Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пандемия даврида нега демографик «портлаш» содир бўлмади: туғилиш кўрсаткичлари бўйича тадқиқот натижалари
Коронавирус пандемияси сабабли бутун дунё бўйлаб одамларнинг уйларига «қамалиши» туғилишлар сонининг ортишига олиб келади, деган тахминлар ўзини оқламади. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, АҚШда туғилиш кўрсаткичи ўсишни эмас, балки асрнинг энг катта пасайишини қайд этди. Европанинг баъзи қисмларида эса бу кўрсаткич янада кўпроқ пасаймоқда.
Германиялик Фредерик пандемия бошида ота-онасининг уйига кекса қариндошига ғамхўрлик қилиш учун кўчиб келган ва буни ўз оиласи билан бирга вақт ўтказиш учун ажойиб имконият, деб ўйлаганди.
Аммо бир неча ойдан сўнг 33 ёшли Фредерик чуқур йўқотиш ҳиссини туя бошлайди. У турмуш қурмаган, пандемия эса уни оила қуриши мумкин бўлган одам билан учрашиш имкониятидан маҳрум қилаётганди.
«Вақт мен учун чиндан ҳам ғоят қадрли, аммо ҳаётим тўхтатиб қўйилганга ўхшайди», деб изоҳлайди бу туйғуни у.
Шунингдек, у ким биландир онлайн тарзда танишишга уриниб кўрган, аммо қишнинг совуқ кўчалари романтик муносабатларни ўрнатиш учун жуда ноқулайлик туғдирган.
«Бу иш (пандемия – таҳр.) тугаганда мен фарзанд кўриш учун энг маъқул ёшимни йўқотган бўламан. Фарзанд кўришим мумкин бўлган ёшларимни уйга қамалган ҳолда ўтказяпман», деган хаёл у тушкунликка тушган лаҳзаларда миясида тинимсиз чарх урадиган бўлиб қолган.
Тадқиқотчилар прогнози
Демографларнинг нуқтайи назарига кўра, ушбу даврда туғилиш коэффициенти пасайиши ажабланарли ҳолат эмас.
«Эпидемиянинг қанчалик таъсирга эка эканини кўргач, натижадан ҳайрон бўлмадим. Аммо шунга қарамай, шунга ўхшаш ҳолатларга гувоҳ бўлиш инсонда шок таъсирини яратади», дейди АҚШнинг Мэриленд университети социология профессори Филипп Н Коэн.
Ўтган йилнинг июнида АҚШдаги Брукингс институти иқтисодчилари эпидемия даврида мамлакатда 300 минг нафар камроқ чақалоқ туғилишини тахмин қилишган эди.
Айни даврда Европада одамларнинг фарзанд кўриш режаларини ўрганган тадқиқот натижаларига кўра, Германияда ва Францияда 2020 йилда фарзанд кўришни режалаштирганларнинг 50 фоизи туғилишни кейинга қолдиришга қарор қилган. Италияда эса фарзанд кўришни режалаштирганларнинг 37 фоизи бундан бутунлай воз кечган.
АҚШ Эпидемияни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) томонидан тайёрланган ҳисоботда таъкидланишича, ўтган йилнинг декабрида туғилиш коэффициенти 8 фоизга камайган.

Аввалроқ Италиядан олинган маълумотлар йил бошида туғилишнинг 21,6 фоизга пасайишига ишора қилганди. Испанияда эса статистика юритилиб келинаётгандан бери 20 фоизга пасайиш билан энг паст туғилиш даражасига тушиб қолинган.
Пандемия бошланганидан тўққиз ой ўтгач, 2020 йилнинг декабри ва 2021 йилнинг январида Франция, Корея, Тайван, Латвия, Литва ва Эстонияда сўнгги йигирма йил ичидаги туғилишнинг энг паст кўрсаткичлари қайд этилди.
Германиядаги Макс Планк номидаги аҳолини ўрганиш институти вакили Жошуа Уайлд ушбу тенденция мазкур йўналишда давом этишини башорат қилганди. У олиб борган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу таъсир АҚШда, ҳеч бўлмаганда, бир неча ойлар мобайнида давом этиши мумкин.
Ушбу тадқиқот доирасида Жошуа Уайлд ва унинг жамоаси Google’даги қидирувлар орасидан ҳомиладорлик ёки ҳомиладорлик аломатлари билан боғлиқ излашларни АҚШ мисолида пандемиядан олдинги ҳолат билан таққослади. Октябр ойида тадқиқотчилар 2021 йил феврал ойида туғилиш 15,2 фоизга пасайишини тахмин қилишди ва бу башорат тўғри чиқди. Эндиликда улар бу пасайиш августгача давом этишини таъкидлашмоқда.
Бу ҳолат дунё миқёсида бир асрдан ошиқ вақт давомида туғилиш коэффициенти энг катта пасайишга учраганини англатади. Прогнозларга кўра, бу таъсир 2008 йилдаги молиявий инқироз ёки 1929 йилдаги «Буюк тушкунлик»дан ҳам узоқроқ давом этиши мумкин.
Иқтисодий инқирозлар ва эпидемиялар таъсири
Умуман олганда, молиявий инқирозлар ва эпидемиялар туғилиш коэффициентининг пасайишига, кейинчалик эса унинг бирдан «сакраш»ига олиб келади.
Тадқиқотчи Жошуа Уайлднинг айтишича, эпидемиянинг биринчи тўлқини ниҳоясига етар экан, ҳамма: «Энди фарзанд кўриш вақти келди», деб ўйлаганини тахмин қилиш мумкиндир. Аммо бу сафар бундай бўлмади. Маълумотлар буни кўрсатмаяпти. Инсонлар ҳақиқатан ҳам узоқ вақт кутишни афзал кўришмоқда.
Айримлар эса фарзанд кўриш фикридан буткул воз кечмоқда.
Нигериялик икки фарзанднинг отаси Стив бу фикрни оқилона қарор, деб биладиганлар тоифасидан. У икки ўғилнинг отаси. Унинг икки ўғли ўз сингиллари бўлишини жуда-жуда исташади. Шундай бўлса-да, ҳозирги тўрт кишилик оила Стив учун етарли. Унинг Нигерия иқтисодиётидан келиб чиқиб фикр билдиришича, келажак ноаниқликка тўла.
«Covid-19 туфайли турмуш ўртоғим ҳам бошқа фарзанд кўрмаслик фикрини қабул қилди», дейди у.
Стив ва унинг рафиқаси сингари ўрта синф оиласи учун фарзанд кўриш ёки кўрмаслик масаласи танлов бўлиши мумкин. Аммо ҳамма учун ҳам бундай эмас.
БМТнинг жинсий cоғлик ва она саломатлиги бўйича муассасаси пандемия туфайли 115 мамлакатда қарийб 12 миллион аёл оилани режалаштириш хизматларидан фойдаланишни тўхтатиб қўйганлиги, бу эса 1,4 миллион режаланмаган ҳомиладорликка олиб келиши мумкинлигини хабар қилди.
Биргина Индонезиянинг ўзида ҳукумат эпидемия туфайли режадан ташқари ярим миллион бола туғилишини тахмин қилмоқда.
Эпидемия сабабли эълон қилинган чекловлар даврида ҳукумат томонидан қишлоқ ва шаҳарларга юборилган транспорт воситалари радиокарнайлари орқали «Оталар, ўзингизни назорат қилинг» ёки аёлларга қарата «Сиз севишишингиз мумкин, турмуш қурган бўлишингиз мумкин, аммо ҳомиладор бўлиб қолманг» каби «огоҳлантиришлар» берилди.
