Саудия Арабистони Рамазон муносабати билан Ўзбекистонга 50 тонна хурмо совға қилди
Саудия Арабистонининг «Подшоҳ Салмон» номидаги инсонпарварлик ёрдами маркази томонидан Рамазон ойи муносабати билан хайрия сифатида Ўзбекистонга 50 тонна хурмо топширилди. Бу ҳақда «Вақф» хайрия жамоат фонди хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу хайрия ёрдами 23 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси, «Вақф» хайрия жамоат фонди раҳбарлари ҳамда Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари билан бўлган учрашувдан сўнг топширилган.
Хурмоларни Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси Ҳишом ибн Мишъал ибн Сувайлим Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ва «Вақф» хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдураҳмоновга топширди.
«Вақф» фонди ушбу хурмоларни Рамазон ойи арафасида Ўзбекистондаги диний ташкилотлар, масжидлар, диний таълим муассасаларига хайрия сифатида тарқатишни режалаштирилган.