Фан-техника | 11:30 / 26.03.2021
33104
2 дақиқада ўқилади

KIA автомобиллари биринчи эгаларига топширилмоқда

Жиззах вилоятида йиғилиши йўлга қўйилган KIA K5 автомобиллари 26 март куни биринчи эгаларига топширилди.

2020 йил ноябрдан бошлаб «Жиззах» эркин иқтисодий зонасидаги ADM-Jizzakh заводида учта комплектациядаги Seltos кроссовери ва бешта комплектациядаги К5 седанини йиғиш бошланиши хабар қилинганди.

Аввалроқ илк мижозларга автомобиллари 31 мартгача етказилиши кутилаётгани билдирилган, Ўзбекистондаги KIA Motors автосалони савдо бўлими ходими Раҳматилла Назаров Kun.uz'га айни пайтда мингтага яқин автомобил тайёр ҳолатда эканлигини маълум қилганди.

«KIA автомобилининг Seltos кроссовери ва бешта комплектациядаги K5 седан маркаларини Ўзбекистонда йиғиш бошланган. Ҳозирда мингга яқин машина тайёр. Уларга харидорлар тўлов қилишган. Автомобиллар яқин кунларда савдога чиқарилади. Олиб келиниши режалаштирилган бошқа янги моделлар ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ. Машиналарга 5 йил кафолат берилади», – деган Р. Назаров.

KIA K5 автомобиллари 5 хил комплектацияда йиғилиб, нархи 259,9 млн сўмдан 386,9 млн сўмгача этиб белгиланган.

2020 йил 5 октябр куни, KIA компанияси моделлари расман тақдим этилганида Roodell компаниясининг бош директори Дониёр Давлетияров Ўзбекистонда KIA русумидаги автомобиллар Россиядагига қараганда қимматроқ бўлиши сабабига изоҳ берганди.

«Бизнинг нархларимиз Россиядаги нархлардан фарқ қилишининг асосий сабаби, бизда мутлақо Россияники бўлмаган комплектациялардир. Биз эҳтиёт қисмларни Россиядан эмас, балки Корея Республикасидан олиб келамиз. Бизнинг мақсадимиз опционал бой бўлган замонавий маҳсулот тайёрлаш эди. Агар Россиядаги автомобиллар 1,6 литрли двигатель ва механик узатмалар қутиси билан бошланса, Ўзбекистонда фақат вариатор қутисига эга бўлган 2 литрли двигатель мавжуд», - деган Давлетияров.

Мавзуга оид