«Ўзагросуғурта» ва «Капитал суғурта» сирдарёлик балиқчиларнинг мурожаати юзасидан муносабат билдирди
16 март куни Kun.uz «Сардоба фожиаси келтирган талафот – балиқчилар кўрган зарар қачон қоплаб берилади?» номли танқидий мақола эълон қилинди. Мақолада Сардоба сув омборининг бузилиб кетиши оқибатида Сирдарёдаги ўнлаб балиқ хўжаликлари сунъий кўллари ва ундаги балиқлар нобуд бўлгани, бунинг учун давлат тарафидан ваъда қилинган зарар қопланмаётгани маълум қилинган.
Шунингдек, мақолада балиқ хўжалиги раҳбарларидан бири «Ўзагросуғурта» ва «Капитал суғурта» каби компаниялар ҳам суғурта ҳодисаси бўйича пул тўлаб бермаётганини даъво қилган.
Суғурта компаниялари балиқ хўжалиги раҳбарларининг мурожаати юзасидан ўрганиш ўтказиб, ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
«Ўзагросуғурта» АЖ матбуот котиби Шуҳрат Қобилов:
— Мақолада «Азиз Шохруз Файз» БФХ томонидан тилга олинган важлар ўрганилди. Унга кўра, «Ўзагросуғурта» АЖ Сирдарё вилояти филиали Гулистон шаҳар бўлинмаси ҳамда «Азиз Шохруз Файз» БФХ ўртасида 2017 йил 24 январда мол-мулкни суғурталаш шартномаси имзоланган. Шартномага асосан, «чойхона биноси» гаровга қўйилган ва банкдан балиқчилик хўжалигини ривожлантириш мақсадида кредит олинган. Амалда Гулистон шаҳар 3-мавзе «Обод юрт» маҳалласи Ибн-Сино кўчасида жойлашган ушбу мол-мулкка Сардоба сув тошқинидан ҳеч қандай зарар етмаган.
Лавҳада намойиш этилган «Амур-Фиш» масъулияти чекланган жамияти ва «Ўзагросуғурта» АЖ ўртасида «Гаровга қўйилаётган автотранспорт воситаларини суғурталаш» шартномаси имзоланган. Суғурта бўйича 2 (икки) дона автотранспорт воситасига ҳеч қандай шикаст ёки зарар етмаган. Тузилган суғурта шартномаси фақат гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан олиб борилишини назарда тутади. Бинобарин, «Амур Фиш» МЧЖ томонидан балиқчилик ҳавзасининг сув тошқинидан кўрилган зарарини қоплаш тўғрисида «Ўзагросуғурта» АЖ Сирдарё вилояти филиали Гулистон шаҳар бўлинмасига оғзаки ёки ёзма равишда мурожаат келиб тушмаган.
Шунингдек, «Ўзагросуғурта» АЖ лавҳада намойиш этилган яна бир мурожаатчи Шойимқул Очиловнинг яқинлари билан шартнома имзолаган. Ушбу фуқарога шартномада кўрсатилган муддат якунланганда, яъни 2022 йил октябрь ойида белгиланган суғурта пуллари тўлаб берилади. Бу борада Шойимқул Очилов билан ҳам мулоқот қилиниб, вазият тўлиқ тушунтирилди, ҳозирда у киши бизнинг фирма фаолиятидан эътирози йўқлигини маълум қилган.
«Ўзагросуғурта» АЖ «FISH HOUSE GRAND» балиқчилик хўжалиги билан ҳам суғурта шартномасини тузган. Ушбу хўжаликка суғурта пуллари тўлаб берилмаганининг сабаби – етган зарар шартномада кўрсатилган суғурта қалтисликларига кирмайди. Шартномага кўра, ёнғин, портлаш, бўрон, кучли шамол, кўчки, зилзила, ядро энергияси таъсири, дўл, қалин қор ёғиши, қаттиқ совуқ тушиши ва бузиб кириб ўғрилик қилишлар суғурта қалтисликлари дея эътироф этилган. Компания сув тошқини оқибатида етиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш мажбуриятини олмаган.
Шунингдек, «Навруз қут-барака» балиқчилик фирмаси ҳам «Ўзагросуғурта» АЖ билан суғурта шартномасини имзолаган. Ҳозирда етказилган зарар миқдорини ҳисоблашда ноаниқликлар ва гумон туғдирувчи ҳолат мавжудлиги туфайли бу иш юзасидан суд жараёнлари давом этмоқда. Суднинг якуний қарорига асосан, бу борада узил-кесил фикр билдириш мумкин.
«Капитал Суғурта» АЖ департаменти бошлиғининг ўринбосари Неъматжон Яҳёев:
— 2020 йил май ойида Сардоба тошқини юз берган даврда жамият томонидан ушбу ҳудуд доирасида тузилган барча суғурта шартномалари ўрганиб чиқилган. Ўрганишларимиз натижасига кўра, суғурта ташкилотимиз томонидан Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларидаги жисмоний ёки юридик шахслар билан уларнинг мулки зарар етказилишидан суғурта қилингани ҳолатлари аниқланмади.
Шунингдек, «Капитал Суғурта» акциядорлик жамиятининг Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган балиқ хўжаликлари, жумладан «Азиз-Шохруз-Файз» балиқчилик хўжалиги олдида суғурта товонини тўлаш бўйича ҳеч қандай мажбурияти мавжуд эмас.
Хусусан, 2021 йил 18 март ҳолатига, «Капитал Суғурта» акциядорлик жамиятига бирор бир балиқчилик хўжалиги, жумладан «Азиз-Шохруз-Файз» балиқчилик хўжалиги номидан ҳам бирон бир марта суғурта товонини тўлаб беришни сўраб ариза келиб тушмаган. Бундай ариза берилишига асос ҳам йўқ. Чунки «Капитал Суғурта» акциядорлик жамияти ҳамда бирор бир балиқчилик хўжалиги, шу жумладан «Азиз-Шохруз-Файз» балиқчилик хўжалиги ўртасида 2020 йил май ойида амалда бўлган суғурта шартномаси мавжуд эмас.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, «Капитал Суғурта» АЖ Сардоба фожиаси келтирган талафот бўйича суғурта товонларини тўлашдан бош тортяпти» қабилидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.
***
Суғурта компаниялари фуқаролар ва тадбиркорлар шартномада кўзда тутилган шартларни диққат билан ўқиб чиқиши кераклиги, мажбуриятлар бажарилиши юзасидан пайдо бўлган саволлар ва тушунмовчиликлар бўйича компанияга расман мурожаат қилиш мумкинлигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Сирдарё вилояти бўйича 72та балиқ хўжалигининг 3 461 гектар ер майдони кўрган 100 миллиард сўмдан ортиқ зарар жорий йил март ойи якунига қадар қоплаб берилиши ваъда қилинган.
Вилоят ҳокими ўринбосари Анвар Каримов ҳозирда маҳаллий бюджетда бунча миқдорда пул йўқлигини, шу сабабли Молия вазирлигига хат киритилиб, март ойининг охиригача пуллар тўлаб берилиши кутилаётганини айтганди.
Мавзуга оид
12:37 / 05.11.2024
Сирдарёда буви ва невара қарийб 7 кг тилла тақинчоқни чегарадан яширинча олиб киришга уринди
13:10 / 06.10.2024
Антикоррупция агентлиги: Сирдарё вилоятида 5 нафар ҳоким коррупциявий жиноят содир этган
13:20 / 29.09.2024
Сирдарёда Гулистон Сув иншоотлари бошқармаси ер кадастри бўлим бошлиғи ушланди
19:22 / 21.09.2024