Жамият | 18:27 / 21.03.2021
15164
5 дақиқада ўқилади

«Ота касбни беш ака-ука давом эттиряпмиз» — риштонлик тандирчи устахонасида

Ҳозир кўпчилик нонни электр печларида пиширишга ўтиб кетди. Аммо печда пиширилган нон барибир қадимий анъаналар асосида тандирда ёпилган нонга тенглаша олмайди.

Риштон туманининг Оқ ер қишлоғида таниқли тандирчилар истиқомат қилади. Улар ясаган тандирлар вилоятнинг кўплаб уйларида фойдаланилмоқда.

Тандирчи ҳунарманд Салоҳиддин Жўраев 30 йилдан буён қишин-ёзин ўз хонадонида тандир ясаш билан машғул. Унга ўғиллари Ҳусниддин Ҳакимов ва Аслиддин Ҳакимовлар кўмак беради.

«Тандирчилик – отамерос ҳунар. Отам 50 йил тандирчилик билан машғул бўлган. Отам улғайтирган 5 ўғилнинг ҳаммаси тандирчиликни ўзига касб қилган. Аллоҳга шукр, тирикчилигимиз мана шу ҳунар ортидан бўляпти. Даромадимиз яхши.

Уч фарзандим бор. Икки ўғлим ҳам оилавий анъанага содиқ қолишди. 50 ёшга борган бўлсам, унинг 30 йилида буён тандирчилик билан машғулман. Отамнинг ёнларида юриб, бу касбга меҳр қўйганман.

Тандир тупроғини Риштон шаҳри марказидан олиб келамиз. У оддий тупроқ эмас. Ранги сариқ, қайишқоқ. Бу тупроқдан кулоллар ҳам фойдаланади. Тупроқнинг бир «Камаз»ини 500 минг сўмга сотиб оламиз. Бир машина тупроқдан тахминан 100-150 та тандир чиқади.

Одатда 3 хил тандир ясаймиз: хонадон, новвойхона ва сомса тандир. 10 нафар шогирд чиқардим. Улардан ташқари, тандир ясашни қўни-қўшни ва жиянларимга ҳам ўргатганман.

Кунлар совуқ бўлгани учун битта тандир ҳозирги кунда 3 кунда битяпти. Ёз кунларида ҳаво иссиқлиги ҳисобига битта тандир 2 кунда тайёр бўлади. Новвой тандирларимизнинг ҳажми катталиги учун 4 кунда тайёр бўлади. Сомса тандирлар эса 2 кунда битади.

Тандир ясалиш жараёни ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Энг аввало тупроқ махсус идишга солиниб, устига сув қуйилади. Тупроқ идишда бир-икки кун мобайнида лой шаклига келади. Ундан кейин пишиқлигини ошириш учун лойга қўй жуни ва сомон қўшамиз. Жун ва сомон аралаштирилган лой яхшилаб пишитилади. Жун лойни қайишқоқ ҳолатга келтиради. Сомон ва жун қўшилган тандирлар ёрилиб кетмайди. Тандир пишиб етилгунча сомон ва жун тандирни мустаҳкам ушлаб туради. Кейинчалик таркибига сингиб йўқ бўлиб кетади улар.

Сўнг ундан пеш очамиз. Пеш бир кунда етилади. Етилгандан кейин уни кўпчилик бўлиб кўтариб алоҳида жойга доирасимон шаклда қўямиз. Кўтарилган пеш доира шаклида тиккалангач, унинг икки учи бир-бирига бириктирилади. Чокни бириктиршга алоҳида эътибор қаратамиз. Чунки хонадонларга олиб борилган тандирлар чокдан қўйиб юбормаслиги жуда муҳим.

Пешлар махсус асбоблар билан икки томондан урилиб, зич ҳолатга келтирилади. Биринчи қават тайёр ҳолатга келтирилгандан кейин, 2-қаватни ҳам ҳудди 1-қаватдагидек пеш билан кўтарилади.

1-қават устига бошқа бир пеш уланади. 2-қават ҳам битганидан кейин тандирга лаб ясалади. Лаб ҳам тайёр бўлгач, тандир қуёш иссиғида яхшилаб қуритилади. Тайёр ҳолга келган тандирни машинага юклаб сотгани олиб кетамиз.

Тандирларни буюртмага қараб хонадонларга олиб бориб, қуриб ҳам берамиз. Ҳозирги кунда хонадон тандирларини 80 мингдан 100 минг сўмгача, катта новвой тандирлар 500-600 минг сўмгача, сомса тандирларни эса 300 минг сўмгача сотяпмиз.

Сомса тандирларни асосан Олтиариқ туманига олиб борамиз. Чунки Олтиариқ сомса тандири билан машҳур. Шунинг учун ҳам сомса тандир бу туманга кўп сотилади. Фарғона шаҳрига эса новвой тандирлар олиб бориб сотиб келамиз.

Оилавий тадбиркормиз. Қишда кунлар совуб кетганида дам оламиз. Баҳор, ёз ва куз фасллари биз учун «сезон». Айниқса, ёз фасли биз тандирчилар учун ҳақиқий мавсум саналади.

Ўғилларим ҳам қизиқиб тандирчиликни танлашди. Мен бунга қаршилик қилмадим. Ҳунарли инсон кам бўлмайди.

Ҳунар ортидан қизимни чиқардим. Иморатлар қурдик. Икки ўғилни уйли-жойли қилдим. «Damas», «Labo» ва ер ҳайдайдиган мини трактор сотиб олдик. Тандирчиликдан, ҳалол меҳнат эвазига топганларимизга Аллоҳ барака беряпти. Аҳоли меҳнатимиздан ҳурсанд бўлса, барака топамиз,»– дейди биз билан суҳбатда Салоҳиддин Жўраев.

Ҳунардан ризқинг унар, деганларидек, қишлоқдаги оддий бир оила ҳунар ортидан кам бўлгани йўқ. Оила Оқ ер қишлоғида ҳалол меҳнати туфайли ҳурмат топган. Хонадонда тайёрланган тандирлар эса Фарғона вилоятининг кўплаб хонадонларига кириб борган.

Тандирчи Салоҳиддин Жўраев хонадонидан кетар чоғимиз ҳунарманднинг ишларига ривож тилаб, эл хизматидан асло чарчамаслигини тиладик.

Сарвар Зияев,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид