Ўзбекистон | 08:18 / 23.03.2021
3299
2 дақиқада ўқилади

Абу Муин Насафий мажмуаси дирекцияси ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Абу Муин Насафий мажмуасини бошқариш ва ободонлаштириш дирекциясини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, дирекцияни ташкил этишдан мақсад – Абу Муин Насафий илмий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, мажмуа бошқарувини ташкиллаштириш ҳамда яхшилаш.

Дирекция Маданият вазирлигининг Қашқадарё вилояти Маданият бошқармаси таркибида ДУК шаклида ташкил этилади.

Қуйидагилар дирекциянинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • ислом илм-фани, хусусан, ақида илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Абу Муин Насафий илмий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш;
  • буюк алломалар ҳаёти ва илмий мероси ҳақида халқчил ва оммабоп рисолалар нашр этиш;
  • мажмуадаги майдонлар, кўчалар, парклар, фавворалар ҳамда бошқа ташқи ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш ишларини ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш;
  • кўкаламзорлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича зарур ташкилий-агротехник ишларни амалга ошириш;
  • игнабаргли ва манзарали ўсимликлар қимматли турларини сақлаш, уларни парваришлаш, жойлаштириш ҳамда сақлаб қолиш ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш, яшил майсаларни сақлаш, уларнинг зараркунандаларига ва касалликларига қарши курашишга доир комплекс агротехника тадбирларини, хизмат кўрсатиладиган ҳудудни янада кўкаламзорлаштириш ва обод қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш;
  • замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларни жорий этган ҳолда, ташқи ёритиш тармоқлари, сунъий суғориш ва фавворалар тизимларини сақлаш ва улардан фойдаланиш.

Қашқадарё вилояти ҳокимлигига мажмуа ҳудудида жойлашган ўсимликларнинг қимматли турлари, фавворалар ва бошқа объектларни хатловдан ўтказиш ва дирекция ихтиёрига ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этиш топширилди.

Қуйидагилар дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

  • Қашқадарё вилояти маҳаллий бюджети;
  • дирекция асосий фаолиятидан тушадиган маблағлар, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар;
  • хайрия маблағлари;
  • қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Мавзуга оид