Жамият | 19:17 / 24.03.2021
43781
6 дақиқада ўқилади

Россияга юборилган мигрантлар муаммоларга дуч келмоқда. Бунга сабаб нима?

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали Россияга ишлагани борган ўзбекистонликлар Kun.uz'га мурожаат қилди. Улар яшаш шароитлари ва маошлар ваъда қилингандек эмаслиги, ходимлар манфаатига зид меҳнат шартномалари тузилаётганини айтишмоқда. Kun.uz ватандошлар мурожаати юзасидан суриштирув олиб борди.

2020 йилнинг ноябрь-декабрь ҳамда жорий йилнинг январь-февраль ойларида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Россияда қурилиш соҳасида ишлашни истаганлар учун танлов эълон қилинди. Унда «ПИК Индустрия» АЖ, «Техстрой» ва «Ант Япи», «СтройКрафт» қурилиш корхоналари иш бериши маълум қилинганди.

Шундан сўнг, босқичма-босқич танловлар ўтказилиб, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари навбат билан Россияга йўл ола бошлади. Хуллас, агентликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўзбек меҳнат мигрантларининг Россияга ишга кетаётганлиги ҳақидаги хабарлар пешма-пеш ёритилди.

Бироқ, бироз вақт ўтгач, Россияга кириб борган меҳнат мигрантларидан Kun.uz’га шикоятлар кела бошлади. Бу борада хориж ОАВлари ҳам мигрантлар дуч келаётган масалаларга доир хабарлар тарқатди. Хусусан, BBC ўзбек хизмати бу ҳақда икки бор хабар берган бўлса, Youtube тармоғидаги Александр Ким каналида мигрантлар ҳуқуқи бўйича юрист Валентина Чупикнинг ўзбекистонликлар билан учрашуви 2 қисмда эълон қилинди.

Валентина Чупик

 Дастлаб, «ПИК Индустрия» АЖ, «Техстрой» каби қурилиш корхоналарининг меҳнат мигрантларига таклифлари қандай бўлганига тўхталсак.

 Таҳририятга келиб тушган ҳужжатларда таъкидланишича, «ПИК Индустрия» АЖ ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига 8 соатдан ҳафтасига 5 кунлик иш куни тартибига 60-100 минг рубль миқдорида иш ҳақи ваъда қилган бўлса, «Техстрой» мутахассисликларга қараб, 60-110 минг рублгача иш ҳақи берилишини билдирган.

Биз билан боғланган меҳнат мигрантларининг барчаси бу гаплар фақат оғзаки айтилганини, танишиш учун берилган айрим қоғозлар имзо қўйдириб олингач, Ўзбекистоннинг ўзидаёқ қайтариб олинганини айтишди.

Биз «ПИК Индустрия» вакили билан Telegram саҳифаси орқали боғланишга ҳаракат қилиб кўрдик, бироқ ушбу корхонада ишлашини таъкидлаган ходим саволларимизни жавобсиз қолдирди.

Хўш, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали Россияга юборилган ватандошлар нимадан норози ўзи?

 Таҳририятга юборилган лавҳалар ва аудиохабарларда карантин вақтидаги яшаш шароитларининг ёмон эканлиги, ходимлар манфаатларига зид бўлган меҳнат шартномалари тузилаётганини таъкидлашди. Айримлари 3 ой мобайнида ишга жалб қилинмаганликларини айтишди. Шунингдек, баъзи пули йўқ муҳожирлар 28 минг рублгача банкдан кредит олишга мажбурланганлиги айтилади. Патент олгандан сўнг, иш берувчи билан меҳнат шартномасини буза олмасликлари, акс ҳолда ватанга депорт қилиниши ҳақида огоҳлантиришлар берилгани хусусида сўз борган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда бўлиб ўтган танлов чоғида ўз ишининг усталари, рус тилини яхши тушунадиган мутахассислар танлаб олинганига қарамай, ёрдамчи ишчи сифатида шартнома қилинган ҳамда уларга 24 минг рубл атрофида иш ҳақи тайинланган.

Россияда меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Валентина Чупик ўзбекистонликлар билан учрашувида мутахассис билан келишувларнинг айрим бандларида мажбурий меҳнат аломатлари борлигини айтган эди.

Фуқаролар Ўзбекистоннинг ўзида агентлик хизматлари учун 245 минг сўм, ПЦР тест учун 240 минг, қон таҳлилига 267 минг сўм тўлаган бўлса, бир томонга авиачипта бир киши учун 4 млн 500 минг сўмга тушган.

 Биз авиачипталарни сотган ва чартер рейсларни ташкил этган «Панорама болалар уйи» МЧЖга боғланиб, улардан қуйидаги саволларга жавоб беришларини сўрадик. Бироқ, нима учундир, рус иш берувчи компанияларининг Ўзбекистондаги вакили ҳисобланган фирмага борган Kun.uz мухбири Анвар Мустафоқулов таҳдидга учради.

Шундан сўнг, «Панорама болалар уйи» МЧЖ раҳбари ўринбосари телефон орқали алоқага чиқиб, ҳар қандай саволга таҳририятнинг Тошкентдаги офисига келиб жавоб беришга тайёр эканликларини маълум қилди. Аммо, учрашув белгиланган вақтга (20 март) фирма вакиллари ташриф буюришмади. Шунга кўра ушбу фирмага аввал ҳам йўлланган саволларимиз ҳамон актуал бўлиб қолмоқда.

 Хўш, меҳнат мигрантлари дуч келган муаммолар бўйича ҳуқуқшунослар қандай фикрда? Ҳуқуқшунос Насим Абдуллаев бу борадаги ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Насим Абдуллаев

Албатта, ҳар бир масалада танганинг иккинчи томони ҳам бўлади. Иккинчи томонни эшитиш эса мавзуни янада кенгроқ тасаввур қилиш имконини беради. Шу мақсадда, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Матбуот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов ҳамда агентлик юридик бошқармаси бошлиғи Камола Шукуровага мурожаат қилдик.

ТММА матбуот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов
ТММА юридик бошқармаси бошлиғи Камола Шукурова

Томонлар фикри ҳамда мигрантлар дуч келаётган муаммолар билан танишдингиз. Биз эса, эътиборингизга ишчиларнинг асосий талабини ҳавола қилмоқчимиз. Улар ўзларига бериладиган иш ҳақи мукофот пули-ю, ортиқча топшириқни бажарганлик учун тўланадиган ҳақ қанча бўлса, барчасининг меҳнат шартномасида қайд этилишини хоҳламоқда. Шартномада 24 минг ёзилиб, мукофот сифатида қўшимча тўлов қилинишини жиддий қабул қилишмаяпти. Чунки, бажарилган иш учун қўшимча тўлов қилиш, режани бажарганлик учун мукофот пули бериш-бермаслик иш берувчининг истагига боғлиқ бўлади.

Демак, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг талаби жуда оддий. Энди буни биргаликда, томонлар музокаралари орқали ҳал қилиш қолган, холос.

Шу ўринда, яна бир жиддий масала кун тартибига чиқадики, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий билимини янада ошириш даркор. Уларни хорижга ташкилий равишда жўнатиш тартибини ҳам танқидий кўриб чиқиш керак бўлади. Ўйлаймизки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги делегациясининг шу ҳафтада Россияга уюштирадиган хизмат сафарида барчаси жой-жойига тушади.

Толиб Раҳматов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид