Жамият | 18:03 / 25.03.2021
13544
7 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабзнинг Камар қишлоғидаги ислоҳотни кутаётган мактаб: Қашқадарёда саволларга жавоб берадиган одам борми?

Шаҳрисабз тумани Камар қишлоғида истиқомат қилувчи Жамшид Очилов қишлоқ аҳлини кўпдан буён қийнаб келаётган бир масала бўйича таҳририятга мурожаат қилди.

«Қишлоғимиздаги 53-мактаб аллақачон авариявий ҳолатга келиб қолган. Масъуллар янгиси қурилади, деб ваъда берганига ҳам 3 йил бўлди», дейилади мурожаатда.

Kun.uz мухбири мурожаатни жойида ўрганиш учун Шаҳрисабз тумани «Хитой» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Камар қишлоғига борди.

Йўлда ҳамроҳлик қилган қишлоқ оқсоқоли ва мурожаатчи Ж.Очиловнинг маълум қилишича, туман ХТБ масъуллари аҳолининг мурожаатига уч йилдирки «Бу йил қурилади», дея жавоб бериб келган. Аҳоли ўз ҳудудидан сайланган депутатни танимайди.

Мактабгача етиб бориш туман марказидан деярли 1 соат йўлни олди. Мактабгача элтадиган йўл ўтган тепалик ўйиб қилинган, ҳозир бироз қум-тош тўкилган экан.

1997–2006 йиллар оралиғида 53-мактабда директор лавозимида ишлаган Аҳмад Ғойибов вазият бўйича фикрларини билдирди.

 Кекса педагог Аҳмад Ғойибов

«Мактабнинг эски биноси 1970-йилларда, янги биноси 2000-йилларда қурилган. Ўша вақтда мактабни 160 ўринли қилиб қуриш режалаштирилган эди, лекин 100 ўринлиси битиб, 60 ўринлиси учун фақат пойдевор қуйилган», — дейди меҳнат фахрийси Аҳмад Ғойибов.

Дарҳақиқат, мактабда иккита ўқув биноси мавжуд. 1973 йилда лой-пахсадан қурилган эски бино 60 ўринга мўлжалланган. 2002 йилда пишиқ ғиштдан қурилган иккинчи бино бир сменада 100 нафар ўқувчини сиғдира олади.

1973 йилда қурилгани айтилаётган бинонинг деворлари ёрилиб, ёғочлари чириб кетган. Томлари ва шифтлари кўринишидан талаб даражасида эмас.

Ғалати ҳолат – қайта қурилишга муҳтож, деворлари ёрилиб, йиқилай деб турган бинога иситиш тизими ўрнатилмоқда. Мактабнинг айни чоғдаги директори Холбой Санаев бу ҳолат бўйича изоҳ берди.

53-мактаб директори Холбой Санаев

«Бинонинг иккита хонасида ўқувчи ўқитяпмиз, учинчи хонасида деворлар ёрилиб кетгани сабабли дарс ўтилмаяпти. «Иситиш тизими» дастурга тушгани сабабли қилиб бериляпти», — деди Х.Санаев.

Бинонинг бошқа хоналари ҳам талабга жавоб бермайди. Буржуй печ ўрнатилган. Шифтга бўз қоқилган. Хоналар эса совуқ.

«11 январдан бери иситиш тизими ишламаяпти. Буржуй печ ўрнатдик ҳам, лекин қизимади. Мактабда 223 нафар ўқувчи, 6та синфхона, 13та синф бор», — деди директор.

Мактабнинг 2002 йилда қурилгани айтилаётган биноси ҳам тўла таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Сувоқлари ёрилган, томдан чакка ўтади. Синфхоналарнинг таги бетон, тошлари чиқиб қолган. Захлаб кетган. Хоналар ўтин печлар билан қиздирилган, лекин ўқувчиларнинг оёқлари босиладиган жой намлиги кўриниб турибди. Ўқитувчилар хонасидаги пол эса чўккан.

«Мактабимизда ёпиқ стадион йўқ. Мен ҳам замонавий синфхоналарда яхши ўқишни истайман. Келажакда ҳарбий бўлмоқчиман», — дейди 4-синф ўқувчиси Шоҳрух Исмоилов.