Индонезиянинг оилани режалаштириш агентлигининг таъкидлашича, тахминан 10 миллион киши чекловлар сабаб дорихона ёки клиникаларга бора олмагани учун туғилишни назорат қила олмаган.

Нима учун АҚШ ва Европада туғилиш даражаси пасаймоқда?
АҚШнинг Индиана университетига қарашли Кинсей институти томонидан ўтказилган тадқиқотда қатнашганларнинг 40 фоизи эпидемия даврида нисбатан кам жинсий ҳаёт кечирганини айтган.
Хитойда ўтказилган кичикроқ миқёсдаги тадқиқот ҳам шунга ўхшаш натижаларни берди.
Жанубий Осиёда ўтказилган тадқиқотда эса одамларнинг жинсий ҳаётида ҳеч қандай ўзгариш содир бўлмади, деган хулосага келинган.
Аммо Маастрихт университети мутахассиси Марике Девит бундай тадқиқотларга жуда эҳтиёткорлик билан ёндашиш кераклигини таъкидлайди.
«Пандемиянинг жинсий ҳаёт ва муносабатларга таъсири ҳақида одамлар турлича муносабатда бўлиши мумкин. Баъзи одамларда стресс жинсий истакни кучайтиради, бошқаларда эса сўндиради», дейди у.
Масаланинг бошқа бир учи иқтисодий вазиятга бориб тақалади.
Ғарб аҳолисининг қариш муаммоси
Тарих давомида турли мамлакатларда ўтказилган кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатдики, иқтисодиёт ривожига бўлган ишончнинг ортиши туғилишнинг кўпайишига, бу борадаги ноаниқликлар эса туғилишнинг пасайишига олиб келади.
Европада олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Германия, Франция ва Англиянинг Covid-19’дан энг кўп зарар кўрган минтақаларида яшовчи катта ёшдаги инсонлар фарзанд кўришни кечиктиришлари мумкин.
Европанинг шимолий қисмидаги Нидерландия, Норвегия, Дания ва Финландия каби эпидемияга қарши курашда бироз кўпроқ муваффақиятга эришган бой мамлакатларда эса декабр ва январ ойларида туғилиш коэффициентида пасайиш кузатилмаган ёки жуда оз миқдорда кузатилган.
Аслида, буларнинг барчасини дунё бўйлаб туғилиш коэффициентининг ҳатто эпидемиядан олдин ҳам пасайиб боргани доирасида баҳолаш керак.
Агар келажакда меҳнатга лаёқатли одамлар сони камайса, нафақа ёшидаги одамлар сони ортса, солиқ тўловчилар сони камаяди, қарияларни парвариш қилиш ва нафақа харажатлари ҳам ортади.
Бунинг бир ечими эса нафақа ёшини кўтариш ёки нисбатан ёш аҳолига эга мамлакатлардан келувчи мигрантларга чегарани очишдир. Аммо бу ечимларнинг ҳар бири сиёсий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Аксар мамлакатлар туғилиш коэффициентини оширишга ҳаракат қилиб кўрди, аммо унчалик ҳам муваффақиятга эриша олмади. Чунки туғилиш даражаси пасайиб кетгач, аёлларни кўпроқ фарзанд кўришга кўндириш осон кечмайди.
«2009 йилдаги катта таназзулдан кейин туғилиш коэффициенти бироз кўтарилган бўлиши мумкин, аммо у ҳеч қачон инқирозгача бўлган даврдаги даражага қайтмади», дейди профессор Филипп Коэн.
Мавзуга оид
22:58 / 20.05.2025
ЖССТ келажакдаги пандемияларга қарши кураш бўйича янги глобал битимни тасдиқлади
08:49 / 03.04.2025
«Янги пандемия дунёда ҳатто эртагаёқ бошланиши мумкин» — ЖССТ бош директори
10:41 / 13.03.2025
Германия разведкаси: COVID-19 пандемияси Хитойдаги сизиб чиқиш сабабли юзага келган
15:37 / 21.02.2025