлат раҳбари томонидан бунга хоҳиш йўқ.

Интервьюнинг тўлиқ шакли билан видеода танишишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзуга оид