Мактабда информатика хонаси мавжуд. Хона 20та замонавий компьютер билан таъминланган. Информатика фани ўқитувчиси, ўқув-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Сирожиддин Тиллаев ёмғир ёғган чоғларда компьютерларни бир четга йиғиб қўйишга тўғри келаётганини айтиб ўтди.

«Бир ярим йилдан бери директор ўринбосариман. Унгача информатика хонасига масъул бўлганман. Мактабимизда замонавий компьютерлар етарли. Фақат 20та компютерга мос хона йўқ. Қолаверса, баҳорда чакка томади, деворлар зах», дейди у.

Директор Холбой Санаев 31 нафар ўқитувчи учун етарли шароит йўқлигини ҳам таъкидлаб ўтди.

«Ўқитувчилар хонаси ҳам кичик, пол чўккан. Аслида ўқитувчилар хонаси мавжуд эмаслиги учун ўринбосаримнинг кичик хонасидан фойдаланяпмиз», — деди директор.

30 йилдан буён мактабда бошланғич таълим ўқитувчиси бўлиб ишлаётган Ғайрат Доверовнинг сўзларига кўра, янги қурилган бино қарийб 20 йил ичида авариявий аҳволга келиб қолган.

«Биз ҳам замон талабларига жавоб берадиган илғор ва барча шароитларга эга синфхоналарда дарс беришни хоҳлаймиз», — дейди ўқитувчи.

«Юқори идораларга мурожаат қилдим. 2021 йилда дастурга киритамиз, дейишди. Спорт зал, 120 ўринли мактаб қурамиз, дейишди. Вилоятга чиқдик, улар туман ХТБ таклиф бермаган дейишди. Халқ таълими вазирлигига қадар қўнғироқ қилганман. 2017 йилдан бери ҳеч қандай натижа йўқ», — дейди камарлик Жамшид Очилов.

Томдан чакка ўтгани учун мактабнинг чордоқ қисмига ҳам чиқиб кўрдик. Аҳвол жуда ёмон. Кўп йиллар давомида нарсалар сақланадиган жойга айлантирилган. Шиферларнинг аксари синган. Орасини ёпиши керак бўлган тунукалар эса аллақачон йўқ.

Мактабнинг аҳволини кузатар эканмиз, ҳудуддан сайланган депутат ҳақида сўрадик. Қарангки, қишлоқнинг аксар аҳолиси уни танимаслиги маълум бўлди. Кўп ўтмай депутат ҳам етиб келди.

«Аҳоли мурожаати бўйича 53-мактабни кейинги йилларда қуриш учун инвестиция дастурига киритиш бўйича 2020 йил октябр ойида Шаҳрисабз туман Халқ таълими бўлимига депутатлик сўрови жўнатганман. Менга мактаб 2021 йилги дастурга киритилгани ҳақида жавоб хати берилган. Агар дастурга киритилмаган бўлса тегишли ташкилотларга мурожаат қиламиз», — дейди 22-сайлов округидан халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган депутат Илҳом Юсупов.

Туман Кенгаши депутати Илҳом Юсупов

Мактабда очиқ стадион бор, бироқ ёғингарчилик кунлари спорт билан шуғулланиш учун спорт зал йўқ экан.

Шаҳрисабз туман Халқ таълими бўлими ушбу мактаб ҳақида маълумот тақдим этди. Маълум қилишларича, туман ҳокимлиги тавсиясига кўра 2021 йилда 100 ўринли ўқув биносини мукаммал таъмирлаш, 60 ўринли лой пахсадан қурилган бинони бузиб, ўрнига 120 ўринли янги ўқув биноси қуриш бўйича таклиф берилган.

Қашқадарё вилоят Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати билан боғланганимизда 2021 йилда қайта қуриладиган ва таъмирланадиган мактаблар рўйхатида Шаҳрисабз туманидаги 53-мактаб мавжуд эмаслигини маълум қилишди.

Хуллас, мактабнинг бугунги ҳолати зудтар лой-пахсалик эски бинони бузиб, дастур асосида қайта қуришни талаб этмоқда. Хўш, Камар қишлоғида янги мактаб биноси қуриладими?

Бу саволга асосли жавоб ва муносабат кутиб қоламиз.

Ўролжон Камолов, Kun.uz мухбири.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид