Жаҳон | 08:49 / 24.03.2021
4064
2 дақиқада ўқилади

НАТОга аъзо давлатлар Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш тўғрисида бир қарорга келолмади

Шимолий Атлантика альянси бош котиби ушбу мамлакатда «сиёсий келишувга эришиш учун тарихий имконият мавжуд»лигини маълум қилди.

Фото: Rahmat Gul/Associated Press

НАТОга аъзо 30 давлат ташқи ишлар вазирлари Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш тўғрисида бир қарорга келолмади. Бу ҳақда сешанба куни Брюсселда альянс мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари учрашувининг биринчи кунидан кейинги матбуот анжуманида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди.

«Бугун биз якуний қарор қабул қилмадик, бироқ ўз қўшинларимиз хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги қарорга келдик», деди у. 

Журналистларнинг НАТОга нима учун қўшинларни олиб чиқиб кетиш тўғрисида қарор қабул қилиш шунчалик қийин бўляпти, деган саволига бош котиб шундай жавоб берди: «Сабаби, бизнинг қароримиз тинчлик жараёнининг боришига боғлиқ бўлади. Биз Афғонистонда сиёсий келишувга эришиш учун тарихий имкониятга эгамиз. Бу келишувга ҳар қачонгидан ҳам яқинмиз. Аммо, шу билан бирга, биз вазиятга реал қарашимиз лозим: музокаралар муваффақиятли бўлишига кафолат йўқ, бу мўрт нарса».

Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб кетиш муаммосини муҳокама қилиш - НАТОга аъзо 30 давлат ташқи ишлар вазирларининг 23-24 март кунлари Брюсселда бўлиб ўтаётган учрашувининг асосий мавзуларидан бири. Вазирлар қарийб 20 йиллик жанговар ҳаракатлардан сўнг НАТО қўшинларини ушбу мамлакатдан олиб чиқиш мақсадга мувофиқлигини муҳокама қилмоқда. 

АҚШнинг «Толибон» ҳаракати билан тузган тинчлик шартномасида Қўшма Штатлар ва НАТО ўз қўшинларини 2021 йил май ойига қадар Афғонистондан олиб чиқиши назарда тутилган. Бироқ, у ердаги ҳарбий вазият ўта кескинлигича қолмоқда, толиблар гуруҳларининг катта қисми 2021 йил баҳорида ҳукумат кучларига қарши амалга ошириладиган ҳужум операцияларига фаол тайёргарлик кўраётганини яширмаяпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид