Жаҳон | 11:25 / 25.03.2021
8187
2 дақиқада ўқилади

Германия Еврокомиссияни «Спутник V» вакцинасини Европа Иттифоқи даражасида харид қилишга чақирди

Расмий Берлин Европа дори-дармон агентлиги (ЕМА) текширгунига қадар Европа Иттифоқи раҳбарияти Россия билан (Гам-Ковид-Вак)  «Спутник V» вакцинасини сотиб олиш борасида музокараларни бошлашини истамоқда. Бу ҳақда Германия ҳукумати вакили 24 март куни маълум қилган.

«Биз Еврокомиссиядан «Спутник V»ни харид қилиш бўйича жараённи бошлашни сўрадик. Еврокомиссия бу борада яшил чироқ беришга ҳозирлик кўрмоқда», дейди вакил.

Вакилнинг сўзларига кўра, Еврокомиссия Европа Иттифоқининг қайси давлатлари «Спутник V»га қизиқиш билдираётганини ўрганмоқда. Бу пировардида Брюссель номидан шартнома тузиш учун Россия тараф билан дозалар адади борасида келишилгунига қадар қилинади. «Музокаралар тез орада бошланишини тўғри деб биламиз», дейди Германия ҳукумати вакили.

Илгарироқ Европа дори-дармон агентлиги (ЕМА)нинг саломатликка таҳдид ва вакцинация стратегияси департаменти бошлиғи Марко Кавалери ташкилот апрел ойида «Спутник V» вакцинасини текшириш учун ўз мутахассисларини Россияга жўнатишини тасдиқлаган эди. Кавалерининг сўзларига кўра, нафақат ишлаб чиқариш, балки клиник синовлар ҳам текширилади.

«Спутник V» вакцинаси Н.Гамалея номидаги эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтган йил 60 ёшгача бўлган 76 нафар кўнгиллида ўтказилган иккинчи фаза синовларидан сўнг рўйхатга олинган. 40 минг кўнгилли иштирок этган 3-фаза эса кейинроқ ўтказилган.

Lancet журналида 2 феврал куни «Спутник V»нинг 19866 киши қатнашган 3-фаза синовларининг илк натижалари эълон қилинди. Мақолада айтилишича, Гамалея номидаги марказ иккинчи доза олинганидан кейин препаратнинг самарадорлиги 91,6 фоиз эканини маълум қилган.

Европа дори-дармон агентлиги (ЕМА) март ойи бошларида вакцинани экспертизадан ўтказиш жараёнини босқичма-босқич амалга оширишга киришди.

Мавзуга оид